КЎЗИНИ ОЧИБ ЮМГАН ОДАМ
(туш-ҳикоя)
Кўзларимни очганим ҳамон савқитабиий ила ҳис қилдимки, устозимнинг кўзлари мангуга юмилибди. Э, воҳ!..
Жанозасига улгурай, дея жадал йўл тадоригини кўрдим. Уйдан ташқарига чиқаркан, кўзим негадир ҳув баланд тоғлар бошида худди оқ рўймол янглиғ солланган, чиройли, маҳобатли, оппоқ булутларга тушди. Азадор бўлишимга қарамай, намунча сеҳрли бўлмаса улар, деган ўй кечди хаёлимдан. Шу баробари иродамни тўплаб, мени хижолатга қўяётган ўйларимни қувиб солдим-да, йўлга равона бўлдим.
Йўлда устоз билан бирга ўтказган дамларимни бир-бир хотирладим. Унинг ҳар бири икки жаҳонга бадал ўгитларини ёдга олганимда кўзларимдан аччиқ ёшлар қуюлиб келаверди. Маънолар султони ҳам ўларкан-да, дейман яноқларимни кафтимнинг орқаси билан тез-тез артиб. Худди оддий одамлар каби-а! Ишонмайсан киши...
Ул зоти шариф мен йўл олган юртда яшаб ўтди. Мана, энди ўлим ҳақ келиб, бу дунёи бебақони ташлабгина кетди. Ҳамма қатори. Шуниси алам қилади-да, – наҳотки, ҳамма қатори бўлса?!..
***
Ажаб, кетиб боряпман-у ўйлайман: нега пиёдаман? Нима, улов йўқми ёки унга чиқиш истаги? Ҳеч қурса, қадим замонларнинг от араваси бўлсаям майлийди. Лекин атрофимда нақлия борми-йўқми, дея қаранмайман, бунга негадир қизиқмайман ҳам. Йўқса, яланг оёқларимга тиканлар кириб, тошлар тегиб ачишиб беряпти. Шундаям улов ҳақида негадир бош қотирмайман. Кўп ўтмай товонларим ҳам ёрилиб, қонаблар кетди. Ботинимга азмойиш-ла сарсор солсам, сафар заҳматларининг бари негадир мени тўппа-тўғри устоз томон йўллаётгандек туюлди. Ажаб, кўп ажаб...
Анча йўл босиб, ғаройиб чорраҳага дуч келиб қолдим. Чорраҳадан йўллар дунёнинг тўртта томонига улоққан экан. Энди қайси томонга юз бураман? деган салобатли савол қаршимда пайдо бўлганди. (Саволни айланиб ўтиб бўлмасди: ҳайбати нақ Улуғтоғча бор, ахир!) Бу йўлларнинг қайси бири мени устозим яшаган мамлакатга элтар экан, а?.. Шу ўйда турар эканман, бирдан кўксимдан нимадир мумдек эриб тушди. Қарасам, у ҳалиги ҳайбати тоғ қадар савол экан. Ҳали замон у ташқарида эди, энди бўлса ичимда эриб ётибди... Бунинг синоати не экан? деб мушоҳада юритиб улгурмайин ҳаммаси аён бўлди-қолди: Ажаб, во ажаб, мен қаёққа кетяпман ўзи? Нега бир пайтнинг ўзида ҳамма томонга қараб йўл олдим? Бу қандай рўй берди? Инсоний мантиққа кўра мумкинми ўзи бу?.. Қаранг, мен, ҳам кунчиқарга, ҳам кунботарга, ҳамда иссиқ, жудаям иссиқ юртга жўнаб боряпман!.. Шу асно ичимдан нидо келди: “чунки кунчиқарда буғдойранглилар, кунботарда оқ-сариқлар ва ниҳоят, иссиқ, жудаям иссиқ юртда қоратанлилар истиқомат қилади-и-и-иии!..” Ботиним титраб кетди, чунки устозимнинг овозини эшитгандек бўлдим... “Лекин у йўқ, у ўлди ахир!..” дея ҳайқираман ўзимга ўзим.
***
Яширмайман: қаттиқ чўчиб тушганимдан бирпасда лабларим четига учуқлар тошди – қичишиб ачиша бошлади. Ҳайратимдан турган ўрнимда тарашадек қотдим. Нима қилишимни билмасдим. Агар устоз ҳаёт бўлганида бу ғаройибликни бир зумда жавоблаган бўларди, дейман ичимда. Боз устига, биргина мисол билан. Оддийгина рамз воситасида ҳамма чалкашликларни бартараф айларди. Мисол қидириб узоққа ҳам кетмасди: турган ўрнида шундоқ энгашардию оёғи остидан ниманидир, масалан, бир хасни кўтарарди-да, ундан калит ясаб, менинг тангу мураккаб ҳолимдан бино бўлган сандиқни очиб юборарди. Қарабсизки, ҳаммаси кафтдагидек тушунарли бўларди-қоларди... Билсангиз, шундай пайтда ҳикматнинг сеҳру жодуси ҳаётнинг ўзидан-да жозибадору маънодорроқ бўлиб кетади, ҳа...
Бу не кўргуликки, энди устоз йўқ! Гўё осмон бошим узра қулагандек, мен эса ернинг заранг бағрига қапишиб кетгандек, қил устида турган озурда жоним ҳам мана, ҳозир, шу лаҳза узиладигандек ҳис қиламан ўзимни... Энди нима бўлади? Ахир, у – маънолар султони абадий кетди? Энди маъносиз қандай яшаш мумкин? Инсон зотидан маънони айирса, нима қолади ўзи?.. Қизиқ, ўша қолган нарсани инсон деб атаб бўлармикан?..
Бирдан ўзимни ёлғиз ҳис қиламан ва бу ҳис мени ернинг тубига қадар тортиб кетади... Беихтиёр яна ҳикматга эҳтиёж сезаман. Устоз йўқ, ундан қолган битиклар эса уйда қолиб кетган. Нима қилиш керак? Қайтсамми? Бориб, у қолдирган китобларни ўқисаму ўз ҳолимни англасам, сўнг йўлимда давом этсам-чи?.. Шундай дейману, лоп этиб хаёлимга кўҳна бир ривоят тушади: толиби илм бўлган киши олис бир юртга илму ирфон истаб сафарга чиқибди. Кўзланган манзилга етиб келиб китоб тўплабди ва эшакка ортиб уйига қайтибди. Йўлда эса қароқчига дуч келибди. Қароқчи унинг бор-будини шилиб олибди. Шунда толиби илм йиғлаб дийдиё айлабди: ақчаму эшагимни олсанг ол-у, лекин китобларимни қайтиб бер, ахир улар сенга нимага керак? Мен эса уларсиз ҳеч кимман, хароб бўламан, шунча умрим шамолларга соврилиб кетади...
Шунда қароқчи унинг кўзини мошдек очиб қўйгич гапни айтибди: қандай нодонсанки, илмни ақл ва юрагингга жойламай, қаёқдаги эшакка ортибсан? Ҳозир-ку, мен китобларни сенга қайтариб берарман, лекин йўлда тағин бир зўравонга йўлиқсанг, ҳолинг нима кечади? У ҳам мендек раҳмдил чиқармикан?..
Толиби илм ўз фожиасини тушуниб етиб, мулзам бир аҳволда келган жойига қайтиб борибди-да, зўр ғайрат ила илмни қалбию онгига сингдира бошлабди...
***
Э воҳ, шу тобда менинг ҳолим ҳам ана шу ношуд талабаникига ўхшаб қопти! Устоз йўқ – мен йўқ, унинг битиклари йўқ – яна мен йўқ! Хўрлигим келиб кетди. Одам ҳам шунақа пандавоқи бўладими?.. Шундай деб ортимга бурилдим, қарасам, у ер ҳам олдимдаги йўлга ўхшаб турибди. Тавба, дедим-у тушундим: ахир мен бир пайтнинг ўзида ҳам мағрибга, ҳам машриққа ҳаракатланаётган эдим-да. Шундай экан, ортимга қайтишнинг нима маъниси бор?.. Туйқус хаёлимга устознинг ўгитлари келади: бирон нимасини йўқотган киши ҳам чап ёнини, ҳам ўнг ёнини, ҳам тепасию ҳам оёқ остини – ҳамма-ҳамма ерни қидира бошлайди. Агар қидирганини топса, у ҳеч қаерни изламайди, чунки муроди ҳосил бўлган ҳисобланади-да...
***
Йўл юрдим. Юравердим... Ниҳоят, каттакон элнинг чўнг бир шаҳрига келиб қолдим. Марказ. Одам гавжум. Лекин менга эътибор берадиган, илтифот кўрсатадиган аҳволда эмас эди издиҳом. Ҳар ким зўр бир ташвиш чангалида қолганга ўхшар, мусибатдан нес ва гаранг бўлиб бир-бирларига етим қўзилардек боқиб, сасланишарди. Назаримда, уларни йиғлаяпти деб бўлмасди. Ҳатто айтиш мумкинки, ичларидан тошиб келаётган фарёду додни тўхтатиб, мажбуран кулишга, атрофга табассум айлашга уринишаётганга ўхшарди улар. Тавба, қизиқ, жуда қизиқ. Ёки шундай амр бўлганмикан? Ва бу ложарам, кучсиз жамоа амру истакни қўлидан келганча адо этишаётганмикан?.. Азани тўй деб эълон қилишга кимнинг журъати етди экан?!..
***
Ўзимни издиҳомнинг ичига ураман. Олисданоқ кўрдимки, ўртада нимадир бор, бу нимадир баҳайбат тобут бўлиб, ҳамма унга интилар, маййит билан видолашар, уни сўнгги бор тавоф этиб қолишга ошиқар эди. Ботинимдаги недир бир туйғу айтардики, бул зот менинг устозим эди!.. Ҳайҳот, муборак пойингга етиб келибман, ҳазратим!..
***
Ҳеч ким менга эътибор қилмаётган бўлса ҳам одамлар орасидан ёриб бориш ўйлаганимчалик мушкул кечмади. Ҳамма ён бериб мени олдинга, устозимнинг қошига тезроқ боришимга кўмаклашаётгандек кўринди. Ҳайрону лол бўламан, лекин илдам юриб, одамлар гуруҳини оралаб одимлашимдан қолмайман. Чунки бундай қилмасам, издиҳомнинг ўртасидаги тобутга етмоғим душворлигини биламан. Узоқ юрдим. Шу даражадаки, гўё уйимдан чиқиб бу ерга келганим бир бўлдию, маййитни сўнгги йўлга кузатишга чиққанларнинг орасидан тобутга етиб боришим бир бўлди. Билмасам, бу гапда андак муболаға бордир. Эҳтимол, макон масофасига кўра иккаласи бир эмасдир. Аммо замон, чекилган заҳматлар масофаси ҳам бор-ку! Шуларга кўра иккаласи бир бўлди, ҳатто кейингиси ортиқроқдек туюлди.
***
Бир маҳал устига кўк мато ташланган улкан тобутнинг ёнига келдим. Кўз очиб юмгунимча эса маййитнинг бош томонида кўрдим ўзимни. Худди тушдагидек эди ҳолу руҳиям. Ёки эртакка ўхшарди буларнинг бари. Аммо, бу на туш ва на афсона, балки орий ҳақиқат эди!
Бир қарашда менга мулозамат кўрсатмаётган, аслида эса мақсадимга улашмоғимда ёрдамчи бўлаётган халойиққа миннатдор боқдим: ажаб, улар шу даражада турфа эдики, анчагача оғзим очилганча анграйдим. Кийимларига қарасанг, бойу камбағал, баққолу қассоб, деҳқону чорвадор... ҳаммаси аралаш-қуралаш, рангларига қарасанг, кими оқ, кими қора, кими буғдойранг... Тавба, дейман яна. Лекин нимага келганим ёдимга тушади ва тездагина паришон хаёлларимни йиғиштириб, маросимга уйғун йўл тутаман: энгашиб, маййит устига ёпилган оқ матони аста очаман! Очаману шошиб уни қайта ёпаман: ҳайҳот, бу ким?! Нега у устозга ўхшамайди? Йўқ, сурати ўхшайди... лекин ранги... Нега унинг ранги қоп-қора, турқи нақ занжининг ўзгинаси? Қаерга келиб қолдим мен? Адашдимми ё?..
Бир зум мен ҳам несу гарангга айланаман. Кейин кўрганимга яна бир бор шоҳид бўлмоқ учун матони қайта очиб, диққат билан тикиламан: “йўқ, бу устоз эмас. Маййит шу ерда яшаётган юртнинг бир улуғи, занжи бир киши экан”, деган қарорга келаман.
***
Менинг қаноатим шундай бўлди ва тез бурилиб издиҳомдан чиқдим. Чиқа солиб яна ўнг келган тарафга равона бўлдим. Зеро, қайси тарафга боришимнинг аҳамияти йўқ эди. Буни мен сизга бошда айтгандим. Қай сори йўналмай, томонларнинг бари мени манзилимга элтар эди... Ҳар ҳолда менга шундай туюлар эди...
Шундаймикан? Балки янглишаётгандирман... Адашганимнинг далили, мана, бошқа жанозага келиб қолдим-ку!..
Бироқ ичимдаги аввалги қаноат кучлироқ чиқди. Мен йўлимда давом этдим. Хато қиляпман, деган фикрни хаёлимдан бутунлай ҳайдаб юбордим...
Яна йўл... яна хаёллар... яна хотира... Ҳаммаси устозга элтади!..
***
Тағин ғаройиб бир эл... чайқалаётган уммон янглиғ издиҳом ва унинг ўртасида кўм-кўк бир кема... қўлма-қўл ўтаётгани учун худди сузиб бораётгандек таассурот қолдиради узоқдан. Издиҳом эса кеманинг ортидан эргашади...
Мен уларнинг сафига келиб қўшилдим. Бир аҳволда эдим. “Наҳотки, дийдор охиратга қолди, устоз!?..” Мусибатнинг зўридан оёқларим чалкашиб кетади. Оқим шиддати мени олдинга олиб чиқди ва мен беихтиёр гандираклаб бориб елкамни тобутга бердим. Шунда мен тобутни эмас, тобут мени тутиб қолди. Йўқса, минглаб оёқлар остига юзтубан йиқилардим. Валлоҳи! Кейин нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўз дарди баҳрига ғарқ бўлган тумонат халойиқнинг пойидан омон чиқмоқ осонми?..
Ниҳоят, қабристонга келиниб, тобут ерга қўйилди. Шунда мен оҳиста юриб тобутга яқинлашдим ва худди ўтган галдагидек, маййит юзидаги матони кўтариб боқдим: Ё Тангрим, ўзи нималар бўляпти? Ким – бу ётган? Нега унинг танаси, қошу кўзи, соч-соқоли сап-сариқ? Устозим эмас-ку! Қайси юртга келиб қолдим мен бу сафар?..
***
Мозорни тарк этиб, яна бошим оққан ёққа йўналдим...
Бир маҳал қарасам, навбатдаги юртга қадам қўйибман. Тавба, дейман ўзимча, ахир устозим битта, тайинли юртда вафот этмаганмиди? Нега мен турфа-турфа мамлакатларга келиб қоляпман?..
Энди шаҳар ҳам, унинг марказида тўпланган издиҳом ҳам мени ажаблантирмай қўйганди. Бу ерда ҳам ўша манзара менга мунтазир турарди. Бошқа нимаям қилардим, келиб ўзимни даврага бердим. Бора солиб ҳамма тавоф қилаётган маййитнинг юзини шоша-пиша очдим: ётган киши ниҳоятда таниш чеҳрали, буғдойранг, хуллас, ўзимизга ўхшаган бир одам!..
Ажабланмадим, матони эран-қаран ёпдиму орадан сирғалиб чиқдим. Э воҳ, энди қайга бораман? Қани менинг устозим? Тушиб қолган ҳолимга қаранг: қани аввалги қаноатим, ғурурим, собитлигим?.. Оғзи куйган одам мен эдим бу гал... Оғзи деймиз, балки муроди соб бўлган, афсурда, абгор кишига айлангандим... На илож, қўлдан келганини қилдим. Лекин натижа ҳеч бўлди? Ўзингиз кўрдингиз-ку ҳаммасини. Қай ерга борсам ҳам устозим қолиб, ўзгаларга рўбарў қилаверди қисмат. Тўғри, тобутда ётганларнинг қиёфаларидаги қай бир чизиқлар устозникига ўхшар эди... Ўхшар эди-ю, аммо айнан унинг ўзи эмасди-да. Бунинг сирига етолмадим мен ва қаттиқ чарчаганимни ҳис қилдим...
***
Энди ботинимга шубҳа ўрлаганди. Ахир, қайдадир мени манзилга элтадиган битта йўл бўлса-чи?!.. Мен бўлсам, дуч келган томонга тўшимни уриб, мазгилга дорийман деб беҳуда чирандим, чоғи...
***
Юра-юра, кеза-кеза, турли-туман йўллар кесишган ҳув анави чорраҳадан чиқиб қолдим. Аланглаб, чор томонга боқдим: энди қайси йўлдан борсам экан? Дунёнинг тўрт томонига улоққан йўлларнинг қай бири мени устозимнинг қошига хатосиз олиб борар экан?.. Ҳа, энди мен битта йўлни, ўзимнинг йўлимни қидира бошлагандим...
***
Шу турганча анча вақт қолиб кетдим. Кутар эканман, аввал кунлар, ойлар, кейин йиллар ва асрлар ўтганини ҳис қилдим. Буни мен чорраҳа марказида туриб олганча, тўртта кўчадан чор томонга тинимсиз равишда ўтиб турган одамлардан, уларнинг қиёфаларидан, минган турфа уловларидан, қулоғимга чалиниб турган турли лаҳжалардаги гап-сўзларидан билар эдим. Даврлар ҳам кетма-кет алмаша бошлади, тавба!..
Лекин нега мен қаримаяпман? Нега анави туғилиб ўлаётган миллионлаб одамлар каби бу дунё билан видолашиб кетмаяпман? деган савол хаёлимни сира тарк этмасди. Айни дамда “ўлишим мумкин эмас, ўлсам, бу саргузаштнинг тақдири, охир-оқибати нима бўлади, ахир ҳаммасининг негизида мен борман-ку?” деган тасалли ҳам ғимирларди қайдадир. Яна шуни билардимки, устозни албатта топишим, у билан сўнгги бор кўришишим, юзига боқишим ва уни тоабад ёдлаб олишим шарт эди. Хўш, нима учун, дейсизми? Тан олай: бунинг жавобини билмасдим...
***
Оламнинг ҳамма тарафига элтувчи йўлларга тикилавериб кўзларим оғриб, шафақланиб кетди. Дамодам артаман, тупугим билан силаб-сийпайман, қаёқда? Аллабир замонда англаб қолдимки, бу тарзда мен ўлақолсам мақсад- муддаойимга етолмайман. Шунда... шунда ички бир ҳиссиётга бўйсуниб, касалланган кўзларимни юмдим, яъни уларнинг хизматидан воз кечдим, бутунлай, тамомила! Шу кўйи, қабоқларимни чирт юмган ҳолда чорраҳанинг ўртасида турган кўйи кўкка юзландим ва беихтиёр тарзда иккала қўлимни парвозга шайланаётган қуш мисол ҳавога кўтардим, сўнг уларнинг бири ўз- ўзидан самога, бошқаси эса заминга боқди, бошим ҳам ўнг томонга хиёл эгилди-да, туйқус елпиғич каби ўз атрофимда айлана бошладим. Аввалига гавдам айланди, кейин бошим... ундан кейин эса ҳис қилдимки, менинг атрофимда олам айланди, эшитяпсизми, олам!.. Оламнинг барча йўллари менга келиб боғланаётган ва мендан бошланаётган эди!.. Кўп ўтмай, бу ҳис мени олам билан бир бутун айлади, мен оламга дўндим, олам бўлдим ва англадимки, қидирганим оламда бор бўлса, демакки, у менда ҳам мавжуд...
***
Гир айланиб турарканман, юмилган қабоқларим ичра нур пайдо бўлди ва мен яна кўра бошладим. Дастлаб, ҳув анави булутларни кўриб қолдим. Тоғнинг бошига рўймол янглиғ ташланган оппоқ булутлар бор-ку, ўшаларни. Фақат энди улар бошқа қиёфада кўринишди. Айланиб турганим боис қандай қиёфа эканлигини бирданига фарқлаёлмадим. Лекин секин-аста булутлар пастроқ эниб, менга яқин келишганда, билдимки, улар кўзгуни ёдга соларкан. Мен эса ҳамон чир айланиб турардим. Шу пайт ҳууув ўша тоғнинг рўймоли ечилган бошида қуёш балқди. Унинг заррин нурлари булутлар кўзгуси юзини ёритиб юборди ва унда менинг айланиб турган аксим намоён бўлди. Бир айландим, икки айландим, уч, тўрт... Билмадим, нечанчиси эди, бирдан кўзгудаги менинг юзим қора, оқ ва буғдойранг тусларга кириб чиқа бошлади. Ҳайҳот! Бу қандай сеҳр? Бир айланганимда ўша... тобутда ётган қора одам – занжининг қиёфасида намоён бўлдим, кейингисида эса оқ-сариқ одам сувратига кирдим, навбатдагисида эса иссиқ юзли, буғдойранг инсон кўз олдимда гавдаланди. Ниҳоят, уларнинг бари қўшилиб-чатишиб, рўбарўмда устоз қад ростлади!
Устоз!!!
Эшитяпсизми?!
У тирик экан!!
Ва у менга қараб майин жилмайганча шивирлади:
Do'stlaringiz bilan baham: |