Ушбу тизим жорий йил 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларига босқичма босқич жорий қилинмоқда.
Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори солиқ тизимида ҳам рақамли технологияларни кенг жорий қилган ҳолда солиқ тўловчилар билан мулоқотни шаффоф ва ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида йўлга қўйилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш, нақд пул маблағларининг хуфиёна айланишини қисқартириш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этишга хизмат қилувчи янги замонавий автоматлаштирилган тизим яратилди. Ушбу тизим жорий йил 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларига босқичма босқич жорий қилинмоқда.
Мақсад эса замонавий ахборот технологияларини жорий қилиб, рақамли иқтисодиётни ҳаётга тадбиқ этиш орқали аҳолининг яшаш даражасини янада яхшилашга қаратилган.
Оддий қилиб айтганда, ҳар биримиз кундалик юмушлар билан турли савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида савдо-сотиқ ишларини амалга оширамиз. Бироқ, харид қилинган товарнинг миқдори, қиймати яъни суммаси, қолаверса бошқа маълумотларини билмаймиз. Шу сабабдан ҳам мамлакатимизда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш мақсадида онлайн назорат касса машиналари амалиётга кенг тадбиқ этила бошланди.
Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ушбу онлайн касса машиналарига катта қизиқиш билдирилиб мурожаатлар сони ортиб бормоқда, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Қудрат Рўзметов. — Бугунги кунгача вилоят бўйича 1120 та хўжалик юритувчи субъектлар онлайн назорат касса машиналарига ўтиши белгиланган, бироқ тадбиркорларнинг мурожаатини инобатга олиб 1134 нафар тадбиркорлик субъекти билан шартномалар тузилди.
Жорий йил бошидан вилоятимизда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига онлайн назорат касса машиналарини босқичма босқич тадбиқ этиб, дастлабки босқичида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналарига ўтишни бошладилар.
Биз жорий йилнинг январ ойидан буён онлайн назорат касса машинасидан фойдаланмоқдамиз, дейди Урганч шаҳридаги “Авеценна” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона иш юритувчиси Юлдуз Яқубова. — Виртуал кассадан фойдаланишга ўтганимиздан сўнг амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат касса машинасини ишлатиш, кассир оператори томонидан назорат-касса дафтарини юритиш, иш куни охирида назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни (Z-ҳисобот) чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилингани ҳам яна бир қулай бўлди. Шунингдек, ҳар бир харидорга бериладиган харид чекида ҳар бир маҳсулотнинг номи ва суммаси тўлиқ кўрсатилади. Бу кейинчалик сотувчи ва харидор ўртасидаги келиб чиқиши мумкин бўлган турли англашмовчиликларнинг олдини олади.
Мен доимий равишда шахсий мобиль телефоним орқали корхона кассасидаги барча молиявий амалиётларни кузатиб бораман, — дейди “MEGA AQUARIUS” МЧЖ раҳбари Сардор Нуримов. – Автотранспорт воситаларига сиқилган газ тўлдириш шохобчамиз 24 соат давомида узликсиз фаолият кўрсатади. Онлайн назорат-касса машинаси эса тадбиркорни солиқ ва банк тизими билан доимий равишда боғлаб туради.
Тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса машина ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда, уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтириш ҳуқуқи берилади. Бироқ бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак.
Эндиликда тадбиркорлар кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали белгилаган даврларда ёки ўзлари мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг самарасида тадбиркорнинг ҳисоб китоби аниқ бўлиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тўла бажарилишига эришилмоқда.
Замонавий ва қулай ушбу қурилмадан чиқаётган харид чекида товарлар ёки хизматлар номи миқдори ва қиймати қўшилган қиймат солиғи бўлганда мазкур солиқнинг ставкаси ва суммаси шунингдек QR код ва фиcкал белги ёрдамида мажбурий тартибда акс эттирилади. Маълумот ўрнида, Солиқ органларига мурожаат қилган тадбиркор беш иш кунида фискал модул яъни Онлайн НКМни бепул олиши мумкин.
UZKASSA N5 онлайн назорат касса машинаси хариди учун маблағларни қайтариш бўйича қўлланма
Do'stlaringiz bilan baham: |