463-модда. Солиқ солиш объекти
Ушбу Кодекснинг 43-бобига мувофиқ аниқланадиган жами даромад солиқ солиш объектидир, бундан ушбу Кодекснинг 304-моддасига мувофиқ, ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда солиқ солиш чоғида инобатга олинмайдиган даромадлар мустасно.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 43-боби, 304-моддаси.
Солиқ солиш мақсадида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад деганда қуйидагилар тушунилади:
қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун — ўз кучлари билан бажарилган, тегишинча қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини реализация қилишдан олинган даромадлар. Бунда, агар юқорида қайд этилган хизматларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти шартномага биноан буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, ўз кучлари билан бажарилган хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадлар бажарилган ҳамда тасдиқланган хизматларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги даромади сифатида белгиланади;
мол-мулкни молиявий ижарага (лизингга) берувчи юридик шахслар учун — молиявий ижара (лизинг) бўйича фоизли даромад суммаси;
воситачилик ва топшириқ шартномалари ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар учун — кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси;
товарларни (хизматларни) текин берувчи юридик шахслар учун — агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, товарларнинг (хизматларнинг) таннархи ёки уларни олиш баҳоси (товарни олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда). Мазкур норма экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига бепул бериладиган товарларга (хизматларга) нисбатан татбиқ этилмайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(463-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон)
Солиқ солиш объекти бўлиб қуйидагилар ҳам ҳисобланади:
1) товарларни (хизматларни) қуйидагиларга:
а) иштирокчилар таркибидан иштирокчи чиққан (чиқиб кетган) тақдирда ёхуд унинг юридик шахсдаги улуши камайтирилганда ёки юридик шахс томонидан иштирокчидан унинг ушбу юридик шахсда иштирок этиш улуши (улушнинг қисми) қайтариб сотиб олинганда ушбу иштирокчига бериш;
б) юридик шахс бўлган эмитент томонидан акциядордан ушбу эмитент чиқарган акциялар қайтариб сотиб олинганда акциядорга бериш;
в) юридик шахс тугатилганда акциядорга ёки иштирокчига бериш;
2) товарларни (хизматларни) жисмоний шахс меҳнатига ҳақ тўлаш ҳисобидан ёки дивиденд тўлаш ҳисобидан бериш;
3) товарларни ёки бошқа мол-мулкни қайта ишлаб бериш учун бериш, агар товарлар ва (ёки) мулк қайта ишлаш маҳсулоти сифатида шартномада белгиланган муддатда қайтарилмаган бўлса;
4) кўп марта айланадиган, сотувчига қайтарилиши шарт бўлган идишларни, агар идиш маҳсулотни шундай идишда етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатда қайтарилмаган бўлса, бериш.
Товарларни (хизматларни) олиш ҳуқуқини тақдим этувчи ваучерларни реализация қилиш ёки бепул бериш мазкур товарларни (хизматларни) реализация қилиш деб эътироф этилади.
Узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар ушбу Кодекснинг 303-моддасида назарда тутилган тартибда жами даромад таркибига киритилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 303-моддаси.
Баланснинг валюта ҳисобварақларини қайта баҳолаш чоғида курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги сальдо солиқ солиш объекти деб эътироф этилади. Курсдаги салбий фарқнинг суммаси курсдаги ижобий фарқ суммасидан ортиқ бўлган тақдирда ошиб кетган сумма айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ базасини камайтирмайди.
Солиқ тўловчилар томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёхуд қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлаш даврида айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтгунига қадар олинган даромадлар жами даромадга киритилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |