Экспертиза ўтказилиши бўйича қуйидаги турларга бўлинади: Экспертиза дастлабки, қўшимча, такрорий, комиссия иштирокидаги ҳамда комплекс турларига бўлади ва бу ҳақида “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунининг 18-21 моддалари, ЖПКнинг 176-178 моддаларида ҳар томонлама ёритиб берилган.
Дастлабки экспертиза - биринчи навбатда ўтказилган “одатдаги” экспертизадир.
Қўшимча экспертиза қуйидаги ҳолларда божхона органининг мансабдор шахси томонидан тайинланади:
худди ана шу объект бўйича амалга оширилган божхона экспертизаси юзасидан хулосада баён этилган якуний фикрлар этарли даражада очиқ-равшан ёки тўлиқ бўлмаганида;
асосий экспертиза саволларига янги қўшимча саволлар қўйиш, янги ҳолат ва янги материаллар тўпланиши каби ҳолларда ҳамда эксперт хулосасидаги камчиликларни тўлдириш учун тайинланади. Қўшимча божхона экспертизасини ўтказиш экспертизани амалга оширган шу экспертнинг ўзига ёки бошқа экспертга топширилиши мумкин.
Қайта экспертиза (такрорий) – айни ўша объектларни текшириш ва айни ўша масалаларни ҳал қилиш учун божхона органининг мансабдор шахси томонидан тайинланади ва қуйидаги ҳолларда бундан аввалги божхона экспертизасини ўтказишда қатнашмаган экспертлар ва ташкилотлар томонидан ўтказилади:
аввалги божхона экспертизасининг хулосаси устидан ваколатли шахснинг шикоят аризаси тушганида;
божхона экспертининг хулосаси асослантирилмаган ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ва норозилик юзага келган ҳолларда ёхуд унга қилинган асослар ишонарсиз деб топилса ёки экспертиза ўтказишнинг қоидалари жиддий бузилганда қайта тайинланади.
Қайта божхона экспертизасини ўтказиш тўғрисидаги мурожаат ёки қарор, ажримда уни тайинлаш учун бўлган асослар ва биринчи экспертиза хулосасига қўшилмаганлик сабаблари кўрсатилиши зарур.
Биринчи экспертизани ўтказган эксперт ёки экспертлар комиссияси эса қайта экспертиза ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у эксперт текшируви ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.
Қўшимча ва қайта экспертизалар ўртасидаги асосий фарқ шундаки, қўшимча экспертизада илгари кўриб чиқилмаган масалалар, такрорий экспертизада эса, илгари эксперт текширувининг предмети бўлган масалалар ҳал этилади. Қўшимча экспертизани ўтказиш айнан ўша ёҳуд бошқа экспертга, қайта экспертизани ўтказиш эса, бошқа экспертга ёки ташкилотга, топширилади.
Коммисиявий экспертиза бир ихтисосдаги экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши мумкин. Экспертлар ўзаро маслаҳатлашиб, умумий фикрга келганларидан кейин биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайдилар. Экспертлар ўртасида келишмовчилик рўй берганда ҳар бир эксперт келишмовчилик чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради, шунингдек экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар эксперт текширувини ўтказишни бажаришига йўл қўйилмайди.
Комплекс экспертиза - экспертиза текширувига юбориладиган объектлар юзасидан бир неча турдаги билим соҳалари талаб қилинган тақдирда комплекс экспертиза тайинланади. Уни ўтказишда ҳар бир эксперт томонидан аниқланган ҳолатларга асосланиб, улар ушбу экспертизада аниқланиши лозим бўлган ҳолат тўғрисида якуний хулоса чиқарадилар. Бунда комплекс экспертиза ўтказишда қатнашаётган ҳар бир эксперт уларнинг ҳар бири ўзи аниқлайдиган ҳолатлар ҳажми ва мажмуидан қатъи назар, текширувни мустақил амалга оширади, бунинг учун шахсан жавобгар бўлади ва фақат ўз ваколати доирасида хулоса беради. Эксперт комплекс экспертиза хулосасининг фақат ўз ваколатига тааллуқли қисмини имзолайди.
Агар экспертиза ўтказиш экспертиза муассасасига топширилган бўлса, комиссиявий экспертизани ўтказиш ва комплекс текширувни ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.
Экспертиза ўтказиш уч босқичдан, яъни тайёргарлик кўриш, тадқиқот қилиш ва хулоса чиқариш босқичларидан иборат бўлади.