172-модда. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддаси.
илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 1 декабрдаги 578-сонли «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиялари аъзоларининг гонорарлари, докторантлар ва аспирантларнинг стипендиялари микдорини ошириш тўгрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 3 январдаги 2-сонли қарори билан тасдиқланган «Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом.
ушбу Кодекснинг 173-моддасига мувофиқ рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;
ушбу Кодекснинг 174-моддасига мувофиқ компенсация тўловлари (компенсация);
ушбу Кодекснинг 175-моддасига мувофиқ ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагилар ҳам киради:
предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга (ушбу Кодекс 169-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган даромадлар бундан мустасно) тўловлар;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 631-моддасининг биринчи қисми, 636, 638, 662, 673-моддалари, 686-моддасининг биринчи қисми, 693-моддасининг биринчи қисми.
юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;
(172-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнииг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 74-моддасининг учинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуни 38-моддасининг бешинчи қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.
(172-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-313-сонли Қонунига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 556-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |