Bog'liq Фуқаролик ҳуқуқи Х II-қисм дарслик 30.08.2018
Шартнома тарафлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномасида субъектлар сифатида буюртмачи ва пудратчилар иштирок этадилар. Буюртмачилар сифатида ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар иштирок этишлари мумкин. Энг муҳими, уларнинг лойиҳа ва қидирув ишларига бўлган эҳтиёжи ва хоҳиш-иродасидир, лекин фуқаролар ҳам, юридик шахслар ҳам қонун йўл қўйган асослардаги соҳалар, объектлар бўйича буюртмачи бўлишлари мумкин. Улар фуқаролик муомаласида бўлган объектларга белгиланган тартибда буюртмачи бўлишга ҳақлидирлар. Атом энергетикаси объектлари, магистрал трубопроводлар, кўприкларни лойиҳалаш ишларини буюртма қилишга шундай фаолиятларни амалга ошириш тўғрисидаги ваколатлари уларнинг низомларида кўрсатилган ва тегишли тарзда махсус рухсатномалар олган бўлишлари лозим. Кўп ҳолларда қурилиш пудратчилари буюртмачилар бўлиб иштирок этадилар.
Пудратчилар сифатида қонун ҳужжатлари асосида махсус рухсатнома (лицензия) олган ва тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ташкилотлар иштирок этадилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 мартдаги 50-сонли “Республика лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида бир қатор лойиҳа-қидирув ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда муайян фаолият юзасидан лицензияларга оид кўрсатмалар белгиланган. Ушбу қарорда “ТошуйжойЛИТИ” АЖ, “Ўзагросаноатлойиҳа” МЧЖ, “ЎзГАШКЛИТИ” ДУК, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК каби лойиҳа-қидирув ташкилотлари кўрсатиб ўтилган.
Пудрат шартномасининг умумий қоидаларига мувофиқ, лойиҳа ва қидирув пудрати шартномасининг махсус қоидаларга зид бўлмаганлиги учун буюртмачининг топшириқларини бажаришда субпудратчилар ҳам жалб қилиниши мумкин. Бунда буюртмачи, бош пудратчи ва субпудратчи ўртасида муносабатлар пудрат ва қурилиш пудрати тўғрисидаги қоидалар асосида амалга оширилади.
Шартнома бўйича бажарилган ишларга ҳақ миқдорини белгилаш икки хил усулда амалга оширилиши мумкин: пудратчи белгиланган тарифлар асосида ўзи амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича смета тузади ва буюртмачига тақдим этади; буюртмачи якуний хулоса ва техник ҳужжатларни тайёрлашга (уларнинг ижобий ва салбий бўлишидан қатъи назар) пудратчи билан келишилган ҳақни тўлайди.
Шартномани тузишда унга кўрсатилган ишларни бажариш ва буюртмачига топшириш муддатлари кўрсатилган бўлиши лозим. Буюртмачи ишнинг тез бажарилиши учун оқилона муддатни қисқартириш мақсадида пудратчига тарифда белгиланган суммага нисбатан кўпроқ ҳақ тўлашни ёки мукофоти ваъда қилиши мумкин. Агар шартномада уни бажариш муддатлари кўрсатилмаган бўлса, пудратчи тегишли ишларни оқилона бажариши лозим.
Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилади. Унинг тузилишига буюртмачи томондан тегишли объектни лойиҳалаш ёки қидирув ишларини олиб бориш ҳақидаги пудратчига қилган таклиф асос бўлади. Пудратчи бундай таклифни қабул қилса, шартнома матнини тузишга, унинг шартларини буюртмачи билан келишишга киришади.
Буюртмачининг дастлабки мажбурияти пудратчига лойиҳалаш ҳақида топшириқ, шунигдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини тузиш учун зарур бўлган бошланғич маълумотларни беришдан иборат. Лойиҳалаш ҳақидаги вазифани буюртмачининг топшириғи бўйича пудратчи тайёрлаши мумкин. Бу ҳолда вазифа буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб, тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади. Буюртмачи лойиҳа ва қидирув ишлари бўйича топшириқни тайёрлашни учинчи шахсларга ҳам шартнома асосида бериш мумкин.
Буюртмачи пудратчи барча ишларни бажариб бўлганидан кейин белгиланган нарх ёки келишилган сумманинг ҳаммасини тўлаши лозим. Буюртмачи ўз вақтида пудратчининг ҳақини тўламаса, ФК 327-моддаси асосида жавобгар бўлади. Тарафларнинг келишувига мувофиқ, ишларнинг айрим босқичлари тугалланганидан кейин нархнинг тегишли қисмини тўлаш ҳақидаги шарт ҳам киритилиши мумкин.
Пудрат шартномасининг бошқа турларидан фарқ қилиб, лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномасида, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лойиҳа ва қидирув ишлари шартномасини тасодифан бажариш мумкин бўлмаслиги хавфи буюртмачининг зиммасига тушади. Тасодифан бажариш мумкин бўлмаган хавф сифатида буюртмачи ва пудратчига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар тушунилади. Бундай ҳолларда буюртмачи пудратчи томонидан бажарилган ишлар учун тегишли ҳақни тўлайди. Шартномада бошқача ҳолат кўрсатилган бўлмаса, қўшимча мукофот тўғрисидаги шарт киритилган бўлса, пудратчи уни олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи пудратчига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли лойиҳа ва қидирув ишларини бажариш учун бошланғич маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ қўшимча пудратчига харажатларни тўлаши шарт.
Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчидан олинган лойиҳа-смета харажатларидан фақат шартномада назарда тутилган мақсадларда фойдаланиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини пудратчининг розилигисиз учинчи шахсларга бермаслиги ва ундаги маълумотларни ошкор қилмаслиги шарт. Шартномада кўзда тутилган ҳолларда лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномаси натижаларидан буюртмачи ихтиёрий тарзда фойдаланиши, уни учинчи шахсларга сотиш ва фойланишга бериши мумкин бўлади.
Буюртмачи лойиҳа ва қидирув ишларини бажаришда шартномада кўзда тутилган ҳажмда ва шартларда пудратчига хизмат кўрсатиши шарт. Буюртмачи ўзидаги алоҳида маълумотлари, малакали мутахассислари ёки тегишли техникаси билан пудратчига хизмат кўрсатиши мумкин.
Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи тайёр бўлган лойиҳа-смета ҳужжатларини тегишли давлвт органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишиб олишда пудратчи билан қатнашиши шарт.
Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлса, буюртмачи тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг ёки бажарилган қидирув ишларининг камчиликлари борлиги муносабати билан учинчи шахслар томонидан буюртмачига нисбатан қўзғатилган даъво юзасидан ишда қатнашишга пудратчини жалб қилиши шарт. Пудратчини бундай ишларда жалб қилишдан асосий мақсад унга ўзи тайёрлаган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қидирув натижаларини ҳимоя қилишга имкон яратишдан иборат, чунки буюртмачига қўйилган даъвога лойиҳа-смета ҳужжатлари ёки қидирув ишлари натижалари асос бўлиши мумкин. Пудратчини бундай ишларга жалб қилмаслик буюртмачининг унга нисбатан регресс даъво қўзғатиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 689-моддасида пудратчининг мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган. Унга мувофиқ, пудратчининг дастлабки мажбурияти унга топширилган ишларни лойиҳалаш ҳақидаги топшириқ ва бошқа бошланғич маълумотларга мувофиқ бажариши ҳисобланади. Пудратчи ўзига берилган топшириқдан четга чиқишга ҳақли эмас. Қурилиш пудрати қоидалари ва қонунга мувофиқ, пудратчи ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли лойиҳа ва қидирув ишларини бажариш учун бошланғич маълумотлар ўзгарган ҳолларда буюрмачига тезлик билан хабар бериши лозим. Шартнома шартларига киритилган ҳар қандай ўзгаришлар буюртмачининг розилиги билан амалга оширилади. Буюртмачи пудратчининг ички хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўз топшириғининг қандай бажарилаётганлиги тўғрисида назоратни амалга ошириши мумкин.
Пудратчи тайёр бўлган лойиҳа-смета ҳужжатларини буюртмачи билан келишиб олиши, шунингдек, буюртмачи билан тегишли давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишиб олиши шарт. Масалан, шаҳарсозлик кодексининг 16-моддасига мувофиқ, пудратчи шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчи, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг тегишли таркибий бўлинмаси ва буюртмачи билан келишган ҳолда шаҳарсозлик ҳужжатларига бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг архитектура-бадиий кўриниши ҳамда амалий ечимини ёмонлаштирмаган тарзда техник-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилайдиган ўзгартишлар киритиши лозим.
Пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр бўлгач, улар билан буюртмачини таништириши, тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг мақсадга мувофиқлигини исботлаб бериши, тегишли ҳудудда қурилиш ишлари олиб боришнинг хавфлилик даражасини ва қандай қурилиш материалларидан фойдаланиш лозимлиги тўғрисида маълумотларни тақдим қилиши лозим. Буюртмачи шартномада белгиланган муддатда пудратчи берган лойиҳа-смета ва қидирув ишларига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиши лозим бўлади. пудратчи берган хулосаларни эътиборга олишга мажбур. Барча техник ҳужжатлар тарафларнинг келишувидан сўнг пудратчи томонидан тасдиқланади.
Зарур бўлган ҳолларда пудратчи буюртмачи билан биргаликда ўзи ишлаб чиққан лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қидирув ишлари якунларини давлатнинг ваколатли органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишиб олишда иштирок этади. Бунда пудратчи ўз фаолиятининг якунлари илмий-амалий асосланганлиги, атроф-муҳитга зарарсизлигини исботлаб бериши лозим. Тегишли органлар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиши шартнома шартларига мувофиқ пудратчининг ўз ҳисобидан ёки буюртмачи ҳисобидан амалга оширилади. Пудратчи ўзига берилган топшириқларни бегиланган муддатда, келишилган нусхада топширишга мажбур.
Пудратчи буюртмачининг розилисиз лойиҳа-смета ҳужжатларини учинчи шахсларга бермаслиги ва уларни сир сақлаши шарт. Лекин пудратчи ўзининг кейинги фаолиятида бошқа буюртмани бажаришда ўзидаги мавжуд маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Кейинги бажарилган буюртмалар биринчисидан фарқ қилмай қолган (чунончи: пудратчи бошқа буюртмачиларга ҳам илгаридан тайёр лойиҳанинг айнан ўзини топширган) ҳолларда, пудратчи биринчи буюртмачи олдидан мажбуриятларини бажарилмаганлиги учун суд тартибида жавобгарликка тортилиши мумкин.
Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи учинчи шахсларда пудратчи томонидан тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ишларни бажаришга қаршилик қилиш ёки бажаришни чеклаш ҳуқуқи йўқлигини кафолатлаши лозим.
Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномасида пудратчи бундай кафолат беришининг мажбурий аҳамиятга эгалиги улар томонидан ўз ваколатлари доирасида ва тегишли давлат стандартларига мос бўлган лойиҳаларни яратишда муҳим роль ўйнайди.
Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати шартномаси бўйича пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қидирув ишларидаги камчиликлар учун, шу жумладан, кейинчалик қурилиш жараёнида, шунингдек, тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бажарилган қидирув ишлари маълумотлари асосида барпо этилган объектни ишлатиш жараёнида аниқланган камчиликлар учун жавобгар бўлади.
Лойиҳа-смета ҳужжатларида ёки қидирув ишларида камчиликлар аниқланган тақдирда пудратчи буюртмачининг талаби билан лойиҳа-смета ҳужжатларини бепул қайта ишлаб чиқиши ва шунга мувофиқ зарур қўшимча қидирув ишларини бажариши, шунингдек, агар Қонун ёки шарномада бошқача тартибда белгиланган бўлмаса, келтирилган зарарни буюртмачига тўлаши шарт. Пудратчи ўзининг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахслар олдиди ҳам жавобгар бўлиши мумкин. Келтирилган зарар пудратчи берган ҳужжатларга асосан нотўғри қуриш, қурилиш материалларидан нотўғри фойдаланиш, қурилишни қайта қуриш, жиҳозлаш учун қилинган харажатлар йиғиндисидан иборат. Объект тадбиркор фаолиятида ишлатилиши лозим бўлган ҳолларда олинмай қолган фойда, бошқа ҳолатларда жарима кўзда тутилиши мумкин.