Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
саноат чиқиндиси бўлган техник ва оқова сувлар экологик тоза адсобент - глауконит асосида юмшатилди ва тозаланди, тозаланган технологик сув турли ишлаб чиқариш соҳаларида қўлланилди;
саноат чиқиндиси бўлган техник ва оқова сувларни экологик тоза адсорбент ёрдамида қайта ишлаш технологияси яратилган ва вақтинчалик технологик регламент ишлаб чиқилган;
саноат корхоналари оқова сувларини модификацияланган глауконит асосида тозалашнинг оптимал шароитлари аниқланган;
модификацияланган глауконит асосида тозаланган оқова сувлар саноатнинг турли соҳаларида айланма технологик сув сифатида қўллланган;
яратилган технология бўйича дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга кўра, “ЖИЗЗАХ ПЛАСТМАССА” АЖ нинг бир ойда фойдаланиладиган техник сувини қайта ишлаб, айланма технологик сув сифатида фойдаланиш натижасида 156 млн. сўм фойда олинган ва энг асосийси 60 000 м3 ичимлик суви тежаб қолинган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги.Кимёвий ва физик-кимёвий таҳлил натижаларининг назарий ҳисоб-китобларга мос келиши ва тажриба-саноат синовидан ўтганлиги билан тасдиқланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти.Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти шундан иборатки, оқова сувларни модификацияланган глауконит асосида юмшатишда ва тозалашда жараёнининг самарали бориши глауконитнинг модификацияланиш жараёни шароитларига, оқова сувнинг таркибига ва мухит рН га узвий боғлиқлиги изоҳланди.
Саноат корхоналари техник ва оқова сувларини модификацияланган глауконит ёрдамида қайта ишлаб, улардан айланма сув сифатида фойдаланиш учун ўрнатилган талабларга жавоб берадиган техник сув олиш технологияси ишлаб чиқилди.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Саноат корхоналари техник ва оқова сувларини қайта ишлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
яратилган техник ва оқова сувларини табиий минераллардан олинган фаоллаштирилган глауконит асосида қайта ишлаш технологияси «ЖИЗЗАХ ПЛАСТМАССА» АЖ ишлаб чиқариш корхонаси шароитида амалиётга жорий қилинган («ЖИЗЗАХ ПЛАСТМАССА» АЖ нинг 2020 йил 22 декабрдаги далолатномаси). Натижада корхона техник сувлари қайта ишланиб, ўрнатилган талабларга жавоб берадиган технологик айланма сув олиш имконини берган, йилига 60 000 м3 ичимлик суви тежалишига олиб келган.
Саноат оқова сувларини экологик тоза адсорбент ёрдамида қайта ишлаб олинган технологик сув, “POLIMER PLAST” МЧЖ ишлаб чиқариш шароитида амалиётга жорий қилинган (“POLIMER PLAST” МЧЖ нинг 2020 йил 28 декабрдаги далолатномаси). Натижада йилдан йилга муаммо бўлиб бораётган тоза ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш ва корхонани ўрнатилган талабларга жавоб берадиган технологик айланма сув билан таъминлаш имконияти туғилган.