Билиш назарияси.
Табиат қабул қилувчидан (субъект) олдин келади, «ҳис-туйғу орқали қабул қилинадиган нарса, уни идрок қилишдан олдин келганидек, билиб олинадиган нарса, унга тааллуқли билимдан олдин мавжуд бўлади». Форобий табиатни билиш жараёнининг чексизлигини қайд этиб, уни билмасликдан билиш томон кўтарилиши, оқибатдан сабабга, ҳодисадан моҳиятга, ораздан (акциденция) жавҳар (субстанция) томон боради, деб ҳисоблайди. Форобий билишнинг икки босқичини – ҳиссий ва фикрийни бир-биридан фарқлаб кўрсатади. Ҳиссий билимнинг ўрнига тўхталиб, Форобий инсонни ташқи дунё билан боғлайдиган беш хил сезгининг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратади. Форобий сезгининг ҳар бир турини уни муайян ҳис қилувчи бадан аъзоси билан боғлиқ равишда кўриб чиқади. Форобий фикрича, ҳар қандай сезги баданнинг ҳис қилувчи аъзоларига ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган (объектив) ҳолда мавжуд бўлган нарсаларнинг муайян хусусиятларининг ташқи жисмоний таъсири натижасидир. Форобий хотира, тасаввур ва хаёлга ҳис қилиш ва фикрлаш орасидаги ўрталик жойни ажратиб, уларни билишнинг ҳиссий босқичлари билан боғлайди. Унинг фикрича, уларнинг жисмоний аъзолари миянинг олдинги қисмида жойлашган. Аммо инсон учун хос хусусият айрим олинган алоҳида ҳайвонларда ҳам учрайдиган сезги ва зеҳн эмас, балки ақлдир..
. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, «инсон ақл ва сезгилар орқали билим касб этади». «Ақлий куч» ташқи буюмларнинг фикрий қиёфасини беради. Ҳис-туйғудан фарқли ўлароқ, тафаккур ашёларни фикрлаш жараёнида билиб боради, яъни нарсаларнинг ҳиссий сифатларидан чалғиб, ундаги энг умумий ва моҳият жиҳатдан муҳимларини топиб боради. Бундан ташқари, ақлга, ҳис-туйғудан фарқли ўлароқ, тушуниш хосдир. Мавҳум илмий тушунчалар, жумладан, риёзиётга доирлари ҳам, қанчалик ташқи дунёдан ажралган бўлиб кўринишларидан қатъий назар, муайян мавжуд бўлган жисмларнинг хусусиятларини акс эттирадилар. Билимнинг икки шаклининг усул ва хусусияти – ҳиссий ва ақлий – уларни икки хилда баён қилишни белгилайди: сезиш сифатларидан фикрий моҳиятларга, яъни муайянликдан мажҳулликка ва Фаробий. жисмларнинг фикрий томонларидан уларнинг ҳиссий сифатларига, яъни мажҳулликдан муайянликка.
Форобий ақлий билишда бир қатор босқичларни фарқлайдики, бу нарса унинг билинаётган нарсаларнинг моҳиятига чуқур кириб борганлигидан гувоҳлик беради. Бу – муайян нарсадан четлашиб, ундаги умумий нарсани ажратиб олиш, сўнгра эса ана шу умумий нарса ёрдамида – муайян нарсанинг моҳиятига чуқурроқ кириб боришида намоён бўлади. Охир оқибатда ақл, барча ердаги моддий нарсалрни билиб олгандан кейин, осмоний жисмларни билишга ўтади ва дунёвий, коинотдагилар билан қўшилиб ва қоришиб кетиб, ушбу дунёвий ақлнинг таъсирида ақлий билим амалга ошади.
Жамият ва ахлоқ. Форобий ўрта аср мутафаккирларидан биринчи бўлиб жамият ҳақидаги бир бутун таълимотни ишлаб чиқди. Унинг бу хизмати жаҳон илмий адабиётида ҳамма томонидан қабул қилинган. Форобий ўз асарларида сезиларли даражада бир қатор масалаларни ёритиб берган:
Ижтимоий фанларнинг мавзу ва вазифалари.
Ижтимоий бирлашмаларнинг келиб чиқиши, таркиби ва кўринишлари.
Шаҳар-давлат, унинг вазифалари ва бошқарув шакллари.
Жамиятда инсоннинг ўрни ва мажбурияти, таълим-тарбия масалалари.
Давлат уюшмасининг вазифалари ва пировард мақсади, умумий бахт-саодатга эришишнинг йўллари ва воситалари.
Ижтимоий ҳаёт ҳақидаги фанлар жумласига Форобий шаҳар-давлат ёки сиёсий фанни (ал-маданийя), ҳуқуқшунослик (фиқҳ) ва мусулмон илоҳиётини (калом) киритди. Ахлоқ ва таълим-тарбия ҳақидаги фан (педагогика) сиёсий фанларнинг бир қисмини ташкил этиб, умумий бахт-саодатга эришиш йўлларини кўрсатиб бериши лозим. Ахлоқ фани (этика) – бу жамият аъзоларининг ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги билим бўлса, сиёсий фан – умуман барча жамият аъзоларининг феъл-атвори ва ҳатти-ҳаракатларини бошқариш ҳақидаги билимдир. Форобий фикрича, давлатни бошқариш икки хил бўлади: давлат аҳолисини ҳақиқий ёки хаёлий бахт-саодатга етаклаб олиб борувчи. Бошқариш санъати идора қилишнинг назариясини ҳам, амалиётини ҳам назарда тутади. Уларни бирга қўшиб олиб бориш, айрим олинган ҳар бир муайян ҳолатда, давлатни тўғри бошқариш имкониятини беради.
Давлат ва жамиятнинг пировард мақсади бўлган умумий бахт-саодатга эришиш муаммоси Форобий таълимотида муҳим ўрин тутади. Бунга йўл – илм-фан ва таълим-тарбиядир. Ҳақиқий бахт-саодатга билимларни эгаллаш йўли воситасида эришилади. Ҳақиқий бахтга шундагина эришиладики, қачонки, ҳар кандай ёмонлик бартараф қилиниб, кишининг руҳи ва ақли ўзининг моҳиятларини ва барча хайрли, эзгу ишларни билишда энг юқори савияга эришиб-абадийликка даҳлдор бўлган дунёвий ақл билан қўшилиб кетса. Инсон ўлади, аммо унинг ҳаёти давомида эришган бахти маънавий кўтаринки ҳодиса бўлиб, завол топмайди, балки ундан кейин сақланиб қолиб, инсониятга хизмат қилиши мумкин.Форобий фалсафасининг инкор этиб бўлмайдиган жойи шундаки, у назарий фалсафани ҳақиқий ва асосий илм, деб билиб, қолган барча фанларни унга тобе бўлган иккинчи даражали соҳалар мақомига қўйди. Фалсафалар ўртасидаги умумий дунёқарашлар билан кифояланмай, дин билан фалсафани ҳам айрим бир қисмга жойлади. Унинг фикрича, фалсафадаги масалалар исботини пайғамбарлар рамзлар шаклида баён қилганлар, зеро, моҳият жиҳатидан фалсафа билан дин ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ. Бундай караш ўз даврида ниҳоят даражада муваффақият қозониб, исломий фалсафанинг асоси ва усулини белгилаб берувчи фикрлаш тарзига айланди.
Форобийнинг таълимоти Шарқда ва Европада ижтимоий-фалсафий фикрларнинг бундан кейинги ривожида муҳим ўрин тутди. У Басрадан чиққан фалсафий тўгарак бўлган «Ихвон ас-сафо» («Соф биродарлар») аъзолари ва Абу Сулаймон Мантиқий, Ибн Мискавейҳ, Ибн Бажжа, Ибн Туфайл, Маймонид қарашларига катта таъсир кўрсатди. Буюк олим Ибн Сино уни ўзининг устози деб ҳисоблар эди.
Фойдаланилган адабиётлар:
Фараби. Существо вопросов// Вкн.: Избранные произведения мыслителей стран Ближнего и Среднего Востока. 172-б.
[2] Фараби. Существо вопросов// Вкн.: Избранные произведения мыслителей стран Ближнего и Среднего Востока.. 191-б.
[3]Farobiy ta’limot // «Majmua at-risole al-hukama» («Takimlar risolalarining majmuasi »to’plamida ). Toshkent, 1963. 255-b.
[4] Qarang: Farobiy Al-masoyil al-falsafiya va ala javob anxa// «Majmul al-Farobiy»to’plamida . 94, 105-106-b.
[5] Al-Farabis intraductoty risolah on logic. The Islamic Quarterly, vol III, 3-4, 1957, h/ 227.
Do'stlaringiz bilan baham: |