III. Аттестация комиссиясининг иши. 3.1. Шўъба корхоналари ходимларини аттестациядан ўтказиш “TRANSKASB” корхоналар уюшмасининг Аттестация комиссияси томонидан амалга оширилади.
3.2. Масъулияти чекланган жамиятлар ходимларини аттестациядан ўтказиш “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси вакилларини жалб этган ҳолда масъулияти чекланган жамиятнинг Аттестация комиссияси томонидан амалга оширилади.
3.3. “TRANSKASB” корхоналар уюшмасининг Аттестация комиссияси Уюшма Бошқаруви бўлинмалардан, Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти агентлигидан, Тошкент автомобиль-йўллар институтидан, Ўзбекистон Республикаси автомобиль, дарё, электр транспорти ва йўл хўжалиги ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгашидан, жаъми 5 нафардан кам бўлмаган масъул шахсларидан шакллантирилади. Аттестация комиссияси Уюшма Бошқаруви раиси ёки ўринбосарларининг бири томонидан бошқарилади.
3.4. “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси Аттестация комиссиясининг иши (ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг дастлабки таҳлили, комиссия мажлиси баённомасини юритиш ва ҳоказолар) Уюшма кадрлар бўйича мутахассиси томонидан ташкиллаштирилади.
3.5. “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси Аттестация комиссияси:
- шўъба корхоналари ходимларини аттестациядан ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
- аттестация учун саволлар рўйхатини тайёрлайди;
- аттестация кунларини тайинлайди ва аттестациядан икки ҳафта олдин аттестациядан ўтишга ариза берган шахсларни хабардор қилади;
- аттестациядан ўтказади;
- аттестация натижаларини расмийлаштиради.
3.6. Уюшмада аттестацияни ўтказаётган Комиссиянинг иш тартибини, шунингдек аттестация учун саволномани камида икки ҳафта аввал аттестациядан ўтишини режалаштираётган шўъба корхоналари ходимларининг эътиборига етказади.
3.7. Аттестация учун саволлар автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларини шакллантириш, йўлга қўйиш ва назорат қилиш, ўқитиш жараёнида замонавий услублар ва илғор технологиялардан фойдаланиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этишда халқаро Конвенциялар, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, йўл ҳаракати қоидалари, замонавий автомобиллар тузилиши ва уларга техник хизмат кўрсатишни билишини аниқлаш заруратидан келиб чиқиб шакллантирилиши керак.
3.8. Аттестациядан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) эркин шаклдаги ариза;
б) мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича анкета;
в) техник ёки молия-бухгалтерия хисоби йўналишида олий ёки автомобиль йўналишида ўрта махсус касб-ҳунар дипломи, тўлиқ ўрта маълумот ҳақида аттестат, малакасини оширганлиги ҳақида ҳужжат, тегишли тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси ва инструкторлик гувоҳномасидан нусха;
г) меҳнат дафтарчаси ва тегишли лавозимга тайинлаш ҳақидаги буйруқ нусхалари.
Анкета шўъба корхонасининг масъул ходими томонидан тўлдирилади.
Анкетанинг барча саволларига тўлиқ ва батафсил жавоблар берилиши лозим, анкетанинг бирорта устуни тўлдирилмаган ҳолда қолдирилмаслиги керак. Битта бўлса ҳам тўлдирилмаган устун мавжуд бўлган тақдирда, бутун анкета тўлиқ тўлдирилмаган деб ҳисобланади ва қўшимча ишлов бериш учун қайтарилади.
Зарурат бўлганда, Аттестация комиссияси талабига биноан анкета саволларига доир батафсил маълумотни киритиш ва аттестациядан ўтадиган шахснинг қониқарли ишбилармонлик мавқеини тасдиқлаш учун анкетага қўшимча варақлар илова қилиниши мумкин.
Ҳужжатлар бевосита Аттестация комиссиясига тақдим этилади ёки почта орқали уларнинг олинганлиги тўғрисидаги хабарнома билан юборилади.
Ҳужжатлар Аттестация комиссияси котиби томонидан рўйхатга кўра қабул қилинади, унинг бир нусхаси шўъба корхонаси ходимига ҳужжатларни қабул қилиш санаси тўғрисида белги билан юборилади (топширилади).
3.9. Аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни ҳар томонлама ўрганиб чиқади.
Тақдим этилган ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилмаган тақдирда ёки улар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда Аттестация комиссияси шўъба корхонаси ходимини аттестацияга кўйишга рад жавобини беришга ҳақли.
Тақдим этилган ҳужжатларга оид эътирозлар бўлмаган тақдирда ариза тақдим этган шўъба корхонасининг ходими аттестацияга қўйилади.
Узрли сабабларсиз икки марта кетма-кет келмаган аттестацияга даъвогар шўъба корхонаси ходими аттестацияга қўйилганларнинг рўйхатидан чиқарилади, бунда у тақдим этган ҳужжатлар қайтариб берилади.
3.10. Аттестация комиссияси котиби аттестацияга қўйилганларнинг махсус журналини юритади.