Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашни ташкил этиш.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларданмуҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 427-сонли “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги Қарори асосида республикамиз аҳолисини фавқулодда вазиятларга муҳофаза қилишга тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган.
Фуқароларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналарда, муассасаларда (таълим муассаларида) ва ташкилотларда, яшаш жойларида, уларнинг ёшлари ва ижтимоий гуруҳларига қараб олиб борилади.
Тайёргарликни ўтувчи аҳоли 3 та гуруҳга бўлинади:
1.Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, республика, вилоят тасарруфида бўлган шаҳарлар ва туманлар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органлари, вазирликлар, идоралар, бирлашмалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳаси мутахассислари.
2.Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, умумтаълим мактаблари, идоравий бўйсиниши ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар бошланғич, ўрта, олий ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари.
3.Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари этиб:
1.Аҳолининг барча гуруҳларига фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш қоидаларини ва асосий усулларини, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини, жамоа ва якка тартибда муҳофаза воситаларидан фойдаланиш қоидаларини ўргатиш;
2.Бошқарувнинг барча поғоналардаги раҳбарларини аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат қилишга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
3.Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларида авария- қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ўтказиш учун фуқаро муҳофазаси куч ва воситаларини тайёрлаш, уларда бошқариш кўникмаларини ҳосил қилиш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишда ходимларнинг ўз вазифаларини амалий эгаллаши белгиланган.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, вазирликлар, идоралар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари 40 ва 80 соатлик дастурлар асосида тайёргарликдан ўтадилар. Уларни ҳар уч йилда бир марта тайёргарликдан ўтказиб туриш кўзда тутилган.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳолини тайёрлаш иш жойларида машғулотлар ўтказиш ва тавсия қилинган дастурларга мувофиқ фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишни мустақил равишда ўрганиш, кейинчалик ўқув машқларда ва машғулотларда олинган билимлар ва малакаларини мустаҳкамлаш йўли билан амалга оширади. Бу гуруҳга кирувчиларни бешта гуруҳчаларга ажратиш мумкин:
мактабгача тарбия муассалари тарбияланувчилари;
умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари;
академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари талабалари;
олий ўқув юртлар талабалари;
корхона, ташкилот, муассасалар ишчи ва хизматчилари.
1.Мактабгача тарбия муассасалари. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида боғча ёшдаги болаларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида тайёрлаш йўлга қўйилмаган. Бу муассаларда болаларга хавфсизликнинг оддий элементларини ўргатиб бориш муҳим ҳисобланади.
2.Умумий ўрта таълим муассасалари. Ўзбекистон Республикаси “Кадрларни тайёрлаш миллий дастури”, “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ таълим муассасаларида фуқаро муҳофазаси бўйича дарслар олиб борилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2000 йил 4 январдаги буйруғига асосан ўрта умумтаълим мактабларининг 1-9 синфларида “Инсон хавфсизлиги асослари” курси жорий этилган. Курсни ўқитишда асосий эътибор шахсий ва жамоа хавфсизлиги асосларини ўргатиш, хавфли вазиятларни кўра билиш, уни баҳолаш ҳамда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уйда, кўчада, жамоат жойларида бажарилиши керак бўлган ҳатти-ҳаракатларни ўргатишга қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |