Тракторни техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда бошқариш
Тракторга бириктирилган қўшимча техник воситаларга (хусусан, экскаваторга) ускуна сифатида қараш керак. Экскаваторлар бир тарафдан зарур ва керакли техника ускунаси ҳисобланса, иккинчи тарафдан техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмасдан ишлатилса, ишловчилар учун жуда хавфли механизмга айланиши мумкин.
Ҳайдовчилар томонидан қилинадиган сабрсизлик, эътиборсизлик кўрсатиш ҳолатлари ва уларнинг механизмларни бошқариш учун жисмоний кучининг етишмаслиги трактор ва экскаваторларни ишлатиш борасида энг катта бахтсиз ҳодисаларга олиб келувчи омиллардир.
Совуқ вақтларда моторни очиқ аланга билан иситманг. Иситиш асбобларини қаровсиз қолдирманг.
Бульдозер билан тупроқ кўчирилаётган пайтда ағдарғич тупроқ қатламига кўтарилишда кириб қолмаслигини кузатиб туриш лозим. Нишаблиги юқорига 15° дан, пастликка 30° дан, кўндаланг пастликка 15° да зиёд бўлганда бульдозер билан тупроқни кўчириш тақиқланади.
Тик тушган қияликлар ва тупроқ ишларида бульдозернинг ағдарилиб қолмаслиги учун уни кескин буриш мумкин эмас. 6° дан зиёд бўлмаган нишабликда бульдозерни айлантиришга йўл қўйилади. Чўмичи тупроққа тўлдирилган ёки эгилган ҳолда бульдозерни айлантириш тақиқланади.
Тупроқ тўкилиб тушаётган чегарада бульдозернинг ишлашига йўл қўйилмайди.
Текислаш ишларида қатор бораётган бульдозерлар орасидаги масофа камида 2 м. кетма - кет бораётганда камида 20 м. бўлиши зарур.
Сув ости тупроғи қандай бўлишидан қатъий назар 0,6 м. дан зиёд чуқурлиқдаги сув ичида бульдозернинг ишлаши тақиқланади, шунингдек ёмғирли ҳавода соз тупроқда ишлаш мумкин эмас.
Мотор тўхтатилмасдан аввал одамларнинг трактор ва бульдозер рамаси, шунингдек трактор билан чўмичи орасида бўлиши тақиқланади.
Чўмични тозалаш зарур бўлганда бульдозерни тўхтатиш ҳамда чўмични ерга тушириш лозим.
Трактор ва унга уланган техник ускуналар остида ўтирманг, орасида юрманг, уларни айланиб ўтинг. Агар сиз чарчаган бўлсангиз кўп хатоларга йўл қўйишингиз мумкин, шунинг учун чарчаган ҳолларда тракторни ҳайдаманг; моторни ўчиринг ва маълум муддат дам олинг. Бундай содда тавсия ва маслаҳатлар сизнинг соғлигингиз ва ҳаётингизни, ёнингизда ишлаётган ишчи ҳаёти ёки бирор инсоннинг (ёш боланинг) ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Машина ва механизмлардаги ҳар қандай хавфсизликни таъминлаш техник воситаларини жойида ва ўз вазифасини бажара оладиган ҳолатда сақланг - бундай воситалар сизнинг хавфсизлигингиз учун ўрнатилган. Агар хавфсизлик воситалари жойида бўлмаса ёки носоз ва ишламаётган бўлса, тракторни ҳайдаманг.
Тракторни текширувдан ўтказаётган вақтингизда моторни албатта ўчиринг, қўл тормозини кўтаринг ва мотор тамомила тўхтаганлигига амин бўлинг. Ҳеч қачон тракторнинг яхши ўрнатилмаган қўшимча техник воситалари остида турманг ва ишламанг.
Сув ва қишлоқ хўжалиги тракторлари ва экскаваторларини таъмирлаш жараёнида содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар оқибатида бир нечта ишчилар ҳаётдан кўз юмган, яна бир нечтаси жиддий тана жароҳатлари олиб ногирон бўлиб қолган. Бундай нохуш ҳолатлар, асосан, тракторларни кўтаргич (домкрат) ёрдамида кўтариш ва тушириш, ҳамда кўтариб туриб бирор иш бажариш (масалан, ғилдиракларни ечиш) вақтида махсус мустаҳкам тагликларни қўлламаслик оқибатида содир бўлади.
Афсуски бундай нохуш воқеалар рўй бериш эҳтимоли бевосита далада шароитларида трактор ва экскаваторларга техник хизмат кўрсатишда бир неча баробар ошади.
Тракторларни мунтазам равишда устахоналарда замонавий техник жиҳозларни қўллаган ва ишлатган ҳолда техник кўрикдан ўтказиш орқали ишни сифатли, ҳамда меъёрий ҳужжатлар талаблари даражасида бажариш мумкин. Бундан ташқари ишни устахоналарда олиб бориш келажакда рўй бериши мумкин бўлган кутилмаган бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериш эҳтимолини камайтиришга ҳам хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |