САФАР
(ҳикоя)
Биринчи сафар
Тинч уммони вазмин чайқалади. Чексиз масофалар ўз қаърига сир яширган янглиғ узанган: улар бир вақтнинг ўзида ҳам ўз бағрига чорлайди, ҳам ундан итаради. Ҳозир эса сув юзасини қалин оқиш туман қоплагани боис қайиқдан туриб қаралганда бурун остинигина кўз илғайди: икки қулоч нарида нима бор, кошки билиб бўлса...
Қайиқ ичи балиқларга лиқ тўлган эса-да, балиқчилар тўрларини яна сувга ташлаган кўйи тек қотишган. Тушиб қолган вазиятларида бошқа нимаям қўлларидан келарди, дейсиз. Бор-йўқ қиладиган ишлари кутиш бўлгандан кейин кутишади-да. “Кимни, нимани?”, дейсизми. Қуёшни!.. Қуёш зич туман кўксини чок-чокидан сўкканча уларга йўл кўрсатиши керак ҳали. Йўқса, адашиб, Оролга душман томондан бориб қолишса, ҳолларига маймунлар тугул, қайиқда потирлаб ётган манави чалажон балиқлар ҳам думларини ликиллатиб кулиб қолишлари ҳеч гапмас. Аслида, кулиш - шуларнинг ҳаққи. Жонларидан роса алам ўтиб турибди-да ўзиям шу тобда. Алам қайиқдаги одамлардан етди. Маймунлар эса... ўҳ-ҳўў, маймунлар узоқда – нақ оролда: улар кўрмасликлари мумкин. Қолаверса, бекордан бекор нетиб кулишсин маймунлар?..
Оқёнус одатда тинч мавжланади. Фақат бу сокинлик баъзан алдамчидир. Қўйнида ўзига яраша таҳликалари бор унинг. Йўқса, балиқчилар тусмол қилиб бўлсаям сузиб кетган бўлишарди. Сузишолмайди-да. Чунки юракларини уммон узра танда қўйган қуюқ туман янглиғ мўл-кўл қўрқув эгаллаган. Яна бу қўрқув деганимиз балиқларни тутиш учун сувга ботирилган, қайиқнинг чор атрофини “ишғол қилган” тўрга ҳам жуда менгзаркан. Қўрқувки, бир томондан, адашиб уммоннинг бекарон кенгликларига чиқиб қолиш қайғусига боғланса, бошқа жиҳати, боя айтганимиздек, ёғийнинг қўлига тушиб қолиш хавфига бориб уланади. Уларнинг мўъжазгина Ороллари қайда экан, ёлғиз Яратганга аён. Аммо савил туман тарқамагунча бир қулоч ҳам силжиб бўлмайди: ипсиз боғланган, деган ибора бор-ку, айни шуларга мос.
Балиқчилар одатдаги ўзаро гангур-гунгурларини ҳам бас қилишган; мулоқотга тоблари йўқ уларнинг. Нетиб ҳам бўлсин? Агар туман ҳали-вери тарқамайдиган эса, ҳоллари нима кечади?.. Инчунун, улар ташқаридан ҳар на қадар оғир-босиқ, кўзларини юмган кўйи мудрашаётгандек кўринса-да, аслида, ичларини шиддаткор бир ҳадикнинг тирмаётгани рост гап.
Бир маҳал денг, ҳеч кутилмаганда қалин туманзор ичра нақ тумшуқлари остидан ҳайбат билан аллақандай қоратқи чиқиб кепқолди-ёв! Зум ўтмай ғира-шира кўринаётган ўша нарса маълум қиёфага кирди: унинг улкан қайиқ эканлиги аёнлашди. Қайиқчилар ўзларини тутиб, бирон тадбир олишга улгурмасларидан икки қайиқ тумшуқма-тумшуқ тўқнашиб кетса бўладими!.. Кучли силтаниш натижасида қайиқ четида ўтирган ёш йигит “шалоб” этиб сувга тушиб кетди. Қолган уч балиқчи эса аранг мувозанатни сақлаб қолди. Саросима бошланди. Чунки илкис келиб қолган қайиқ ёвники эканлиги маълум бўлган эди. Маълум бўлганди-ю, ажаб, шу билан бошқа ҳеч қандай воқеа юз бермади. Ҳеч ким ҳеч кимсага қилич кўтармади, найза ўқталмади, камондан ўқ узмади. Душман томон кўпчиликни ташкил қилса-да, негадир ўзларини дўстона тутди. Ҳатто тушиб кетган балиқчини тортиб олишаркан, ҳалақит бериш у ёқда турсин, мавриди топилса, ёрдам бергулик алпозда хайрихоҳ боқди. Сўнг қизиқсиниш билан ёвлар бир-бирларини кузата бошлади. Ажабки, ёғий қайиғида иккита қиз ҳам бор бўлиб, улардан бирининг кийими ва бошига қўндириб олган ярашиғлиғ қалпоғининг бежирим тўқасидан ҳаммаси аён: у, ҳойнаҳой, қабила сардорининг қизи. Бўлиб ҳам бениҳоя гўзал қиз эди!..
Бошқа пайт бўлганда бундай қиммматли ўлжани қўлга киритиш учун тўртовлон бошларини кундага қўйишга ҳам тайёр бўлиши ҳеч гап эмасди. Аммо ҳозир... Ҳозир улар негадир қилт этишмасди. Афтидан, шу тобда уларнинг бир-бирларидан минг чандон, миллион чандон бошқа хавфли душмани бўлиб, унинг оти - уммон, қуюқ туман ичра беркинган бепоён ва номаълум дунё эди! Оқёнус қаршисида, унинг сирли-гизли қудрати қаршисида қайиқдагиларнинг бир-бирларига бўлган ёвлиги жудаям арзимас ва майда туюларди айни дамда. Буни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмагандир балки, бироқ ушбу маъно ҳамманинг ботинида, ҳув ичкарида бир жойда бош кўтариб, ўзини сездирган ва балиқчилар шу маъно тўрига асир тушиб қолган эди. Фақат тўртовлон орасидаги ёш ва келишган йигитнинггина кўзлари эҳтимол бошқа маъно билан чарақлар, у қизга тикилганча, эҳтимол, қизнинг гўзаллиги тўрига асир тушганча, атрофни, туманли уммонга банди оламни унутгандек паришон кўринарди...
Аллақанча фурсат ўтганига қарамай, иккала қайиқдаги эшкаклар ҳам ишга солинмади. Келиб урилган қайиқ ўзининг сезилар-сезилмас ҳаракати билан секин, жудаям секин сурунганча йигитнинг қайиғидан узоқлашди. Бунга яна остда билинар-билинмас “нафас олиб ётган” уммон ҳам ёрдам бериб юборди, шекилли. Аммо йигит билан қиз бир-бирларидан кўз узишмасди. Биласизми, шу қисқа фурсат мобайнида улар дунёнинг ҳамма тилларида гаплашиб улгуришди, десам, балки сиз ишонмассиз, аммо бошқа томондан, сизнинг ақлингиз бовар қилмайдиган ҳамма нарса бекор гап дегани эмаслигига мен иймон келтираман. Шу ғайритабиий ишончга таяниб яна айтаманки, йигит ва қиз чақмоқ умричалик фурсат қўйнида бир-бирларини ёқтириб улгуришди, кейин... кейин бунинг хомхаёл эканлигини ҳам алам билан кўнгилларидан ўтказишишди. Ахир, дунё бутунлай тескарисига айланиб кетмаса, бу икки ёшнинг, бўлиб ҳам қабила бошлиқларининг ўғли ва қизининг қачонлардир бирга бўлишлари ҳақида ўйлаш учун кишининг тентакроқ бўлиши керак! (Астағфуруллоҳ! Яхшиси, тағин Худо билади, дейлик...) Ахир, улар икки юзкўрмас ёвнинг фарзандлари, қабилалар ўртасидаги адоват эса минг йиллардан буён давом этиб келаётган бўлса, айтинг, яна нималарга умид боғлаш мумкин?!..
Бу ёқда сиз билан биз шундай ўйлар гирдобида айланаркан, у ёқда ёв қайиғи балиқчилардан олислаб, туманлар ичра тамоман кўздан йўқолди. Гўё умуман бўлмаган каби йитди-кетди...
Шундан сўнг уччовлон ўзларини анчагина хотиржам тутди. Фақат сувдан тортиб олинган ёш йигит чаккасидан уммоннинг шўр сувлари томчилаётган туманрангли хаёлларини яна худди шундай туманзорнинг пардасимон деворларига осиб қўйди гўё...
“Тутқунлик”нинг учинчи куни туманнинг оқиш пардаси сўкилиб, қуёшнинг заррин, аммо ҳали анча заиф нурлари қайиқда ўтирган уч давангир эркакнинг тунд юзларини кучсизгина ёритди. Шу ҳамоно балиқчилар ҳаракатга тушишди: индамай туриб эшкакларини қўлга олишдию ойдинлай бошлаган атрофга боқиб йўлларини аниқлашди. Кўп ўтмай эса манзил сари дадил сузиб кетишди. Сузиб боришаркан, чор томонга ҳадиксираб қараб-қараб қўйишар, гўё бу таврлари билан куни кеча рўпараларидан туйқус чиқиб қолган ёв қайиғига такрор дуч келиб қолмасмиканмиз, дейишар эди...
Фақат энди ёш йигитнинг чеҳрасида чексиз миннатдорчилик туйғулари аксланар, оролдан бир учи осмонларга туташиб кетган уммонга илк сафаридан бағоят бахтиёр кўринарди...
Do'stlaringiz bilan baham: |