Ички ва ташқи иссиқлик алмашуви. Иссиқлик алмашувининг мураккаб жараёни одатда икки қисмга бўлинади: ички ва ташқи иссиқлик алмашуви. Ташқи иссиқлик алмашуви печнинг ишчи бўшлиғидан иситиладиган материал ва буюмларнинг ташқи юзасига иссиқлик узатилишидан иборат. Ички иссиқлик алмашуви эса қиздирилаётган материалнинг ички қатламлари билан юзаси орасидаги ҳароратлар фарқи ҳисобига иссиқлик ўтказувчанлик йўли билан юзага келадиган иссиқлик алмашувидан иборат. Материал массасининг қизиши шу матераилнинг хоссаларига, шакли ва ўлчамларига боғлиқ. Ички иссиқлик алмашувини бошқариш ташқиникига нисбатан қийинроқдир.
Технологик жараёнларга боғлиқ ҳолда ё ички, ё ташқи иссиқлик алмашуви устивор бўлади. Масалан, пўлат ва чўян эритиладиган печларнинг унумдорлиги асосан ташқи иссиқлик алмашуви билан белгиланади ва қиздириш печларида эса, унумдорлик ички иссиқлик алмашуви билан белгиланади.
Печнинг ишчи бўшлиғида тутун газлари турли тезлик билан ҳаракатланади ва иссиқлик нурини таратади. Нурланиш манбаи бўлиб тутун газлари таркибидаги уч атомли газлар - СО2, SO2, сув буғлари Н2О ва шунингдек, углерод, кул ва чанг заррачалари хизмат қилади. Қаттиқ жисмлар фақат ташқи юзаларидан энергия таратса, газлар-бутун ҳажмларидан таратади. Тутун газлари таркибидаги чала ёнган углеродли заррачалар аланганинг қоралик даражасини ва нур тарқатиш имкониятини оширади. Шунинг учун юқори ҳароратли печларда табиий газ ёқилганда унга қўшимча қилиб пуркалган мазут ёки смола (қатрон) берилади. Бунинг натижасида аланганинг қоралик даражаси ва демак, иссиқлик нурини тарқатиши ортади.
Умуман олганда, аланганинг қоралик даражаси қуйидаги омилларга боғлиқ: а) ёқилғининг хоссаларига; б) ёқилғини ёқишга тайёрлаш даражасига (майдалаш, пуркаш, қиздириш ва ҳоказо); в) ёқилғи билан ҳавони аралаштириш усулига; г) ўтхонанинг тузилишига ва бошқа шартларга боғлиқ.
Юқори ҳароратли қурилмаларда иссиқлик алмашувининг ҳолатлари. Юқори ҳароратли қурилмаларда иссиқлик алмашувининг ҳолатлари. Печлардаги ташқи иссиқлик алмашувининг ҳолатлари радиацион (нурланишли), конвектив ва қатламли турларга бўлинади (М. А. Глинков бўйича). Агар радиацион қиздириш ҳақида сўз борса, бу фақат нурланишли иссиқлик алмашуви устивор эканини англатади, аммо шу пайтнинг ўзида у билан бирга конвектив қиздириш ҳам амалга оширилади; конвектив қиздириш ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин.
Ўз навбатида радиацион қиздириш уч турга бўлинади:
1) бир текисда тақсимланган иссиқлик алмашуви (24,а-расм). Бунда печ деворига ва қиздирилаётган материалнинг юзасига алангадан тушаётган иссиқлик оқимлари QГ.Д. ва QГ.М. ўзаро тенг бўлади, ҳароратлар майдони ва аланганинг нурланиш хоссалари ўтхонанинг бутун ҳажми бўйича бир текисда бўлади.
2) йўналтирилган тўғри иссиқлик алмашуви (24, б расм). Бунда QГ.М. > QГ.К. шарт бажарилади.
3) йўналтирилган билвосита иссиқлик алмашуви (24.в-расм). Бунда QГ.М. < QГ.К. шарт бажарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |