Фавқулодда вазиятларда аҳоли ва иқтисодиёт объектларини хабардор қилишни ташкил этиш
Фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ёки содир бўлиш эҳтимоли туғилганида алоқа ва хабар беришни тизимини ташкил этишга фуқаро муҳофазаси бошлиғи масъулдир. Алоқа ва хабар бериш тизимининг доимий тайёргарлигини бевосита фуқаро муҳофазаси хабар бериш ва алоқа хизмати таъминлайди. Фуқаро муҳофазаси алоқа тизими муқим, бошқарув пунктларининг алоқа тармоқлари базасига давлат алоқа тармоғига таянган ҳолда тинчлик даврида олдиндан ташкил этиб қўйилади. Республика, вилоят, пойтахт шаҳар алоқа тизими асосини шаҳар ва шаҳардан ташқари худудлардаги бошқарув пунктларининг алоқа тармоқлари ташкил этган бўлиб, улар алоқа вазирлигининг шаҳар ва шаҳардан ташқаридаги алоқа тармоқларига алоқа йўллари ёрдамида боғланган бўлади ҳамда улар орқали давлат алоқа тизимига чиқишни таъминлаб беради.
Бошқарув пунктларининг алоқа тармоғи - бошқаришни таъминлаш учун ишлатилган алоқа кучлари ва воситаларнинг ташкилий-техник бирлашмасидир.
Алоқа тармоқлари муқим (муҳофаза қилинган ва муҳофаза қилинмаган) ҳамда кўчма бўлади.
Муқим алоқа тармоқлари республика, вилоят, шаҳар, туман, вазирлик ва идораларнинг шаҳарлардаги ва шаҳардан ташқари ҳудудларидаги бошқарув пунктларидаги муҳофаза иншоотларида жиҳозланади. Кўчма алоқа тармоқлари автомобилларда, вертолётларда ва темир йўл вагонларида жиҳозланиб, муқим алоқа тармоғида узеллар ишдан чиққан ҳолда ва авария-қутқариш ишлари ўгказишда ва бошқа тусатдан пайдо бўлган вазифаларни бажаришда алоқаларни таъминлаб туришга мўлжалланган бўлади.
ФВДТ (Фавқулодда вазиятларда олдини олиш ва бартараф этиш давлат тизими)да радио, симли ва сигнал берувчи алоқа воситалари ишлатилади. Радио муҳим ва ишончли воситаси бўлиб, биринчи галда ФВДТ кучлари вазиятлар жойига олиб борилаётганда ва авария-қутқарув ишлари ўтказилаётганда уларни бошқариш учун ишлатилади. Бундай алоқа радио тармоқлари ва радио йўналишлари шаклида ташкил этилади. Симли алоқа воситалари фуқаро муҳофазаси кучлари ўз асосий жойида турганда, авария-қутқарув ишлари ўтказаётганда, уларни бошқариш учун ички алоқасини таъминлашда ишлатилади. Кўчма алоқа воситалари сифатида автомобиллар, мотоцикллар, верталётлар ва югурдаклардан фойдаланилади.
Сигнал берувчи воситалар - ахборот бериш, хабарлаш, бошқариш ва ўзаро ҳамкорлик тадбирларини ўтказиш сигналларини бериш учун ишлатиладиган эшитиш радиотехника воситаларидир.
Хабар бериш тизими марказлашган ва чекланган қуйи тизимларга бўлинади.
Алоқа ва хабар бериш марказлашган тизими.
Марказлашган хабар бериш тизими деганда тинчлик ва ҳарбий ҳаракатлар даврида фуқаро муҳофазасига масъул ходимларга ҳамда республика аҳолисига сигнал ва керакли ахборотларни тезликда етказиб беришга мўлжалланган техник воситалар, алоқа канали, радио ва телевидение мажмуаси тушунилади.
Ўз вазифаларига қараб марказлашган билдириш тизими республика, вилоят, туман, шаҳар, иншоот миқёсида тузилади. Аҳолига марказлашган ҳолда хабар бериш тизимининг махсус жиҳозланган техник воситалари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тасарруфида бўлади. Бу техник воситалар қоида бўйича Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлиги корхоналарида жойлаштирилади. Хабар бериш аппаратлари фавқулодда вазиятлар шаҳар (туман) бўлимларида ўрнатилади, агарда бундай бўлимлар мавжуд бўлмаса кечаю-кундуз тезкор навбатчилик ташкил қилинган жойларга ўрнатилади. Марказлашган хабар бериш тизими анча қулайликларга эга. Биринчидан, сиренанинг овози шаҳар, туман, вилоятнинг аҳолиси этиборини жалб қилиш имкониятини беради. Иккинчидан, уни ҳам тинчлик даврида - табиий офат, авариялар содир бўлганда, ҳам ҳарбий даврда қўллаш мумкин. Қишлоқларда, туманларда ва иқтисодиёт объектларида овозли сигналларни ва оғзаки хабарларни етказувчи хабар берувчи воситаларни ягона марказлашган хабар бериш тизимига бирлаштирувчи махсус аппаратлар мавжуд. Улар ёрдамида электро сиреналарни бошқариш, ходимларга уй ва хизмат телефонлари орқали хабар хабар бериш воситаларини улаш мумкин. Хабар бериш марказлашган тизими:
-шаҳарларда, туманларда, объектларда ва қишлоқларда йирик аҳоли пунктларида марказлашган ва марказлашмаган тарзда “Диққат барчага!” сигналини беришни;
-симли эшиттириш тармоқлари ва маҳаллий радио эшиттириш станцияларида оғзаки ахборот бериш йўли билан аҳолини хабарлашни;
-сигналларни ва ахборотни республика, вилоят, шаҳар, туман, вазирлик ва идораларнинг шаҳарлардаги ва шаҳардан ташқари ҳудудларидаги бошқарув пунктларига, ички ишлар шаҳар, туман бўлимларига етказишни;
-хонадон ва хизмат телефонларида мансабдор шахсларга доимий (циркуляр) билдиришни;
-фуқаро муҳофазасини билдириш сигналларини иқтисодиёт объектлари ишчилари хизматчиларига, ФВДТ тузилмаларига ва Ўзбекистон Республикасининг барча аҳолисига беришни таъминлаши керак.
Хабар беришнинг локал тизимлари.
Ҳалокатли сув босиш эҳтимоли бор ҳудудларда, атом энергетикаси объектлари ва кимёвий хавфли объектлар турган жойларда аҳолига тезроқ хабар бериш учун (айниқса Чернобил воқеасидан кейин) локал тизимлари яратиш масаласига алоҳида эътибор бериладиган бўлди. Бундай тизимлар ёрдамида авария содир бўлган объектдаги ишчи ва хизматчиларгагина эмас, балки заҳарланиш, вайрон бўлиш ёки ҳалокатли сув босиш эҳтимоли бор ҳудудга тушиб қоладиган аҳолига ҳам вақтида хабар бериш мумкин бўлади.
Тезкорлик - локал тизимларнинг асосий афзаллиги бўлиб,тезлик билан билдиришдан иборат. Масалан: диспетчер энг танг вазиятларда бир қарорга келиб сигнал бериши мумкин. Локал тизимлар одатда, сигнал берувчи қурилмалар (датчиклар)дан бошланади. Улар кимё иншоотларига ёки тўғонлар корпусига ўрнатиб қўйилади. Сигнал датчиклари диспетчерга тушади, у иншоотда рўй берган фавқулодда вазият хақида П-164 бошқариш пулти электрон ускуналар, иншоотдаги циркуляр чақириш қурилмалари ва П-164 узатгич (передатчик) орқали телефонлар ва радиокарнайлар орқали эълон қилади. П-164 узатгич зарарланиш (сув босиш) эҳтимоли бор ҳудудда яшаб турган аҳолига хабар беришнинг локал тизими П-160 аппаратини улаб, радиотрансляция каналларини, электр сиреналарини ва кўчадаги радиокарнайларни ишга туширади.
Республика, вилоятлар шаҳар ва шаҳардан ташқари ҳудудлардаги бошқарув пунктларидаги алоқа ФВДТ бошқармалар, бўлимлар ва хизматлар ҳамда ҳамкорлик қилувчи бошқармалар (қўшнилар), ҳарбий горнизонлар ва ҳарбий комиссарликлар, ҳамда разведка гуруҳлари, кўчма ва ёрдамчи бошқарув пунктлари, вазирликлар, идоралар, бирлашмалар, уюшмалар бошқарув пунктлари билан биргаликда ташкил этилади. Шаҳар (қишлоқ) туманлари бошқарув пункглари алоқанининг барча мавжуд куч ва воситаларини қўллаб, фавқулодда вазиятлар бошқарма (бўлим)лари, эвакуация органлари, транспорт ташкилотлари, иншоотлар бошқарув пунктлари, шаҳардан ташқари ҳудудлар, ўзаро ҳамкорлик қилувчи (қўшни) туманлар, маҳаллий тузилмалар, фуқаро муҳофазаси вазифаларини ҳал этиш учун ажратилган ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар билан алоқани ташкил этади. Алоқа ва билдиришнинг марказлаштирилган ва локал тизимларини тузиш ва доимий шай ҳолда сақлаб туриш аҳолига фавқулодда вазиятлар хавфи ёки юзага келиши ҳақидаги ахборотларни ўз вақтида етказиш имкониятини беради. Хабар бериш аҳолига тушунарли, аввалдан белгиланган шартли сигналлардан бошланади. Мақсад аҳолининг эътиборини инсонларнинг саломатлигига таҳдид солувчи хавфли вазият содир бўлиши мумкинлигига қаратиш ва бундай вазиятдатн ҳаракат тартибини тушунтиришдан иборат.
Алоқа воситалари ва хабар бериш усуллари аввалдан режалаштирилган ва ташкил қилинган бўлиши керак. Фуқаро муҳофазаси тадбирларини ўгказишнинг барча режимларида алоқа ва хабар бериш воситалари асосий ўринни эгаллайди.
Ҳар қандай хавф-хатар ҳолатида электр сиреналари ишга туширилади. Уларнинг ҳайқириғига корхоналарнинг узуқ-узуқ гудоклари жўр бўлади. Фуқаро муҳофазасининг “Диққат барчага!” деган овози эшитилган заҳоти телевизор, радиоприемник, радиокарнайларни ишлатиб қўйиб, маҳаллий ҳокимият органларининг ёки фавқулодда вазиятлар бошқарма, бўлимларининг хабарларини тинглаш керак.
Бу табиий офат ёки авария оқибатларини тугатгунча давом этиши лозим. Аҳоли пунктларининг ва иқтисодиёт объектларининг радиотрансляция тармокдари кечаю-кундуз ишлашга ўтказилиши керак.
Радиоэшиттириш ва телевидение (жўр овоз бўладиган радиоузатгичларни ҳам қўшиб) республика аҳолисига хабар бериш ва ахборотни етказишнинг асосий воситалари ҳисобланади. Хабар бериш сигналлари ва тегишли ахборот бутун ҳудудга ҳам, шунингдек ҳудудларни танлаб олиб (вилоят тумани) ҳам берилиши мумкин.
Овозли хабарларни Алоқа вазирлигининг ёки Давлат телерадиосининг эшиттириш студияларидаги суҳандонлар (дикторлар) ёки вилоят, шаҳар, қишлоқ туманлари маъмурий марказлардаги студияларнинг ва иқтисодиёт иншоотлари диспетчерлик пунктларининг суҳандонлари эшиттирадилар.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари асосланган овозли хабарлар матнини давлат ва рус тилларида айтиб чиқишлари, уларни магнит тасмасига (видеокассетага) ёзиб қўйишлари керак.
Кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда ҳолларда овозли қисқа хабарларни фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчисининг бевосита иш ўрнидан туриб магнит тасмасидан ёки тўғридан тўғри эшитгириш тарзида (магнит тасмасига олдин ёзиб олган тарзда) эшиттиришга тегишли фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг ижозати билангина йўл қўйилади. Радиотрансляция тармоғини танлаб олиш учун П-164 аппаратидан фойдаланилади. Билдириш сигналлари телевидениеда ҳам, эфирга ҳам бевосита узатиб ёки видеомагнит тасмага ёзиб олиб етказилади. Бу мақсадда республика эшиттириш дастурлари ишга солинади. Вилоятларда республика дастурига исталган вақтда кириб, вилоят телерадио марказларидан ахборот бериб хабардор қилиш имконияти бор.
Фавқулолда вазият содир этилганда аҳолига билдириш тартиби куйидагича бўлиши мумкин. Кимёвий хавфли объектда авария бўлганда бундай ахборот берилади: “Диққат барчага! Шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимидан гапирамиз... Фуқаролар! Кимё комбинатида кучли таъсир этувчи заҳарли модда - хлор чиқиб кетиб, авария содир бўлди. Заҳарланган ҳаво булути ... йўналишида тарқала бормокда. Қуйидаги шаҳар, туманлар ва вилоят аҳоли пунктлари кимёвий заҳарланиш ҳудудида қоладилар... Заҳарланиш ҳудудига тушиб қолган кишилар уйларидан, муассаса, корхона, ўқув юртларидан дарҳол чиқсинлар, шамол йўналишига перпендикуляр, энг қисқа йўл билан хавфсиз жойларга ўтсинлар. Ташқарига олдин ҳўлланган ёки 2% ли ичимлик сода эритмаси, пахтали дока боғич тақиб олинглар. Заҳарланган ҳаво булути етиб келгунча хонадондан чиқиб улгуришга улгирмасангиз, хонангизни эшик ва деразаларини зичлаб ёпиб, ташқаридан ҳаво кирмайдиган қилиб олинг. Ертўлалар ва уйларнинг пастки қаватларига хлор ҳаводан оғир бўлгани учун, пастқам жойларга, ертулаларга оқиб киради. Кейин эса фавқулодда бўлимининг кўрсатмасига биноан йўл тутинг. Ҳозир фавқулодда вазиятни талофатларини бартараф этиш борасида ишлар олиб бориляпди. Ахборотларни кузатиб боринг”.
Мана шу тартибдаги ахборот бир неча маротаба берилади.
Фавқулодда вазият хавфи туғилганда ва содир бўлганида хавф даражасини кўрсатадиган иккита билдириш белгиланган:
1.Юқори тайёргарлик режими.
2.Фавқулодда режим.
Иккала режимда ҳам фуқаро муҳофазаси томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши керак:
-фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун шаҳар объектларини ва саноат зоналарини жойлашишини ҳисобга олган ҳолда оқилона режа тузиш;
-иккиламчи шикаст ўчоқлари пайдо бўлиши хавфини камайтиришни таъминлайдиган технологик жараён, конструкциялар жорий қилиш, нодир ускуналарни қидириш;
-осон ёнувчан, портлаш хавфи бор ва кучли заҳарли моддалар ҳажмини иложи бор даражада камайтириш, суюқлик идишларини муҳофаза қилиш, улардан суюқлик оқишини йўқ қиладиган ёки чеклайдиган чораларни кўриш;
-фуқаро муҳофазаси сигнали берилганда ва электр энергияси тўсатдан ўчиб қолганда ишлаб чиқаришни авариясиз тўхтатиш чораларини кўриш;
-фавқулодда вазият шароитида ташиш ишларига транспортни тайёрлаш;
-мавжуд хўжалик алоқалари бузилган тақдирда фойдаланиш учун моддий-техника таъминоти резерви ва дубляж қилувчи базаларини тайёрлаш;
-тармоқ тараққиёти мобайнида объектларни, бўлиб-бўлиб тарқатиб юбориш;
-ишлаб чиқаришни ёки муҳимроқ маҳсулотни ҳар хил объектларда дубляж қилиб чиқариш;
-иншоотларни чуқурлаштириш, пастроқ иншоотлар қуриш, вертикал конструкцияларни горизонталларига алмаштириш;
-иншоотлардаги алоҳида элементлар орасида қўшимча боғланишлар ўрнатиш ҳисобига конструкциялар пишиқлигини ошириш;
-ускуналарни ёнмайдиган енгилгина тўсиқ конструкциялари бор иморатларга ўрнатиш;
-энерготаъминот тизимлари ишининг барқарорлигини таъминлаш (автоном манбалар, дизел электр станциялар-артезиан қудуклар ҳисобига);
-объект таъмирланаётганда жўн ва осон аланга оладиган конструкцияларни барқарорлик шартларига жавоб берадиган конструкцияларга алмаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |