6-боб. Солиқларнинг элементлари
69-модда. Солиқларнинг элементлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда солиқнинг барча элементлари аниқлаб қўйилган тақдирдагина ушбу солиқ белгиланган деб ҳисобланади.
(69-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Бундай солиқ элементларига қуйидагилар киради:
1) солиқ солиш объекти;
2) солиқ базаси;
3) солиқ ставкаси;
4) солиқ даври;
5) солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби;
6) солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;
7) солиқни тўлаш тартиби.
Солиқни белгилашда солиқ имтиёзлари ва уларнинг қўлланилиши учун асослар назарда тутилиши мумкин.
70-модда. Солиқ солиш объекти
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ солиш объекти мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижаси ёки қиймат, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолат бўлиб, у мавжуд бўлганда солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ тўловчида солиқ мажбуриятини вужудга келтиради.
(70-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ҳар бир солиқ ушбу Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ белгиланадиган мустақил солиқ солиш объектига эга бўлади.
71-модда. Солиқ базаси
Солиқ базаси солиқ солиш объектининг қиймат, физик ёки бошқа хусусиятини ифодалайди.
Ҳар бир солиқ учун солиқ базаси ва уни аниқлаш тартиби ушбу Кодекс билан белгиланади.
72-модда. Солиқ ставкаси
Солиқ ставкаси солиқ базасининг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган солиқнинг фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорини ифодалайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ ставкалари ушбу Кодекс билан белгиланади. Акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
(72-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(72-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан 2021 йил 1 январдан чиқарилади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |