МУРАККАБ ИШТИРОКЧИЛИК ДЕБ - икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб қасддан жиноят содир этишига айтилади.
УЮШГАН ГУРУҲ ДЕБ ЭСА - икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашишига айтилади.
Ушбу иштирокчилик шаклининг ўзига хос белгиси биргаликда жиноят содир этаётган шахсларнинг мақсадига қараб аниқланади. Яъни иштирокчилар битта жиноят содир этиш эмас, балки икки ёки ундан ортиқ марта жиноятлар содир этишади ёки содир этишни мақсад қилишади.
ЖИНОИЙ УЮШМА ДЕБ - икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашишига айтилади.
Яъни жиноят фаолият билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳларнинг бирлашишидан ҳосил бўлган жиноий ташкилот тушунилади.
Жиноий уюшма тузишнинг ўзи жиноят қонуни билан тақиқланган ўта оғир жиноят ҳисобланиб, тегишлича ЖК 242- моддаси бўйича жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Олдиндан тил бириктирган гуруҳ (мураккаб иштирокчилик), жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари бевосита қатнашган барча жиноятлари учун жавобгарликка тортиладилар.
ЖК 30-моддасига кўра, ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ЖК Махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортишни назарда тутадиган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят иштирокчиси қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.
Жиноий уюшма ёки уюшган қуролли гуруҳнинг бошқа (жиноий уюшмани тузишда иштирок этмаган ёки раҳбарлик қилмайдиган) аъзолари фақатгина ўзлари бевосита содир этган жиноятлари учунгина жавобгар бўладилар.
Уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки уларга раҳбарлик қилган шахслар – жиноий уюшма ёки қуролли уюшган гуруҳ ташкил этганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилишлари билан бирга, шу гуруҳ ёки уюшма содир этган барча жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлсагина, жавобгарликка тортиладилар.
Бажарувчининг ҳаракатларида жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлса, уни умумий асосларда жиноий жавобгарликка тортишга ва ЖК Махсус қисм моддаси санкциясида назарда тутилган доирада жазо чорасини тайинлашга сабаб бўлади.
Ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчининг ҳаракатлари эса - бажарувчининг ҳаракатлари квалификация қилинган модда билан квалификация қилинади. Фақатгина ушбу ҳолатда ЖК Махсус қисм моддасини ЖК 28 – моддасига ҳавола қилган ҳолда квалификация қилиниши лозим бўлади.
Масалан: иштирокчиликда қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилган бўлса, бажарувчидан ташқари бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатлари қуйидагича квалификация қилинади:
Бажарувчининг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси тегишли қисми ва бандлари билан;
Ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчининг ҳаракатлари эса, ЖК 28,97-моддасининг тегишли қисми ва бандлари билан квалификация қилинади.
Агарда, бажарувчи жиноятга тайёргарлик кўрганлик ёки суиқасд қилганлик босқичида тўхтатилган бўлса, бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатлари ҳам ушбу жиноятни содир этишга тайёргарлик кўриш ёки суқасд қилиш деб квалификация қилинади.
Бу ҳолатда иштирокчиларнинг ҳаракатлари қуйидагича квалификация қилиниши лозим:
Бажарувчининг ҳаракатлари ЖК 25,97-моддаси тегишли қисми ва бандлари билан.
Ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчининг ҳаракатлари эса, ЖК 28,25,97-моддасининг тегишли қисми ва бандлари билан квалификация қилинади.
Иштирокчиларнинг барчаси фақатгина ўзлари иштирок этган ва умумий қасди билан қамраб олинган қилмишлари учунгина жавобгар бўладилар.
Иштирокчиларнинг умумий қасди билан қамраб олинмаган қилмишни содир этган иштирокчи содир этган қилмиши учун фақат ўзи жавобгар бўлади ва экцесс бажарувчи деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |