тан олинган солиқ қарзи — солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома берилган санадан бошлаб ўн календарь кун ичида солиқ тўловчи томонидан эътироз билдирилмаган қарз ёки суд қарори билан тасдиқланган қарз;
хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси — солиқ (пеня, жарима) суммасини тўлаган шахсни ва (ёки) ушбу тўловнинг мақсадини қатъий аниқлаш имкониятини бермайдиган тўлов чоғида хатоликка йўл қўйилган солиқ (пеня, жарима) суммаси. Қайси солиққа (пеняга, жаримага) нисбатан уни тўлаган шахс солиқ тўловчи деб ҳисобланмайдиган шахсдан ёки тўланиши лозим бўлган бюджетдан бошқа бюджетга келиб тушган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳам хатолик билан тўланган деб эътироф этилади;
умидсиз қарз — суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёхуд банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарз.
5-боб. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи 61-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи Солиқ тўловчиларнинг хўжалик фаолияти бўйича жами молиявий натижасини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғини (бундан буён матнда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи деб юритилади) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мақсадида, ушбу Кодексда назарда тутилган тартиб ҳамда шартларда тегишли шартнома асосидаги ихтиёрий бирлашмаси солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисида тузилган амалдаги шартноманинг тарафи бўлган ва ушбу Кодексда бундай гуруҳ иштирокчилари учун назарда тутилган барча шартларни қаноатлантирадиган юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ зиммасига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти юклатилган иштирокчи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси деб эътироф этилади.
Кўрсатилган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга оид ҳуқуқий муносабатларда, фойда солиғини тўловчилар каби, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси шундай ҳуқуқларни амалга оширади ва мажбуриятларни зиммасига олади.
Олдинги таҳрирга қаранг. Ушбу Кодексга ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузилган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатдир.
(61-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)