Циклоид психопатлар – бу бузилган, мувозанатсиз ҳиссий ҳаётга эга бўлган кишилардир. Уларнинг баъзи бирларида пасайган (гипотим) кайфият фони устун бўлиб, улар дунёни қоронғулик босган ҳолда кўрадилар, ўзларини омадсиз деб ҳисоблаб, ўз камиликларини ошириб кўрсатадилар, бутун ҳаётлари депрессия, қайғу, пессимизм белгилари билан ўтади, уларни барча қайғули ва қоронғулик босган муаммолар диққатларини тортади. Шу билан бирга улар кўмакдош, бошқалар қайғусини баҳам кўрувчи кишилар бўлиб, маълум даражада мулоқотни севадилар. Бундай феъл атвордан асосан беморнинг ўзи қийинчилик кўради, депрессия нисбатан яққолрок намоён бўлганда эса, ўз жонига қасд қилиш фикрлари пайдо бўлиши мумкин.
Бошқа кишиларда кўтаринки (гипертим) кайфият фони устунлик қилиб, улар ҳаётни ёрқин рангларда кўрадилар, барча нарсага тез қизиқиб кетиб, тезда кўнгилари совийди, фаолиятларида саёзликка йўл қўядилар, доимий, турғун меҳнатга қодир эмаслар, ҳиссиётга берилувчан ва сергап бўладилар. Бу белгилар яққол намоён бўлмаганда, бундай шахслар «юзидан нур ёгилиб турувчи» кишилар бўлиб, кўпинча жамоада марказий ўринни эгаллайди. Юқоридаги феъл-атвор белгилари нисбатан яққолрок намоён бўлганда эса, бундай кишилар қўзғалувчан бўлиб қоладилар, ҳеч қандай эътирозларни қабул қилмайдилар, ўз қариндошлари ва яқинлари билан яшай олмайдилар, жамоат билан келиша олмайдилар. Бу гипоаниакал ҳолат билан яқин бўлиб ҳисобланади.
Учинчи тоифа кишиларда даврий (циклик) кайфиятнинг ўзгариши гипотим ҳолатдан гипертимгача тебраниши билан кечади ва бундай кайфият алмашинувлари баъзи кишиларда қандайдир ички, ноаниқ сабабларга кўра юз беради – бу ҳолатларда циклотимия ҳақида гап кетади, бошқа кишиларда кайфият ўзгаришларида ташқи ноқулай омиллар сезиларли аҳамият касб этади. Бу холларда реактив лабил циклоидлар ҳақида гап кетади.
Циклотимик шахсларнинг бутун ҳаёти давомида бир пасайган, бир кўтаринки кайфият ҳолатлари навбат билан алмашиниб ўтади ва бу уларга ҳаёт ва меҳнат фаолиятида турғун мослашувларига ҳалақит беради.
Эпилептоид психопатлар – бу қўзғалувчан, портловчи, жаҳлдор одамлар бўлиб, улар одатда зулмкорликка, қасоскорликка мойил, ўзларининг инсонлар билан муносабатларида улар қўпол, ҳам турмушда, ҳам меҳнатда феъл-атворлари оғир кишилардир. Уларнинг фикр ва ҳиссиётлари қовушқоқ, иродалари эса фақат бир томонлама йўналгандир. Шу билан бирга эпилептоид шахслар ташқи томондан жуда тўғрисуз, ҳатто керагидан ортиқ ширинсуҳан бўлиб, улар «олий мақсадлар», олий идеалар, инсониятга мухаббат ҳақида гапиришни ёктирадилар. Оғир эпилептоид шахслар кўпинча антисоциал ҳаракатлар, оғир жиноятлар қилишга мойил бўладилар.
Истерик психопатлар учун атрофдагиларнинг диққатини ўзига каратиш, ўзларини намойишга қўйиш, атрофдагиларда таасуротлар қолдиришга интилиш хосдир: уларда атрофдагиларга танилиш, ажралиб туриш иштиёқи кучли бўлади. Истерик шахс ҳаммадан кўпроқ ўзини атрофдагилар зерикарли, ҳамма қатори деб билишларидан қўрқади. Бу истерик психопат шахс феъл-атворининг асосий белгилари унинг бутун ҳаракатларида шубҳасиз ўз аксини топади. Бу шахсларга нотабиийлик, намойишкорлик, риёкорлик, театраллик хос. «Аслидагига нисбатан каттарок» кўринишга интилиш уларда ёлғончиликка, уйдирма ва фантазияларга олиб келади ва улар бунга атрофдагиларни ишонтиришга ҳаракат қиладилар, баъзида эса улар бу уйдирмалар ва фантазияларга ўзлари ҳам ишониб кетадилар ва бу уйдирмаларни ишонч билан, табиийдек қилиб гапириб берадилар; бу ҳолатлар «фантастик псевдологиялар» деб номланади. Истерик шахслар, одатда ўта ишонувчан ва ўзларини ишонтирувчан бўладилар. Уларга нисбатан осонлик билан турли носоғлом ҳолатларга ишонтириш мумкин, ҳатто ишонтириш йўли билан оёқ қўлларида фалажликлар чақириш мумкин, улар ўзлари ҳам ўзларига турли одатдан ташқари ҳолатларни ишонтиришлари, ҳатто «ишонтирилган хомиладорлик» ҳолатини чақиришлари мумкин. Нима бўлганда ҳам бошқалардан ажралиб туришга бўлган чанқоқлик баъзида ўзини ишонтириш йўли билан чақирилган носоғлом ҳолатларга олиб келиши мумкин (жуда юқори тана ҳарорати, тухтатиб бўлмас қусиш ва х.з.). Атрофдагиларда таасурот қолдиришга, етарли асос бўлмаган ҳолда ўз шахсига юқори бахо беришга бўлган интилиш истерик шахсларни оилада, меҳнатда келишмовчиликларига олиб келади, шунинг учун улар бир муассасада камдан-кам ҳолларда узоқ ишлайдилар, иш жойларини тез-тез алмаштирадилар. Улар ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишда қийналадилар ва ҳатто озгина машаққатлар ҳам уларда паник реакциялар чақиради – улар йиғлайдилар, бақирадилар, қўлларини синдирадилар ва х.з. Бу реакция яққол намоён бўлганда «истерик тутқаноқ» деб номланади.
Психопатияларнинг психастеник гуруҳига жуда қўрқоқ, уятчан, ҳаяжонланувчан, ҳавотирланувчан ва ўзига ишончсиз, таъсирланувчан ва нозик, тез толиқувчан кишилар киради. Истерик шахслардан фарқли уларок, психастеник шахслар одатда, таъсирчан, тўғрисуз ва ҳалол, бошқаларни ҳурмат қилувчи, аммо ўзларига нисбатан талабчан кишилардир. Улар доим ўзларининг қилмишлари ва қарорларининг тўғрилига, ҳаракатларининг адолатлилигига шубҳалар қилиб, ўзларини қийнаб юрадилар. Ўзларини танқид қилиш, айб кидириш уларнинг фаолиятларига ҳалақит беради. Уларни кўпинча виждон азоби, қўрқувлар, ҳавотирлар қийнайди. Баъзида бу ҳавотирлар ва қўрқувлар кўпинча ўз таналаридаги турли сезгиларга, ўз организмининг меъерда ишлашига қаратилган бўлади. Бундай психопат шахслар ипохондриклар деб номланади. Баъзида бу шахсларда олдинги ўринга ҳолсизлик ва толиқувчанлик чиқади. Психастеник психопатия фонида турли «ёпишқоқ ҳолатлар» осон ривожланади: ёпишқоқ фикрлар, қўрқувлар (фобиялар), ҳаракатлар.
Психопатияларга шунингдек, кўпчилик инсонларда учровчи жинсий ҳаётдаги майлнинг айнишлари (перверзиялар) билан кечувчи бузилишлар ҳам киради. Перверзион психопатиялар гуруҳи таркиби турличадир. Уларнинг келиб чиқишида, бошқа психопатиялардаги каби, туғма омиллар билан бир қаторда, ташқи таъсирлар ҳам катта аҳамиятга эга. Жинсий майл айнишининг нисбатан кўп учрайдиган шакли – ўз жинси вакилларига бўлган жинсий майл (гомосексуализм)дир. У кўпинча эркакларда учрайди (бесоколбозлик, педерастия). Баъзи педераст шахслар ўз аномалияларини шармандали, ҳатто фожиали деб қабул қиладилар. Қатъий гомосексуал шахслар билан бир қаторда бисексуал шахслар ҳам мавжуд бўлиб, уларда ҳам ўз жинси вакилари, ҳам қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан жинсий майл ривожланган. Гомосексуал психопатлар орасида трансверситлар ҳам учраб, уларда қарама-қарши жинс вакилларининг кийимларини кийишга бўлган эхтирос мавжуд: эркаклар аёллар кийимини кийса, аёллар эркаклар кийимини кийишни маъкул кўради. Баъзи психопат шахсларда хайвонларга нисбатан жинсий майл ҳосил бўлади (содомия). Қарама-қарши жинс вакиллари олдида жинсий аъзоларини яланғочлашга бўлган интилиш эксгибиционизм деб номланади. Садизм деганда жинсий шеригига оғриқ етказиш, кўпинча жисмоний, кам ҳолларда руҳий азоб етказишга бўлган патологик майл тушунилади. Бунинг тескариси бўлиб, жинсий шериги томонидан оғриқ ва хўрлашларни ҳис қилишга бўлган интилиш ва майл – мазохизм деб номланади. Жинсий майлни эхтирос объеки билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган алоҳида буюмлар (кийим, даструмол ва х.з.)га кўчиши, фетишизм деб номланади. Ёш болаларга бўлган патологик майл, ва унинг болалар танасини жароҳатлаш билан кечиши педофилия деб номланади; қарияларга нисбатан жинсий майл – геронтофилия; мурдаларга нисбатан жинсий майл кузатилиши – некрофилия деб номланади. Юқорида келтирилган жинсий майл бузилишлари билан танишиб чиқиш аввало, суд психиатрлари ва юристлар учун муҳим, аммо бошқа тиббий ходимлар ҳам улар ҳақида тасаввурларга эга бўлишлари зарур. Шуни айтиб ўтиш керакки, юқоридаги психопатия шакллари кам ҳолатларда якка ҳолда, изоляцияланган шаклда учрайди. Кўпинча феъл-атворнинг мураккаб тизимли аралаш аномалиялари учрайди ва бу ҳолда қайси шаклдаги психопатия ҳақида гап кетаётганлигини аниқлаш қийин кечади.
Асосан маълум бир психопатик шахсга тегишли бўлган психопатик феъл-атвор белгиларининг намоён бўлиши, ҳам ички, ҳам ташқи таъсирлар натижасида баъзида бу белгилар камайса, баъзида ўткирлашади. Қатор ҳолатларда узоқ давомли ноқулай ҳаёт шароитларида психопатик феъл-атвор белгилари бўлган шахс ўзининг нотўғри ҳиссиётлари, фикрлари, интилишларини қувватлаш учун озуқа топгандек бўлади, яъни шахснинг патологик ривожланиши юзага келади. Бу ҳолатларда гап нафақат феъл-атвор аномалияси, балки руҳий касаллик ҳақида кетади, чунки ўз шахсини юқори баҳолашга мойиллиги бўлган шахсларда буюклик васвасаси, рашкчи шахсларда рашк васвасаси ва х.з.лар ривожланиши мумкин. Бундай шахснинг патологик ривожланишлари ўта ноқулай ҳаёт шароитларида фақат психопат шахсларда эмас, балки ўтмишда бош мия органик жароҳати ўтказган шахсларда ҳам ривожланиши мумкин.
Шахснинг патологик ривожланишида, баъзи беморларда васваса бутунлай беморни ютиб юборади ва системалашади: бемор ўзини таъқиб килаётган одамларни ва нима учун таъқиб қилаётганликларини «аниқ билади»; у «ҳимоялана» бошлайди, турли юқоридаги идораларга шикоят қилади, аслида йўқ бўлган таъқибчиларга нисбатан чора кўришларини талаб қилади ва х.з. Беморни ақлий қобилияти пасайган бўлсада, уни ҳеч қандай йўл билан нотўғри фикридан қайтариб бўлмайди: васваса системасига боғлиқ бўлмаган барча муаммоларда бемор онгининг аниқлигини сақлаб қолади, маълум даражада продуктив меҳнат қилиши мумкин. Бундай беморлар параноиклар, касаллик эса паранойя деб номланади. Параноиклар орасида нисбатан кўп ҳолларда алоҳида турдаги беморлар учрайди ва улар «ёзувчилар», кверулянтлар деб номланади. Бу шахслар кўп йиллар давомида етарли асос бўлмаган ҳолда, ўзларининг фикрича бузилган адолатни тиклаш учун чекинмасдан «курашадилар». Улар турли идораларга кўплаб шикоятлар ва аризалар ёзадилар, уларнинг илтимосларига кўра турли комиссиялар тузилади, аммо улар ҳеч қачон кўрилган чора-тадбирлардан қоникмайдилар ва «кураш»ни давом эттирадилар. Кўпинча «ёзувчилик» аслида бўлмаган ихтирочилик муносабати билан ҳам юзага келади. Параноянинг кечиши сурункалидир.
“Қопда мушук” ишли ўйинини ўтказишга методик тавсиялар ва ўтказиш технологияси
3.1 Ўйиннинг умумий вақти – 45 минут.
3.2 Талабалар гурухи 3та кичик гурухларга бўлинади.
3.3 Ҳар бир кичик гурух қоғозга санани, гурух рақамини, факультетини, иштирокчининг ФИШни, ўйиннинг номини ёзишади.
3.4 Хар бир кичик гурухдан битта аъзоси конвертдан алохида вариантни олади.
3.5 15 дақиқа мухокама ва жавоб ёзишдан сўнг ўқитувчи вароқларни йиғиб олади.
3.6 Бахолаш балларда ўтказилади ва назарий қисмга назорат бахоларини қўйишда жавоблар тўғрилиги, тўлалиги ва тезлигига кўра эътиборга олинади.
«Неврозлар, этологияси, клиникаси, даволаш» мавзуси бўйича амалий машгулотда «Қопда мушук» ишли ўйинини ўтқазишга саволлар мажмуаси.
Неврозларга таьриф беринг.
Невроз ривожланишининг асосий этиологик омили.
Невроз ривожланишининг кушимча омили.
Невроз – бу функционал ёки органик касалликми?
Невроз клиник шаклларини сананг.
Невростениянинг асосий синдроми.
Психастеник неврознинг етакчи синдроми.
Истерик неврознинг етакчи синдроми.
Невротик даражадаги симптомларни санаб беринг.
Невротик даражадаги синдромларни санаб беринг.
Невроз ва нерозсимон бузилишларини дифференциал диагностикаси.
Невротик реакцияга таьриф беринг.
Невротик реакция – бу кандай холатнинг ташхиси?
“Невроз” ташхисини куйиш критерийлари.
Қандай шахсларда “ёпишқоқ холатлар неврози” купрок учрайди?
Қандай шахсларда “истерик неврози” купрок учрайди?
Истерик неврознинг белгиларини санаб беринг.
Неврозда ва неврозсимон шизофрениядаги обсессиянинг фарқли томонлари.
Неврозни даволашнинг асосий методи.
Неврозларни даволашда кайси гурух психотроп дорилар ишлатилади?
Психостеник неврознинг чузилиб кетган шаклларини даволашда кулланиладиган нейролептикларни курсатинг.
Невроз окибатлари.
Реактив психозга таьриф беринг.
Ясперс буйича “реактив психоз” ташхиси учун критерийлар.
Реактив психозларнинг таснифи.
Реактив параноиднинг структурасини курсатинг.
Реактив депрессия ва МДП нинг депрессив фазасининг фарклари.
Аффектив – шок реакция турларини таьрифлаб беринг.
Реактив холатларни даволашда УАШ тактикаси.
Реактив психоз окибатлари.
Психопатияга таъриф беринг.
Психопатия турларини санаб беринг.
“Психопатия” ташхисини қўйишнинг критерийларини кўрсатинг.
Шахс тузилмаси(структураси).
Шахснинг шаклланиш босқичлари.
Шахс шаклланишига таъсир этувчи омиллар.
Шахс акцентуацияси нима?
Акцентуациянинг психопатиядан фарқи нима?
Шизоид турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Психастеник турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Эпилептоид турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Қўзғалувчан турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Астеник турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Истероид(истерикасимон) турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Пароноял турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Нотурғун турдаги психопатиянинг асосий белгиларини санаб беринг.
Психастеник доирадаги психопатларнинг астеник доирадаги психопатлардан фарқини кўрсатинг.
Шизоид доирадаги психопатларнинг психасттеник доирадаги психопатлардан фарқини кўрсатинг.
Нотурғун доирадаги психопатларнинг истероид доирадаги психопатлардан фарқини кўрсатинг.
Темперамент турлари.
Психопатия ва психопатсимон бузулишлар ўртасида диф.диагностика ўтказинг.
Шахснинг қандай структуралари ижтимоий детерминирланган?
Эрта болаликдаги шахснинг патохарактерологик ривожланишини шакллантирувчи тарбиялашдаги хатоликларни кўрсатинг
Do'stlaringiz bilan baham: |