Туркий ҳалқларнинг келиб чиқиши ва маконига доир баъзи мулоҳазалар
Туркий халқларнинг этногенези тушунчаси хронологик, ҳудудий ва айрим этносларга бўлиниш динамикаси нуқтаи назаридан бугун яхлит илмий муаммо ҳолатидан кенгроқ маъно касб этмоқда. Бинобарин, туркий халқлар тарихий илдизлари туташ ўнлаб этник тармоқлардан ташкил топганки, уларнинг ҳар бири алоҳида этногенетик масалани ташкил қилади. Лекин шунга қарамай муаммонинг қадимий асослари ҳақида гап кетганда, илк муштарак даврни чуқурроқ тадқиқ этиш зарурати долзарблигича қолмоқда.
Аввало, бирор халқнинг келиб чиқиши ҳақида фикр юритганда фанда ўрнашиб қолган умумтуркий, умумэроний, умумславян, умумарий, хинд-европа умумийлиги, олтой халқлари умумийлиги (общетюркский, обще-иранский, алтайская общность) сингари фаразлар яшашга қанчалик ҳақли эканини ўйлаб кўриш лозим. Борди-ю, шу каби умумлашма тасаввурлар фанда амал қилар экан, генезис масаласида аниқ хулосалар учун етарли асос йўқлиги туфайли шартли равишдагина улардан фойдаланиш мумкиндир. Зеро, бизнингча, этник жараёнларда қачонлардир бирдан бир, ягона ядро, умум бирлик ҳеч қачон бўлган эмас. Этник бирлик туйғуси кўп минг йиллик жараён оқибатидир. Қадимий негизнинг ўзидаёқ уруғ ва қабилаларнинг ўзаро мулоқоти, иқтисодий-ижтимоий манфаатлари, ҳудудий восита орқали яқинлаша борган. Бу эса этник мансублик туйғусининг бош омилидир. Шу жараён кўп ҳолларда етакчи (доминант) этник бирлик, яъни иқтисодий-ижтимоий этник гуруҳ атрофига унга тобе гуруҳларни йиғиш салоҳиятига эга бўлган. Натижада этник умумийликнинг ижтимоий асоси вужудга кела бошлаган.
Туркий халқлар этногенезини юқоридаги каби Олтой бирлиги даврига боғлаш Хитой манбаларида турк-туркют-тукю каби аталган этник консолидация ходисасининг маконини Хитойга нисбатан шимоли-ғарбда жойлашган Олтой тоғлари этаги билан алоқадор кўрсатилишидан туғилган. Бундай қараш туркий халқларнинг қадимий асл маконлари ҳақидаги тасаввурни жуда тор қилиб кўрсатади. Гап шундаки, қадимги Хитой Олтойдаги тарихий вазиятлар билан яқинроқ таниш бўлган. Шу билан баробар милоддан аввалги I минг йилликдаёқ Ўрта Осиё, Волга бўйи, Дон Кубань, ҳавзалари, Шимолий Кавказ, Жанубий рус чўллари — то Дунайгача улкан худудларда кечган этник жараёнлардан бехабар эди. Хатто турклар — туркютлар, ту-кю атамалари билан Хитой милодий V асрдагина танишган ва ва уларни ўзи учун шимолдан ҳавф солиб турувчи куч сифатида қараган.
Шундай қилиб, Хитой манбалари Ашина уруғининг Олтой этакларида пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолда турк-тукю атамасини биринчи марта V асрда тилга олади. Бу ҳақда А.Маликов Ашина уруғи Олтойга келмасидан бурун ўзини турк деб атамас эди, деб таъкидлайди. Шундан хулоса қилиб, турк атамаси Ашина пайдо бўлишидан аввалроқ Олтойда мавжуд бўлган, дейиш мумкин. Бу атама Ашина уруғи томонидан ўзлаштирилган. Демак, Олтой минтақасида V асрдан аввал туркий муҳит ҳукмрон бўлган.
Туркий этник жараёнларни Ашинанинг юксалиши билан боғлиқ тасаввур этиш нотўғри хулосаларга сабаб бўлади. Бундай қараш минглаб чақирим ғарбга томон давомий туркий этник жараёнларни, шу жумладан, Ўрта Осиёдаги қадимий туркий субстратни эътиборга олмасликка олиб келади. Натижада, туркий халқларни яшаб турган ўз маконига шарқдан кириб келган қилиб кўрсатиш учун асос яратишга уриниб келинган.
Турк атамасининг маъносига доир турли фаразлар, талқинлар, этимологик изланишлар маълум. Улар орасида турк атамасини Авестаниниг «тур» лари билан боғлиқ – К қўшимчасини кўплик қўшимчаси деб тушунтириш алоҳида ажралиб туради. Масалан, Д.Е. Еремеев, А.Н. Кононовнинг фикрини ривожлантириб, турк сўзини тюр-к деб иккига бўлади. –К қўшимчасини эса –ғун, -кун қўшимчаларидан қисқарган, дейди. Аммо бу фикрга қўшилиш қийин. Чунки –ғун, -кун шаклларидан – к –га қисқаришни тарихий-фонетик тушунтириш қийин. Бизнингча турк сўзини чиндан ҳам тур+к қисмларига ажратиш мумкин. Лекин морфематик жиҳатдан тур= ўзак қисми аслида негиз бўлиб ту= ўзагидан – р+к қўшилиб ҳосил бўлган сифатдош шаклидир. Бу сўз луғавий маънода «турувчи» бўлиб, ўзига ишончли, кучли, қудратли каби талқиний маънолар ёйилмасига асосдир. Фикримизни ту- ўзагидан феъл негизлари ясалиш қатори – ту-т, ту-з, ту-й, ту-ғ сўзлари билан изоҳлаш мумкин.
Шу муносабат билан турк сўзини изоҳлаш учун келтирилган бошқа фикрларга ҳам тўхтаб ўтиш жоиздир. Масалан, А.Н.Кононов турк сўзини тўр сўзи билан боғлаб «ҳурматга сазоворлар учун юқоридаги ўрин», «ўчоқ олдидаги ҳурматга лойиқ жой», «қонун, қоида, одат» каби талқин қилади. Бу фикрни Д.Айтмуратов қўллаб қувватлаган. И.В.Рак эса, турк сўзини хинд-европа тил умумийлиги билан боғлаб ёввойи «хўкиз-тур» орқали изоҳлайди. В.П. Яйленко Енисей кетлари тилида турк сўзи «тоза, покиза» деб тушунтиради. Бу каби талқинларда илмий асосланганликдан кўра фаразий ёндашув таъсири кўпроқ кўринади.
Do'stlaringiz bilan baham: |