Хандон писта Марказий Осиё Республикаларида ва Қозоғистон Республикасининг жанубий тоғ олди ва тоғли ҳудудларида кенг тарқалган ёнғоқмевали дарахт тури ҳисобланади. Хандон пистазорлар ўзининг экологияси ҳамда ўрмончилик таксацион кўрсаткичларига кўра, ўрмон зонасида тарқалган дарахтзорларда фарқ қилади.
Хандон писта ўта ривожланган илдиз тизимига эга бўлиб, у 8 метр чуқурликка ва шох – шаббаси кронасининг проекциясидан 5-8 метр атрофга тарқалади. Марказий Осиё пистазорлари эгаллаган майдонига кўра саксовул ва арчадан кейин туради. Албатта ўтган тарихий даврларда пистанинг ареали ва тарқалиш чегаралари катта ўзгаришларга учраган, бунинг асосий сабаби унинг ёғочи (зичлиги 1100кг/м3) юқори калорияли “писта кўмир” тайёрлаш учун кўплаб аёвсиз кесилган, натижада пистазорлар майдонлари кескин камайиб кетган.
Хандон писта – ёриқ ажралиб турувчи кирефит ўсимликдир, у бошқа дарахт турлари намлик етишмаслигидан ўса олмайдиган қурғоқчил ерларда бемалол ўсади. У тупроқни ювилишдан сақловчи, сувни муҳофаза этувчи, селга қарши курашувчи каби ҳимоя функцияларни бажаради.
Хандон писта мағзида антиоксидантлар миқдорига кўра дунёда ёнғоқ мевалилар орасида биринчи ўринда туради, 50% га яқин писта ёғи, углеводлар, ва витаминлар мавжуд. Писта мағзи озуқавийлиги ва қимматли биологик фаол моддаларга бойлигига кўра тенги йўқ ўсимликдир.
Ҳозирги пайтда хандон писта тарқалган қадимий ареали ҳамда унинг биологик – экологик хусусиятларига мос ҳудудлар аниқланган ва унинг саноат плантацияларини барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. Бунинг учун навлар ва хўжалик нуқтаи назаридан қимматли белгиларга эга шакллар мавжуд.
Хандон писта (Pistachio vera. L) Марказий Осиёда ёнғоқ мевали ўсимликларнинг энг аҳамиятлиларидан биридир. Қимматли мевалари ва ёғоч бериш билан бир қаторда у мелиорацияда катта аҳамиятга эгадир. Яхши ривожланган вертикал ва горизонтал илдиз тармоғига эга бўлган бу ўсимлик сел оқимлари ва эрозия жараёнларининг олдини олади. Унинг кенг тарқалган илдиз тармоқлари тупроқни эрозиядан яхши сақлайди, сувни мухофаза қилади ва йўналишини тартибга солади.
Шунинг учун, хандон пистанинг табиий ўрмонзорларини мухофазалаш, ҳамда илгари барпо этилган сунъий экинзорларини қайта тиклаш ҳозирги вақтда давлат миқёсида катта аҳамиятга эгадир.
Қўйилган мақсадга ва ерларнинг категориясига қараб унинг плантациялари ва ўрмонзорлари барпо этилмоқда. Унчалик катта бўлмаган нисбатан рельефи текис қияликларда (200С дан юқори бўлмаган) плантациялар барпо қилинаётган бўлса, қиялиги юқорироқ ерларда ёки тошлоқли тупроқларда иҳота дарахтзорлари барпо этилмоқда.
Амалда Ўзбекистоннинг барча тоғ олди ва паст тоғли қияликлари ва лалми майдонлари шароитларга унча талабчан бўлмаган хандон пистани етиштириш учун яроқлидир.
Хандон пистали иҳота дарахтзорлари йирик сув омборларининг атрофлари, йўлларнинг четлари ва темир йўлларнинг атрофларида ҳам барпо этилмоқда. Каттақўрғон сув омборининг атрофида барпо этилган пистали “яшил ҳалқа” (Сарайқўрғон ўрмон хўжалиги майдонида) ушбу ўсимлик турининг катта мелиоратив аҳамиятга эга эканлигидан кафолат беради.