1-§. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллашнинг умумий шартлари
1. Ходим томонидан ички ишлар органларига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида жисмоний куч ишлатиши, ўқотар қурол ва махсус воситаларни қўллаши ушбу Йўриқномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.
2. Ички ишлар органи ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроклилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт.
3. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тайёргарлик якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Жазони ижро этиш бош бошқармаси, «Қўриқлаш» республика бирлашмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Транспортдаги ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Шахсий таркиб билан ишлаш хизматлари, таълим муассасалари бошлиқлари (ўринбосарлари), Қоровул қўшинлари қўмондони ва ҳарбий қисм командирлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификат берилади.
Сертификатга эга бўлган ходимга хизмат вақтида жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалардан фойдаланиш ва ўқотар қуролни қўллашга рухсат этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ва Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти муддатли ҳарбий хизматчилари учун сертификат бошланғич ҳарбий тайёргарлик курси якунлари бўйича қисм командирлари ва билим юрти бошлиғи томонидан берилади.
5. Хизмат ва жанговар тайёргарлик бўйича ўкув йили якунида синовларни ижобий топширган ва тиббий кўрик натижалари бўйича хизматга яроқли деб топилган ходим жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатлари бўйича даврий текширувдан ўтган ҳисобланади.
6. Даврий текширувидан ўта олмаган ходим эгаллаб турган лавозимига мувофиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади. Аттестациядан ўтказилгунга қадар ходимга куч ишлатиш, ўқотар қурол ва махсус воситаларни қўллаши эҳтимоли юқори бўлган шароитлар билан боғлиқ вазифалар юклатилмайди.
7. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қуролни қўллашдан аввал ходим уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган ҳолда огоҳлантиради, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.
8. Ходим, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўкотар қуролни қўллаш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўкотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.
9. Махсус операцияларни ўтказиш даврида махсус воситаларни ва ўқотар куролни қўллаш тўғрисида давлат тилида (зарур ҳолларда бошқа тилларда) овоз кучайтириш мосламаларидан фойдаланиб огоҳлантирилгандан сўнг қўлланилади.
10. Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар курол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, уларнинг қариндошлари йигирма тўрт соат ичида бу ҳакда хабардор қилиниши лозим.
11. Хизмат мажбуриятларини бажариш давомида жисмоний куч ишлатган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллаган ходим ушбу ҳолат юзасидан бевосита бошлиғи (командири)га дарҳол ахборот беради.
12. Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ва ўкотар курол қўлланилганлиги натижасида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғига ёки жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органлари раҳбари томонидан дарҳол ҳудудий прокурорга хабар берилади ва ваколатли раҳбар томонидан хизмат текшируви тайинланади.
Хабарномада қаерда, қачон, кимга қарши, нима сабабдан ёки кимнинг кўрсатмаси билан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилганлиги кўрсатилиши лозим.
13. Ходим томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ёки ўқотар қуролни қўллаш Ўзбекистон Республикасининг қонун хужжатлари ва ушбу Йўриқномада белгиланган асослар ва тартибда амалга оширилган деб топилса, у жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
14. Ходим томонидан жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши оқибатида фуқарога тан жароҳати етказилса ёки у ҳалок бўлса, ходим ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақаашга қаратилган чораларни кўриши шарт.
15. Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ходим ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |