2.2. Шартномавий вакиллик ва уни расмийлаштириш тартиби.
Биринчи навбатда вакиллик тушунчасида вакил ўз ваколатини ваколат берувчининг манфаатларини кўзлабгина амалга оширишга мажбур деган тушунчани коида сифатида олишимиз мақсадга мувофиқ. Шартномавий вакилликда аввало вакилликнинг вужудга келиши тарафларнинг ўз эрки, хоҳиш-истаги асосида ўзаро келишувга мувофиқ белгиланишида кўришимиз мумкин.
Шартномавий вакилликда вакил ва унинг ваколатлари вакил қилувчининг эрки билан юзага келиши билан вакилликлардан ажралиб туради.
Қонун бўйича вакилликдан фарқи бунда вакиллик ва вакилликни меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади, у муомалага лаёқатсиз шахс (ёш болалар, акли заиф ва руҳий касал)ларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 817-моддасига мувофиқ топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади.
Топшириқ шартномасининг ҳуқуқий доираси Фуқаролик Кодексининг 46-бобида (817-831-моддалар) белгиланган нормалар ҳамда “Вакиллик ва ишончнома” номли 10-боб билан тартибга солинади.
Топшириқ шартномаси жаҳон ва миллий юриспруденстия тарихида ўзига хос узоқ ва қизиқарли тарихга эга бўлган шартномалардан биридир. Кундалик ҳаётда учраб турадиган турли сабабларга кўра (касаллик, айрим масалалар бўйича махсус билимларнинг этишмаслиги, яшаш жойида узоқ муддат бўлмаслиги ва бошқ.) фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчилари мустақил равишда битим тузиш ва бошқа юридик ҳаракатларни амалга ошириш имкониятига эга бўлмасликлари мумкин. Бундай ҳолларда топшириқ шартномасини тузиш орқали улар учун ушбу ҳаракатларни бошқа шахслар воситасида бажарилиши таьминланади.
Бозор муносабатларига асосланган иқтисодий тизим шароитида мазкур шартноманинг қўлланилиш доираси (турар ва нотурар жойларни сотиш ва сотиб сольиш, юридик хизмат, маркетинг ва бошқ.) йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Топшириқ шартномаси вакиллик институтининг классик кўринишларидан ҳисобланади, чунки вакил томонидан содир этилган ҳаракатлар бевосита топшириқ берувчи учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради. Бунда вакил тегишли ҳаракатларни ўз номидан эмас, балки топшириқ берувчи номидан амалга оширади.
Шу билан биргаликда, ишончли вакилнинг учинчи шахслар олдидаги ваколатларини белгилашга йўналтирилган вакилликдан фарқли равишда, топшириқ шартномаси ишончли вакил ва топшириқ берувчи ўртасидаги муносабатларнинг “ички” томонини тартибга солади. Одатда, ишончнома берилгунга қадар ишончли вакил томонидан топшириқ берувчининг манфаатлари йўлида учинчи шахслар олдида ҳаракат қилиш шартлари белгиланган топшириқ шартномаси тузилади.
Топшириқ шартномаси коньсенцуал, икки томонлама ва одатда, текин тузиладиган шартнома ҳисобланади. Фуқаролик Кодексининг 818-моддасига мувофиқ агар қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, ишончли вакилга ҳақ тўланиши шарт. Агар топшириқ шартномаси иккала тараф ёки улардан бирининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлса, топшириқ берувчи, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт. Вакил талаб қилинган ҳамма ҳаракатларни тегишли даражада амалга оширган, бироқ топшириқ у айбдор бўлмаган ҳолда бажарилмай қолган тақдирда ҳам ҳақ тўланиши керак.
Мазкур шартноманинг яна бир ўзига хос хусусияти унинг фидистуар характерга эгалигида, яни шахсий ишончга асосланганлигида намоён бўлади. Шартнома тарафларининг номланиши ҳам айнан шундан далолат беради: топшириқ берувчи ва ишончли вакил. Улар ўртасидаги муносабатларда фидистуарликнинг йўқолиши тарафлар томонидан шартномани бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Фуқаролик Кодексининг 823-моддаси 2-қисмига мувофиқ, топшириқ берувчи истаган вақтда топшириқни бекор қилишга, вакил эса топшириқдан бош тортишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Муомалага лаёқатли жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахслар шартноманинг тарафлари бўлиши мумкин. Агар топшириқ шартномаси тижорат вакиллигига оид муносабатларни расмийлаштирса вакил сифатида якка тартибдаги тадбиркор ёки тижоратчи юридик шахслар ҳаракат қилиши мумкин.
Муайян бир юридик ҳаракатлар амалга оширишга доир хизматлар мазкур шартноманинг предметини ташкил этади. Ушбу юридик хизматнинг асосий моҳиятини фуқаролик муомаласи қатнашчисининг махсус ваколат берилган шахслар орқали битимда тараф сифатида иштирок этиш имкониятини қўлга киритиш ташкил этади. Қонуннинг тўғридан-тўғри ко’рсатмасига мувофиқ ёки ўта шахсий тусга эга бўлганлиги туфайли вакил орқали амалга оширилмайдиган юридик ҳаракатлар (васиятнома тузилиши, никоҳ қайд этилиши) ушбу шартноманинг предмети бўлмайди.
Фуқаролик Кодексининг 817-моддасида ўрнатилган қоидага мувофиқ, топшириқ шартномаси қатьий равишда ёзма шаклда тузилиши лозим. Шартнома шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Топшириқ шартномаси муддати вакил томонидан амалга оширилиши лозим бўлган топшириқнинг характерни ҳисобга олиб аниқланади. Топшириқ шартномаси вакил топшириқ берувчининг номидан иш олиб боришга ҳақли бўладиган муддатни кўрсатган ёки бундай муддатни кўрсатмаган ҳолда тузилиши мумкин. Топшириқ берувчи ишончли вакилга муайян ҳаракатларни амалга ошириш учун ишончнома бериши назарда тутилган. Бундай ҳолларда шартнома муддати берилган ишончнома муддатидан кам бўлиши мумкин эмас. Шартнома муддати ишончномани амал қилиш муддати билан бир хил ёхуд ундан ортиқ бўлиши лозим.
Топшириқ шартномаси икки томонлама шартнома ҳисобланиши туфайли топшириқ берувчи ва ишончли вакил тегишли ҳуқуқларга эга бўлади ва уларга тегишли мажбуриятлар юкланади. Вакил ўзига берилган топшириқни топшириқ берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмалари топшириқни ижро этиш усуллари ва тартибига ҳамда вакил томонидан амалга ошириладиган битимнинг шартлари ва мазмунига доир бўлиши мумкин. Қонуннинг қатьий талабига мувофиқ ушбу кўрсатмалар аниқ, йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлиши лозим19.
Қоидага кўра, топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишга йўл қўйилмайди. Бироқ, амалиётда вакил унга берилган кўрсатмаларга мувофиқ топшириқни ижро этиш имконига эга бўлмаган ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда қуйидаги шартларга амал қилган ҳолда вакилнинг топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишига йўл қўйилади:
ишнинг ҳолатларига кўра, топшириқ берувчининг манфаатлари учун зарур бўлса;
топшириқ берувчидан бу ҳақда олдиндан сўрай олмаган ёхуд ўз сўровига оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса.
Бундай ҳолларда вакил имкони бўлиши билан йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчини хабардор қилиши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиққан ҳолда бажарилган топшириқни лозим даражада бажарилган деб ҳисобланиши учун уни ўз вақтида хабардор этиш муҳим аҳамият касб этади. Юқорида кўрсатилган икки шартлардан бирининг мавжуд бўлмаслиги вакил томонидан амалга оширилган битимнинг салбий оқибатлари унинг зиммасига юкланишига сабаб бўлади.
Агар вакил тижорат вакили сифатида иш олиб бораётган бўлса, топшириқ берувчи вакилга ўзининг кўрсатмаларидан четга чиқиш борасида кенгроқ ҳаракат қилиш эркинлигини тақдим этиши мумкин. Топшириқ берувчи тижорат вакили сифатида иш олиб борадиган вакилга топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб олдиндан сўров юбормаган ҳолда топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай ҳолларда тижорат вакили, агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига оқилона муддатда хабар бериши шарт.
Вакилнинг топшириқни шахсан ўзи бажариши навбатдаги мажбурияти ҳисобланади. Ушбу мажбурият шартноманинг шахсий ишончга асосланганлигидан, унда вакилнинг шахсига нисбатан ишонч муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқади. Топшириқни бажариш жараёнида вакил қўшимча фактик ҳаракатларни (машинист, дурадгор, ҳайдовчи, компьютерда матн терувчи ва бошқ.) амалга ошириш учун ёрдамчи жалб этиши мумкин ва бу ҳолат мажбуриятни шахсан бажариши лозим деган қоидадан четга чиқиш ҳисобланмайди. Ёрдамчининг ҳаракатлари учун вакил топшириқ берувчи олдида ўз ҳаракатлари каби жавоб беради. Агар шартномада назарда тутилмаган бўлса, ёрдамчини топшириқни бажаришга жалб этиш учун топшириқ берувчининг розилиги талаб этилмайди.
Фуқаролик Кодексининг 820-моддасида вакилнинг топшириқни шахсан ўзи бажариши лозим, деган қоидадан баъзи истисноларни назарда тутади. Муайян ҳолларда вакил топшириқни бажаришни бошқа шахсга топширишига йўл қўйилади. Фуқаролик Кодексининг 822-моддасига кўра, агар топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса ёки вакил топшириқ берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вазият тақозоси билан мажбур бўлса топшириқни бажаришни бошқа шахсга (ўринбосарга) ишониб топшириши мумкин. Топшириқ берувчи айнан ким томонидан топшириқлар бажарилишига нисбатан бефарқ бўлмайди. Бундай ҳолларда вакил бу ҳақда дарҳол топшириқ берувчини ўринбосар тўғрисидаги барча зарур маълумотларни хусусида хабардор қилиши шарт. Ўринбосарнинг номи топшириқ шартномасида келтирилмаган бўлса топшириқ берувчи вакил танлаган ўринбосарни рад этишга ҳақли.
Агар вакил ўринбосарининг номи шартномада кўрсатилган бўлса, шунингдек, ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши шартномада назарда тутилган бўлсаю, лекин ўринбосарнинг номи унда кўрсатилган бўлмаса, вакил ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши учун жавобгар бўлмайди. Лекин, вакилнинг ўринбосари томонидан иш юритилиши топшириқ шартномасида назарда тутилмаган бўлса, вакил ўз ўринбосарининг ҳар қандай ҳаракатлари учун жавобгар бўлади. Топшириқ берувчининг талабига мувофиқ унга топшириқ қандай бажарилаётганлиги ҳақида маълумот бериб туриш вакилнинг мажбуриятларидан биридир. Ушбу мажбурият топшириқ берувчига ишларнинг жорий ҳолати тўғрисида доимий хабардор бўлиши ва зарур ҳолларда тегишли чоралар кўриш имкониятини беради. Шунингдек, топшириқни бажариш учун тузилган битимлар бўйича олинган ҳамма нарсаларни (пуллар, қимматли қоғозлар, ашёлар) вакил кечиктирмасдан топшириқ берувчига топшириши шарт.
Бироқ, қонунда назарда тутилган ҳолларда топшириқ берувчи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаргунга қадар вакил ушбу мажбуриятини бажармаслиги мумкин. Фуқаролик Кодексининг 818-моддаси 5 қисмига кўра, тижорат вакили сифатида иш олиб борувчи ишончли вакил ушбу Кодекснинг 290-моддасига мувофиқ, топшириқ берувчига топширилиши керак бўлган ўз қўлидаги ашёларни топшириқ шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли. Вакилга тегишли бўлган мазкур ушлаб туриш ҳуқуқи шартнома бўйича ҳақ олишини ва топшириқни бажариш жараёнида қилинган харажатларини қопланишини таъминлайди.
Вакил топшириқ бажарилган ҳолларда топшириқ берувчи ва учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлишини тасдиқлайдиган ҳужжатларни топшириқ берувчига тақдим этиши шарт. Шунингдек, вакил топшириқ бажариб бўлинганидан кейин амал қилиш муддати тамом бўлмаган ишончномани кечиктирмасдан топшириқ берувчига қайтариб бериши ва, агар шартнома шартларига ёки топшириқнинг хусусиятига кўра зарур бўлса, ҳисобот тақдим этиб, унга исботловчи ҳужжатларни илова қилиши шарт. Ҳисобот ёзма шаклда тузилиб, ўзида амалга оширилган харажатларнинг миқдори ва зарурлигини исботловчи бажарилган ҳаракатлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни акс этиши зарур.
Топшириқ берувчи вакил шартномага мувофиқ бажарган ишларини, яъни ҳужжатлар, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк ҳамда амал қилиш муддати ўтмаган ишончномани кечиктирмасдан қабул қилиб олиши шарт. Топшириқ берувчи вакилни топшириқни бажариш учун зарур бўлган маблағлар билан таъминлаши лозим. Харажатлар қопланишини вакил томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларнинг ижобий натижага олиб келиши билан боғлаш мақсадга мувофиқ эмас. Агар топшириқ берувчи томонидан ажратилган маблағлар топшириқни бажариш учун этарли бўлмаганда вакил ўз ҳисобидан харажат қилган бўлса, топшириқ берувчи қилинган зарур харажатларни тўлаши шарт.
Юқоридан таъкидланганидек, топшириқ берувчи топшириқ бажарилганидан кейин, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган бўлса, вакилга ҳақ тўлаши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |