УЙҚУ ЧАҚИРУВЧИ ВОСИТАЛАР.
Бу туркум воситалар уйқуни турли хил бузилишларини бартараф этишда қўлланилади, чунки улар мудроқ босиш ва мўътадил давомли уйқуни ривожлантирадилар. Уйқу бу бош мия пўстлоқ қаватининг ва уни остидаги марказлар фаоллигини кенг кўламда кескин сусайиши (тормозланиши)дир. У МНСнинг ҳолсизланиши, мадори қуришидан сақлайди (муҳофаза қилади). Албатта уйқуни ривожланиши учун маълум шарт-шароитлар керак.
Инсон умрини 1/3 қисмини уйқуда ўтказади. Болалар ва кексалар кўпроқ ухлашлари керак. Уйқу бузилишини уч тури мавжуд:
мудроқ босиш ва уйқуни бошланишини бузилиши
уйқу давомлигини бузилиши (бошида яхши ухлайди, 2-3 соатдан кейин уйғонади)
уйқу чуқурлигини бузиши (юзаки уйқу).
Энг яхши уйқу чақирувчи восита қуйидагича бўлиши керак:
физиологик уйқуни тиклаши керак, уйқунинг таркибини ўзгартирмаслиги керак.
барча турдаги хасталикларда яхши натижа бериши керак.
таъсири тез бошланиши ва мўътадил вақт уйқу чақириши керак.
нафас ва қон айланиш марказларига, хотира ва бошқа функцияларга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.
ўрганиш ва тобе (жисмоний ва рухий) лик чақирмаслиги керак.
Шу кунгача бу талабларнинг барчасини қониқтира оладиган уйқу дориси яратилмаганлиги сабабдан бу борада изланишлар давом этмоқда.
МНСга таъсири жиҳатидан уйқу чақирувчи воситалар (айниқса классиклари) наркотик дорилар турига кирадилар, яъни кичик миқдорлари – тинчлантирувчи, ўртача миқдорлари-уйқу, катта миқдорлари-наркоз ривожлантирадилар. Лекин наркоз учун, улар яроқсиздирлар, чунки наркотик кенглиги тор. Ҳар-хил кимёвий тузилишга эга бўлган уйқу воситаларнинг таъсир этиш макони турли, яъни улар МНСни ҳар-хил бўлимларида синапс ўтказувчанлигини бузадилар. Шунинг учун асосан бош миянинг пўстлоқ қаватига таъсир этувчи, бош мия ўзагига (ствол) таъсир этувчи, лимбик системага таъсир этувчи ва бошқа турдаги уйқу воситалари тафовутланади.
Ҳозирда уйқу воситаларининг қуйидагича таснифи қабул қилинган.
Анксиолитиклар гуруҳи (нитразепам, сибазон, диазепам ва бошқа бензодиазепинлар)
Наркотик типдаги таъсир этувчилар гуруҳи:
гетероциклик бирикмалар (барбитуратлар) фенобарбитал, барбитал натрий, барбамил, этаминал натрий)
алифатик бирикмалар (хлоралгидрат, бромизовал)
Турли кимёвий тузилишга эга бўлган бирикмалар (димедрол, натрий-оксибутират)
Уйқу чақирувчи воситаларнинг таъсир механизми аниқ эмас, чунки уйқунинг келиб чиқиш механизми ҳам охиригача хал этилмаган. Уйқу фаол жараён бўлиб, унда ретикуляр формациянинг ростал қисми фаолияти сусайиб (бош мия пўстлоқ қисмини кучайтирувчи), гипноген бўлимлариники эса ортади, деб ҳисобланади. Балки уйқу воситалари гипноген қисмларга таъсир қилса керак. Барбитуратлар бош миянинг ўзак қисмидан пўстлоқ қисмига қўзғатиш импульсларини ўтишини камайтирса, анксиолитиклар лимбик қисмига таъсир этадилар. Балки ухлатувчи воситалар уйқуни ривожлантирувчи эндоген бирикмаларни (дельта пептид) ажралишини оширсалар керак. Лекин физиологик уйқу, ухлатувчи воситалар билан чақирилган уйқудан фарқланади, чунки улар таъсирида уйқунинг “тез” (одатда унинг давомлилиги “секин” кечувчи фазадан 4 марта қисқароқ) ва ”секин” даврларни даврий алмашинишлари ва уларнинг давомлилиги бузилади. Бу организмга салбий таъсир кўрсатади. М-н: барбитуратлар таъсирида уйқунинг “тез” ўтувчи даври қисқаради. Анксилотикларнинг бу каби таъсири сустроқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |