Коммунал гигиена фанининг асосий мақсадлари - унинг алоҳида бўлган (қуйида саналган) 6 та бўлимида берилган:
1. Сув ва ичимлик-хўжалик сув таъминоти гигиенаси. Мазкур бўлимда ичимлик сувининг сифати, тозалаш қурилмаларини жойлаштириш ва ишлатиш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминловчи тармоқларга қўйиладиган гигиеник талаблар ўрганилади.
2. Сув объектларини санитария муҳофазалаш гигиенаси. Ушбу бўлимда сув ҳавзалари сувларининг сифати масалалари, уларни ичимлик-хўжалик суви манбаси сифатида ишлатиш мумкинлиги, ҳамда сув ҳавзалари сувининг сифатини турғун сақлаш мақсадида чиқинди-оқава сувларини туширилишига қўйиладиган гигиеник талаблар ўрганилади.
3. Тупроқнинг санитария ҳимояси ва аҳоли турар жойларини санитария тозалаш гигиенаси. Бу бўлимда тупроқни кимёвий ва биологик моддалар билан ифлосланиш шарт-шароитлари ўрганилади. Ифлослантирувчиларни тупроқ орқали ер ости сувларга, атмосфера ҳавосига, ўсимликларга ўтиб инсон саломатлигига ва турмуш шароитига таъсир кўрсатиши ўраганилади. Бўлимда яна суюқ чиқиндилардан санитария тозалашга қўйиладиган гигиеник талаблар ҳам ўрганилади.
4. Атмосфера ҳавосини санитария муҳофазалаш гигиенаси. Бу бўлимда атмосфера ҳавосини ифлосланишининг қандай даражаси аҳоли саломатлигига зарарсиз эканлиги, аҳоли турмушининг санитария-маиший шароитларни бузмайдиган ҳолати, аҳоли турар жойлари ҳавоси таркибида ифлослантирувчиларнинг гигиеник меъёридан ошиб кетиш даражасини вужудга келишини олдини олиш мақсадида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни жойлаштиришга ва ишлатилишига қўйиладиган гигиеник талаблар ўрганилади.
5. Турар жой, умумжамоа, маданий-маиший ва даволаш профилактика муассасалари гигиенаси. Бунда турар жой бинолари ички омилларининг инсон учун оптимал даражаси (ҳаво ҳаракати, нисбий намлик, ҳаво ҳарорати, хонанинг радиацион режими), даволаш профилактик муассасаларини лойиҳалаштириш, ободонлаштириш ва жиҳозланишига қўйиладиган талаблар, маданий-маиший муассасаларни (ҳаммом, кирхона, сартарошхона, кинотеатр, театр, цирк ва бошқаларни) лойиҳалаштириш, ободонлаштириш ва жиҳозланишига қўйиладиган талаблар, спорт иншоатларини (сузиш ҳавзалари, спорт комплекслари ва заллари) лойиҳалаштириш, ободонлаштириш ва жиҳозланишига қўйиладиган талаблар қаралади.
6. Аҳоли турар жойларини лойиҳалаштириш (режалаштириш, жойлаштириш) гигиенаси бу бўлимда аҳоли турар жойларини режалаштиришда табиий-иқлим шароитларининг аҳамияти ва уларни режалаштиришда ҳисобга олиш, аҳоли турар жойлари ҳудудларида селитеб минтақани режалаштириш ва қурилишга қўйиладиган гигиеник талаблар, қишлоқ аҳолиси, турпар жойларини режалаштиришни ўзига хос томонлари ўрганилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |