ОН учун казус топшириқлари: 1-казус Д.Нарзиев Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманининг маҳаллаларидан бирида жойлашган жами 4 хонадан иборат уйда ўзи ва оиласидан ташқари ота-онаси ҳамда 3 нафар ака-укалари ва уларнинг оилалари билан бирга яшаб келар эди. Ушбу хонадонда жами 16 кишининг яшаши ҳар томонлама ноқулай эди.
Д.Нарзиев 2019 йил 20 май куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг қабулида бўлди. У ҳокимдан истиқомат қилиб келаётган уйнинг қурилганига 50 йилдан ошгани, уйнинг ҳовлиси кичик экани, хоналар сони оила аъзоларига мутаносиб эмаслигини, шу боис мазкур уйда яшаб келаётган ҳар бир оилага давлат ҳисобидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан алоҳида квартира ажратиб берилишини сўради.
Шайхонтоҳур туман ҳокими бунинг иложи йўқ экани, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг кредитга уй-жой олишлари учун тегишли тартиб қоидалар мавжудлиги, фуқаро Д.Нарзиев мазкур қоидаларга амал қилган ҳолда уй олиши мумкинлигини айтди.
Д.Нарзиев кредитга уй олиши учун дастлабки бадални тўлашга имконияти йўқ экани, бирон жойда ишламаслигини маълум қилди. Шайхонтоҳур туман ҳокимига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддимасида “республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб” деган сўзлар давлат томонидан моддий қийинчиликка дуч келган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга давлат ҳисобидан уй-жой берилишига асос бўла олиши, агар унга ва у билан бирга бир хонадонда яшаб келаётган оилаларга давлат ҳисобидан уй-жой берилмаса, тегишли тартибда юқори органларга мурожаат қилишини айтди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
2-казус 2019 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодексига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди. Унга кўра ички ишлар органи ходими асосли тарзда жиноят содир этишга мойил деб ҳисоблаган шахс бошқа шахслар билан бир жамоат жойида тўпланса, ички ишлар органи ходими уларнинг тарқалишига буйруқ бериши, ушбу буйруққа бўйсунмаган шахсларни жавобгарликка тортиш чорасини кўришга ҳақли экани назарда тутилди. Қонуннинг асосий мақсади шаҳарларда жиноят кўрсаткичини пасайтириш ва хавфсиз ҳудудларни яратиш экани, шунингдек безорилик, одам ўлдириш ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга қаратилгани айтилди.
2019 йил 5 июнь куни кечки соат 21.30 да оилавий жанжал сабабли уйдан асабий ҳолда чиққан Ж.Аброров Амир Темур ҳиёбонида сайр қилиб юрар эди. Унга хотини қўнғироқ қилганда телефонда у билан баланд овозда жанжаллашиб кетди. Сўнг ўртоғига қўнғироқ қилиб Амир Темур ҳиёбонига келишини ва у билан гаплашадиган гапи борлигини айтди. Ўртоғи Р.Мансуров айтган жойга етиб келди. Ушбу ҳолатни бошидан кузатиб турган ички ишлар органи ходими уларни жиноят содир этишга мойил шахслар деб топди ва уларнинг ёнига келиб тарқалишларини буюрди.
Ж.Аброров бунга қаршилик кўрсатди. Шунда ички ишлар органи ходими томонидан унга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодексида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун баённома расмийлаштирди.
Кейинчалик Ж.Аброров Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилди. Мурожаатда 2019 йил 15 майда қабул қилинган қонун инсоннинг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, шунингдек эркинлик ва шахсий дахлсизлик сингари конституциявий ҳуқуқларини поймол этгани сабабли мазкур қонунни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид деб топишни сўради.