426-модда. Солиқ солиш объекти
Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг (бундан буён ушбу бобда солиқ деб юритилади) солиқ солиш объектидир.
Қуйидаги ер участкалари солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайди:
1) нотижорат ташкилотлари томонидан нотижорат фаолияти доирасида фойдаланиладиган ерлар;
2) аҳоли пунктларининг, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, шахобча йўллар, суғориш тармоқлари, коллекторлар, соҳил бўйи ерлари ва бошқа шу каби умумий фойдаланишдаги ерлар);
3) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари эгаллаган ерлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
4) аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, хиёбонлар, аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун белгиланган жойлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);
(426-модда иккинчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
5) давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат табиат ёдгорликларининг, буюртма қўриқхоналарнинг (бундан овчилик хўжаликларида ташкил этиладиган буюртма қўриқхоналар мустасно), табиий питомникларнинг, давлат биосфера резерватларининг, миллий боғларнинг ерлари;
6) соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар – тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган, профилактика ҳамда даволаш ишларини ташкил этиш учун қулай табиий шифобахш омилларга эга бўлган ер участкалари;
7) рекреация аҳамиятига молик ерлар – аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга берилган ер участкалари;
8) тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар – тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос объектлари, хотира боғлари эгаллаган ер участкалари;
9) гидрометеорология ва гидрогеология станциялари ҳамда постлари эгаллаган ерлар;
10) юридик шахс балансида бўлган ва фуқаро муҳофазаси ҳамда сафарбарлик аҳамиятига молик алоҳида жойлашган объектлар эгаллаган ерлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
11) коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (дафн этиш жойлари, маиший, қурилиш ва бошқа чиқиндиларни йиғиш, қайтадан ортиш ва саралаш жойлари, шунингдек чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда утилизация қилиш жойлари);
(426-модда иккинчи қисмининг 11-банди Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12) кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналар эгаллаган ерлар, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари, бундан яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно;
(426-модда иккинчи қисмининг 12-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ-773-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2022 й., 03/22/773/0461-сон)
13) сув фонди;
14) захиралар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
15) геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишларини ўтказиш учун ажратилган ер участкалари.
(426-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан 15-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ер участкалари хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдаланилса, улар ушбу бобда белгиланган тартибда солиқ солиш объекти ҳисобланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 25-моддаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |