5. Корхона операцион фаолияти самрадорлигини баҳолашнинг замонавий моделлари
Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (кейинги ўринларда - СМК) устав жамғармасида давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар ва давлат корхоналарининг ижро этувчи органи аъзолари (раҳбар, раҳбар ўринбосарлари, бош ҳисобчи ва бошқалар) фаолияти самарадорлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган баҳолаш мезонларининг миқдорий ўлчовидир.
Хорижий тажрибада KPI - инглизча Key Performance Indicators – (ключевой индикатор выполнения) – бажариладиган муҳим кўрсаткичлар.
СМК кузатув кенгаши, у мавжуд бўлмаганда эса - юқори бошқарув органи ёки муассис (давлат корхоналари учун) қарори билан тасдиқланади ва унда
соф тушум, соф фойда, таннархни камайтириш, молиявий барқарорлик, тўлов қобилияти, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, экспорт-импорт, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари бажарилиши, энергосамарадорлик ва самарадорликнинг бошқа кўрсаткичлари белгиланади ҳамда ҳар чорак якуни бўйича ҳисобланади.
СМК ишлаб чиқилишида ҳар бир кўрсаткич учун салмоқ ўлчови (уделный вес) ҳамда прогноз (мақсадли) кўрсаткичларни белгилаш муҳим ҳисобланади, чунки ҳар бир кўрсаткичнинг чорак якуни бўйича бажарилиш миқдорини салмоқ ўлчовига кўпайтириш ва 100 га булиш орқали СМК (KPI) аниқланади. Бунда, салмоқ ўлчови тегишли ҳисоб-китобларсиз, яъни корхона учун аҳамиятлилик даражаси ҳисобга олинмасдан белгиланган бўлса, СМК (KPI) нинг якуний натижаси аниқ бўлмаслик эҳтимолини вужудга келтириши мумкин.
Корхонага нисбатан татбиқ этиладиган асосий ва қўшимча СМКнинг салмоқ ўлчовларининг ҳар бири 100 фоизни ташкил қилиши лозим ва фақат асосий кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича белгилаб қуйилган салмоқ ўлчовлари корхонани ваколатли бошқарув органи розилиги асосида ўзгартирилиши мумкин. СМК рўйхати, салмоқ ўлчовлари ва прогноз (мақсадли) кўрсаткичлари Бизнес-режада алоҳида илова сифатида акс эттирилади ва кузатув кенгаши, у мавжуд бўлмаганда эса - юқори бошқарув органи ёки муассис томонидан корхонанинг Бизнес-режаси билан биргаликда тасдиқланади (маъқулланади). Кузатув кенгаши (юқори бошқарув органи ёки муассис) томонидан ҳар чорак якуни бўйича СМКнинг бажарилиш ҳолати юзасидан ижро этувчи органнинг ҳисоботи эшитилади ва унинг фаолияти баҳоланади.
Асосий СМК бўйича ҳисобланган миқдор ташкилотнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигининг йиғинди кўрсаткичи (кейинги ўринларда - СЙК) сифатида ифодаланади. Агар, қўшимча СМК қўлланилса, СЙК асосий СМК билан қўшимча СМК нинг ўртача арифметик миқдорида аниқланади.
СМК тўғри ҳисобланиши ва ишончлилиги учун корхона раҳбари масъул ҳисобланади.
Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларнинг масъулиятини ошириш ва мониторинг тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 9 декабрда “Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 775-сон қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилди. Жумладан: корхона самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичларга қўшимча тарзда соф тушум ва соф фойда режаси, таннархни камайтириш, чет эл валютасига бўлган мустақиллик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари, экспорт ҳажмининг бажарилиши ва энергия самарадорлиги каби кўрсаткичлар жорий этилиши;
СМКнинг салмоқ ўлчовлари қатъий белгиланиши;
СМК натижалари Агентлик веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки "қониқарсиз" ёхуд "паст" бўлганда ижро органи рағбатлантирилмаслиги;
молиявий ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, корхоналар ҳар чоракда СМКни ҳисоблаши ва эълон қилиши белгиланди.
Корхонанинг бухгалтерия ҳисоботлари, давлат органларига топшириладиган молиявий, статистик, солиқ ва бошқа ҳисоботлари ҳамда бизнес-режадаги ва бошқа маълумотлар СМКни ҳисоблашнинг ахборот манбаи ҳисобланади.
Бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, корхоналар ҳар чоракда СМК бажарилишини ҳисоблаши ва унинг натижаларини ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 30-санасигача Агентликнинг www.kpi.davaktiv.uz расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали эълон қилиши шарт.
Ушбу талаб бир йилда бир марта ҳисобот топширадиган корхоналарга ҳам ҳамда бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларга ҳам тааллуқлидир.
Корхонада ижро этувчи орган фаолияти самарадорлиги натижалари Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки уларнинг фаолияти қониқарсиз ёхуд паст даражада деб эътироф этилган тақдирда, ижро этувчи орган аъзоларига устамалар (надбавка) белгилаш, мукофот пули ва бошқа моддий рағбатлантиришлар тўлаш мумкин эмас.
Ижро этувчи орган фаолиятининг самарадорлиги кетма-кет икки чорак мобайнида қониқарсиз ёки паст даражада (ҳар қандай уйғунликда) ва/ёки умуман баҳоланмаган бўлса, ёхуд унинг натижалари Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилмаган бўлса, бу корхонанинг ижро этувчи органи раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келади.
Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органининг йил якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги юқори баҳоланганда, уларга корхона бошқарув органининг қарорига асосан соф фойданинг 5 фоизигача бўлган миқдорда, бир йўла тўланадиган бонус берилиши мумкинлиги белгиланди. Бунда, тўланган бонус миқдори тўғрисидаги ахборот икки кун муддатда корхонанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |