6.1.2-расм.
Оқ коррупция - бунга нисбатан жамоатчилик фикрида розилик мавжудлигини: бу ҳаракатлар қораланмаслигини, улар моҳиятига кўра менталитетга сингиб кетганлигини ҳамда муаммо сифатида идрок этилмаслигинини англатади.
Қора коррупция - бунда коррупцион алоқалар жамиятнинг барча қатламлари томонидан қораланади.
Кулранг коррупция - коррупция борасида бирон бир розилик мавжуд бўлмаган амалиётлардир. Айнан кулранг коррупция атрофида жанжаллар юзага келади
Мамлакатда коррупция ҳолатларининг кўпайиши бир томондан жамиятда кучли иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарса, иккинчи томондан аҳоли ўртасида маънавий кризисни вужудга келтиради. Бу ҳолат ўз-ўзидан ишсизлик, адолатсизлик, қашшоқликнинг келиб чиқишига ва натижада жамиятда дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги мувозанатнинг бузилишига, яъни диний экстремизм ва терроризм тарафдорларининг кўпайишига замин яратади. Социологларнинг олиб борган тадқиқотлари натижасига кўра дин ниқобидаги экстремизм жамиятда тобора авж олаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда:
- аҳоли турмуш даражасининг пасайиши;
- ёшлар орасида ишсизлар сонининг кескин ошиши;
- иш ҳақи ва бозордаги нарх-навонинг номувофиқлиги ҳамда озуқа сифатининг пастлиги;
- айрим ҳудудларда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги ёки мавжуд эмаслиги, шунингдек, таълим олиш ва соғлиқни сақлаш имконининг чекланганлиги;
- аҳоли орасида саводсизлик даражасининг юқорилиги;
- яшаш шароитларининг пастлиги;
- адолатли солиқ тизимининг мавжуд эмаслиги каби муаммолар шулар жумласидандир32.
Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб бежиз таъкидламаганлар33.
Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, уларнинг барчасида ушбу сўз коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришгандан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири эканлиги барчамизга маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |