3-боб. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари нархларини шакллантириш, даромадлар ва харажатларни режалаштириш 13. Давлат мактабгача таълим муассасаси томонидан кўрсатилиши режалаштирилаётган қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари турлари ҳамда улар учун белгиланадиган тўловлар миқдори мактабгача таълим муассасасининг кузатув кенгаши йиғилишида муҳокама қилиниши шарт.
14. Давлат мактабгача таълим муассасалари томонидан кўрсатиладиган қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларининг нархлар прейскуранти тегишли туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими билан келишилган ҳолда мактабгача таълим муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади.
15. Кўрсатилган хизматларнинг таннархи Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган “Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ аниқланади.
16. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларни таннархини калькуляциялашда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, иш ҳақидан ажратмалар, қўшимча пуллик таълим-тарбия гуруҳини сақлаш билан боғлиқ бошқа харажатлар (канцелярия моллари, тарқатма материаллар ва бошқа тегишли харажатлар) ҳисобга олинади.
Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларни таннарх калькуляцияси ҳар бир пуллик қўшимча таълим-тарбия хизмати тури бўйича мазкур услубий қўлланманинг 2-иловасига мувофиқ шаклда туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати мутахассислари (иқтисодчиси) томонидан ишлаб чиқилади.
17. Давлат мактабгача таълим муассасаси томонидан кўрсатиладиган қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларининг нархлар прейскуранти мактабгача таълим муассасасининг раҳбари ҳамда тегишли туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими мудири томонидан икки томонлама тасдиқланади.
18. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларининг тасдиқланган прейскурант нархлари мактабгача таълим муассасасининг барча шахслар кириши ва кўриши мумкин бўлган жойда (жойларда) эълонлар тахтасига осиб қўйилади.
19. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш учун даромадлар
ва харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвали Адлия вазирлигида 2014 йил 15 декабрда 2634-сон билан рўйхатга олинган “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган шакллар ва талаблар асосида ишлаб чиқилади.
20. Даромадлар ва харажатлар сметаси режалаштирилаётган хизматлар ҳажми ва уларни бажариш харажатлари, тасдиқланган нархлар ва тарифлардан келиб чиққан ҳолда туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлим марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати мутахассислари (иқтисодчиси) томонидан тузилади ва тегишли давлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.
21. Агар молия йили мобайнида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматларидан олинадиган даромадлар режалаштирилган тушумларга нисбатан камайса ёки кўпайса, давлат мактабгача таълим муассасаси харажатларни тегишли миқдорга мустақил равишда камайтиради ёки кўпайтиради.
22. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар давлат мактабгача таълим муассасасининг Ривожлантириш жамғармаси бўйича шахсий ғазна ҳисобварағида (4001….) жамланади ва харажатлар амалга оширилади.
23. Давлат мактабгача таълим муассасасининг Ривожлантириш жамғармаси бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига (4001….) қўшимча пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича умумий харажатлар қоплангандан кейин:
80 фоизи – мактабгача таълим муассасаси ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда мактабгача таълим муассасаси моддий-техника базасини яхшилашга (таъмирлаш, инвентарь ва ускуналар, ўқув-услубий материаллар сотиб олиш ва бошқалар);
10 фоизи – Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасига;
5 фоизи – тегишли туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига;
5 фоизи – Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
24. Қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлар ҳисобига даромадлар олиш бўйича фаолиятни амалга ошириш пайтида давлат мактабгача таълим муассасалари қуйидагиларга амал қилишлари лозим:
Амалдаги қонун ҳужжатларидан ёки улар томонидан тузилган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
ўриндошлик асосида жалб этилган ходимлар билан ҳисоб-китобларни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш;
хавфсизлик, экология, санитария, гигиена ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш;
амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш;
тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимига ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этиш.