2-БОБ. “Фавқулодда вазиятлари” таснифи.
Фавқулодда вазиятларнинг турлари,
юз бериш сабаблари.
Фавқулодда вазият – одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиги ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши, жиддий моддий талофатлар келтириб чиқариши ҳамда одамлар ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса ёки бошқа табиий офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган вазият.
Ҳар бир фавқулодд вазият рўй бериш жойи, сабаби, кўлами, у билан боғлиқ бўлган моддий зарар ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради.
Ҳозирги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири фавқулодда вазиятлар, талофатлар, авариялар, фалокатлар ва турли-туман офатларнинг ҳосил бўлиши ва ривожланишини башоратлаш, олдиндан давлат органлари ва аҳолини яқинлашиб келаётган офатдан огоҳ этишдан иборатдир.
Фавқулодда вазиятлар уларнинг вужудга келиш сабабларига (манбаларига) кўра тасниф қилинади ва ушбу вазиятларда зарар кўрган одамлар сонига, моддий зарарлар миқдорига ва кўламига (ҳудудлар чегараларига) қараб локал, маҳаллий, республика ва трансчегарали турларига бўлинади.
Табиий тусдаги фавқулодда вазиятлар
1.Хавфли геологик ҳодисалар:
-одамлар ўлимига, маъмурий ишлаб чиқариш биноларини, технологик асбоб ускуналарининг, энергия таъминоти, транспорт коммуникациялари ва инфраструктура тизимларининг, ижтимоий йўналишдаги биноларнинг ва уй-жойларнинг турлича даражада бузилишига, ишлаб чиқариш ва одамлар ҳаёт фаолиятининг издан чиқишига олиб келган зилзилалар;
-одамлар ўлимига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган ва хавфли ҳудуддан одамларни вақтинча кўчиришни ёки хавфсиз жойларга доимий яшаш учун кўчиришни талаб қилувчи ер кўчишлари, тоғ ўпиришлари ва бошқа хавфли геологик ҳодисалар.
2. Гидрометеорологик хавфли ҳодисалар:
-одамлар ўлимига, аҳоли пунктларини, саноат ва қишлоқ хўжалик объектларини сув босишига, инфратузилмалар ва транспорт коммуникациялари, ишлаб чиқариш ва одамлар ҳаёт фаолияти бузилишига олиб келган ва шошилинч кўчириш тадбирлари ўтказилишини талаб қиладиган сув тошқинлари, сув ўпиришлари ва селлар;
-аҳоли пунктларини, санаторий, дам олиш уйларидаги, соғломлаштириш лагерларидаги одамларнинг, туристларнинг ва спортчиларнинг жароҳатланишига ва ўлимига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган қор кўчкилари, кучли шамоллар (довуллар), жала ва бошқа хавфли гидрометеорологик ҳодисалар.
3. Фавқулодда эпидемиологик, эпизоотик ва эпифитотик вазиятлар:
-ўлат, вабо, сарғайма, иситма каби сийрак учрайдиган касалликларни келтириб чиқарган алоҳида хавфли инфекциялар;
-одамларда учрайдиган юқумли касалликлар риккетсиялар-эпидемик тошмалар, терлама, Бриль касаллиги, Ку-иситма;
-зооноз касалликлар-Сибир яраси, қутуриш;
-вирусли инфекциялар –ОИТС;
-эпидемия-алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омиллари бир бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланиши, бир аҳоли пунктида -50 киши ва ундан ошиқ;
-аниқланмаган этиология билан гуруҳ бўлиб касалланиш -20 киши ва ундан ошиқ;
-ташҳиси аниқланмаган безгак касаллиги- 15 киши ва ундан ошиқ;
-ўлим ёки касалланиш даражаси ўртача статистик даражадан 3 баравар ва ундан ошиқ бўлган вазият;
-заҳарли моддалар билан заҳарланиш- жабрланганлар сони -10 киши, вафот этганлар сони – 2 киши ва ундан ошиқ;
-озиқ-овқатдан оммвий заҳарланиш –жабрланганлар сони – 10 киши, вафот этганлар сони 2 ёки ундан ошиқ;
-эпизоотия – ҳайвонларнинг умумий қирилиб кетиши ёки касалланиши;
-эпифитотия- ўсимликларнинг оммавий нобуд бўлиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |