Таранглашган усуллари Темирбетон конструкцияларида таранглаш икки хил усул билан амалга оширилади: 1-усул. Арматурани тиргакларга тираб таранглаш (бетонлашгача); 2-усул. Арматурани бетонга қадаб таранглаш (бетонлангандан кейин).
Биринчи усул бўйича конструкцияни тайёрлашда арматура тортилади ва унинг учларини таянч ёки форма четларига мустаҳкамланади, сўнгра элемент бетонланади. Бетон керакли мустаҳкамликни олгандан сўнг арматура таянчлардан бўшатилади, яъни тарангланган арматурадаги куч бетонга ўтиб уни сиқади. Кучни бетонга ўтиши арматура билан бетон орасидаги ёпишиш (сцепления) оқибатида рўй беради.
Иккинчи усул билан дастлаб бетондан ёки кам арматураланган элемент тайёрланади, унда зўриқтириладиган арматурани жойлаштириш учун бетонда олдиндан каналлар ҳосил қилинади (масалан, газ трубаси ёрдамида). Сўнгра арматурани тегишли тарангликкача тортилади ва учлари анкерлар ёрдамида конструкция четига маҳкамланади. Арматурани тортиш жараёнида бетонда сиқилиш рўй беради. Шундан сўнг арматура билан бетон орасидаги ёпишувни таъминлаш мақсадида туйнукка 0.5-0.6 МПа босим остида цемент қоришмаси хайдалади.
Арматурани таянчларга тортиш механик, электротермик ва электротермомеханик усуллари билан бетонга тортиш эса одатда механик усул билан амалга оширилади.
Механик усулда арматурани гидравлик ва винтли домкрат ёки ўраш машинаси ёрдамида тортилади. Арматурани механик усул билан таранглашда кўпинча гидравлик домкратлардан фойдаланилади. Бу усулда арматурада катта зўриқиш ҳосил бўлишига қарамай, таранглаш кучини аниқ ўлчаш имкони бўлади. Шу билан бирга айланма стол ёрдамида ўта мустаҳкам симдан узлуксиз арматуралаш усули ҳам самарали ҳисобланади. Мазкур усул ёрдамида бир ёки икки ўқли кучланиш холатида, босим остида ишлайдиган қувур, резервуар деворлари сингари турли конструкцияларни олдиндан зўриқтириш мумкин. Таранг тортилган сим билан узлуксиз арматуралаш усули олдиндан зўриқтирилган резервуарларни қуришда кенг қўлланилади. Бунда махсус қўзғалма машиналардан фойдаланилади. Бу усулни таранг тортилган ипни ғалтакка ўрашга ўхшатиш мумкин. Арматурани электротермик таранглаш усули кейинги йилларда кенг тарқалди. Хозирги кунда олдиндан зўриқтирилган конструкцияларнинг 3/4 қисми шу усул билан тайёрланмоқда. Электротермик усулда арматуранинг электр токи ёрдамида 300-400 С гача қиздирилади, сўнгра уни формага солинади ва учи таянчларга маҳкамланади.
Арматура совуганда қисқаради, натижада олдиндан таранглашиш кучи пайдо бўлади. Усулнинг афзаллиги унинг ўта соддалиги ва исталган корхонада қўллаш имконияти мавжудлигидадир. Ишлатиладиган ускуналар 5-10 мартта арзон, конструкция тайёрлаш учун сарифланадиган меҳнат ҳам 2-3 маротаба кам. Бироқ таранглаш аниқлиги механик усулдаги таранглашга қараганда анча паст. Айрим ҳолларда ўта мустаҳкам симларни таранглашда икки усулнинг биргаликда қўшиб ишлатиш холлари ҳам учрайди. Қўшма усулга кўра қиздирилган сим айланма стол ёрдамида узлуксиз равишда тарангланади. Яъни электротермомеханик усули электротермик ва механик усулларни бир вақтнинг ўзида қўлланиш натижасида ҳосил бўлади.
Шу билан бирга тортишни яна бир физик-кимёвий усули билан ҳам амалга ошириш мумкин. Бунга махсус кенгайувчи цементдан тайёрланган бетонни кенгайиши оқибатида арматурада кучланиш пайдо бўлади. Бетонга жойлашган арматура унинг ҳажмини кенгайишига йўл қўймайди ва ўзи чўзилади, бетонда эса сиқиш кучланиши вужудга келади. Шу тариқа конструкция олдиндан зўриқади. Бундай конструкциялар ўзининг ўзи таранглашиши (самонапряжение) деб юритилади.
Арматурани таранглаш чоғида унда олдиндан уйғотилган кучланишлар вақт ўтиши билан қайтмас йўқотишлар эвазига камайиб боради. Ушбу йўқотишлар бетоннинг киришиши ва тоб ташлаши, арматурадаги кучланишларнинг релаксацияси (камайиши), анкерлар деформацияси, арматуранинг туйнук деворларига ишқаланиши ва бошқа ҳар хил сабаблар натижасида содир бўлади. Ҳаммаси бўлиб йўқотилишларнинг 11 та тури мавжуд .
Олдиндан зўриқтирилган конструкцияларни ҳисоблашда ана шу йўқотишларни эътиборга олиш лозим, чунки улар зўриқтирилган арматурадаги кучланишнинг камайишига олиб келади.
Йўқотишлар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи йўқотишлар los 1 элемент тайёрланаётган ва бетон сиқилаётган даврда содир бўлади. Иккинчи йўқотишлар los 2 эса бетон сиқилгандан кейин ҳосил бўлади.
Агар арматуралар таянчларга тортиб тарангланган бўлса, у ҳолда биринчи гурух йўқотишлар қуйидагича аниқланади:
los 1=1+ 2+ 3+ 4+ 5+6
иккинчи гурух йўқотишлар
los 2=8+ 9
Агар арматуралар бетонга тортиб тарангланган бўлса, у ҳолда
los 1=3+ 4
los 2=1+ 8+ 9+ 10+ 11 тенг бўлади
йўқотишлар миқдори 9-иловага асосан аниқланади, бунда умумий миқдори
los =los 1+los 2
бўлади, лекин конструкцияни лойиҳалашда йўқотишларнинг умумий меъёр бўйича миқдори 100 МПа дан кам бўлмаслиги керак.