462-модда. Айланмадан олинадиган солиқни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлаш ўрнига айланмадан олинадиган солиқ (бундан буён ушбу бўлимда солиқ деб юритилади) тўлашни назарда тутадиган махсус солиқ режимини танлашга ҳақли.
Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар айланмадан олинадиган солиқ тўлашга навбатдаги солиқ давридан бошлаб ўтишга ҳақли. Айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчилар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиши тўғрисида солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда, бироқ айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтилаётган навбатдаги солиқ даври бошланишига қадар ўн кундан кечиктирмай хабардор қилади.
Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 2-бандида кўрсатилган солиқ тўловчиларнинг солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошганда, агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқнинг ошиб кетган суммасидан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтади.
Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 2-бандида кўрсатилган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ўрнига қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли. Солиқ солиш тартибини танлаш учун якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органига товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари юз миллион сўмдан ошган санадан беш кундан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда билдиришнома юборади.
Билдиришнома ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган муддатларда тақдим этилмаганда якка тартибдаги тадбиркор айланмадан олинадиган солиқ тўлайди.
Янги ташкил этилган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида танланган солиқ солиш тартибини кўрсатиш орқали айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга.
Юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни қўллашни ушбу Кодекснинг 237-моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ва бир вақтнинг ўзида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни рад этишга доир ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ихтиёрий равишда рад этишга ҳақли.
LexUZ шарҳи Қаранг: мазкур Кодекснинг 237-моддаси. Қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган солиқ тўловчилар, башарти жорий солиқ даври якунлари бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромадлари бир миллиард сўмдан ошмаган бўлса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга камида ўн икки ойдан кейин қайта ўтишга ҳақли.
Солиқ даври давомида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади бир миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар бундай ошиш рўй берган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар, 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда бир миллиард сўмга тенг суммадан ошса, у ҳолда бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатувчи солиқ тўловчилар, шу жумладан телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадни реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг. Бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, уларни самарасиз фойдаланаётганлиги бўйича хулоса чиқарилган ойдан кейинги ойнинг санасидан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
(462-модданинг ўн иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Олдинги таҳрирга қаранг. Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари бўлган юридик шахслар, инвестицион лойиҳанинг амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса беришга ваколати бўлган ваколатли органнинг хулосаси чиқарилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
(462-модданинг ўн учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Олдинги таҳрирга қаранг. Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобидан объектлар қурилишини (бундан жорий ва капитал таъмирлаш мустасно) бажарувчи юридик шахслар бундай қурилишга доир шартнома тузилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
(462-модданинг ўн тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Олдинги таҳрирга қаранг. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қайси сана олдинроқ келишига қараб импорт шартномаси тузилган ёки товарлар олиб кирилган (импорт қилинган) санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади.
Ушбу Кодекс 461-моддаси иккинчи қисмининг 2, 4, 5, 9 ва 11-бандларида назарда тутилган шахслар тегишли рухсатномаларни (лицензияларни) олган ёки ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида ваколатли органни хабардор қилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади.
Қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчи юридик шахсларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинлари мавжуд бўлган тақдирда, улар кўрсатилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ёки ушбу ер участкасининг майдони ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахс бўлган оддий ширкат иштирокчиси оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича оддий шериклик шартномаси тузилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Бозорлар ва савдо комплекслари, нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан, бюджет ташкилотлари эса ташкил топган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик хизматлари кўрсатиш учун шартнома тузилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади.
(462-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан ўн бешинчи — йигирманчи қисмларбилан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Солиқни тўлаш солиқ тўловчини қуйидагилардан озод этмайди:
ушбу Кодекс билан унинг зиммасига юклатилган солиқ агентининг мажбуриятларини бажаришдан;
агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура тақдим этиш, харидларни ҳисобга олиш китобини ва сотишларни ҳисобга олиш китобини юритиш мажбуриятидан.
LexUZ шарҳи Қаранг: мазкур Кодекснинг 461-моддаси.