Миннатдорчилик:
Ассалому алайкум ҳурматли Шавкат Миромонович!
Мен Абдухалилов Абдурашид Абдуғаниевич Навбаҳор тумани “Пахтакор” маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчисиман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович! Мен, шу йилнинг январ ойидан Навбаҳор тумани “Пахтакор” маҳалласига Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинландим.
Дастлаб мен, ўз ишимни маҳалламиздаги хонадонларни хатлов қилишдан ҳамда бу орқали маҳалланинг ўсиш нуқтасини аниқлашдан бошладим. Хатловда маҳалламизнинг ўсиш нуқтаси деҳқончилик ва чорвачилик эканлиги аниқланди. Хатлов натижасида маҳалламизда 833 та хонадон 1045 та оила, 3590 нафар аҳоли мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари маҳалламизда 117 нафар ишсиз фуқароларимиз борлиги маълум бўлди.
Ҳозирги кунда ушбу ишсиз фуқароларимиздан 29 нафарини бўш иш ўринлари орқали, жамоат ишларига жалб қилиш орқали, ва тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали бандлигини таъминладим. Ишсиз фуқароларимизни иш билан бандлигини таъминлашда уларнинг шахсий томорқаларида иссиқхона қуриш, чорвачилик билан шуғулланиш, тикувчилик, паррандачилик ва асаларичилик йўналишларида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши орқали банд бўлишига эътибор қаратмоқдаман.
Шу билан бирга деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларимизга маҳалламиз ҳудудидан 27,1 гектар ер ажратилган бўлиб, ушбу ажратилган ерлардан 0,10 сотихдан 1 гектаргача бўлган майдонларини аукцион орқали олишларига кўмаклашдим.
Фаолиятим давомида 9 нафар фуқароларимизга юридик шахс сифатида ўз тадбиркорлигини бошлашиши учун хусусий фирма ва ЯТТларини очишда кўмаклашдим.
Шундай фуқароларимиздан бири 24.05.2000 йил туғилган 22 ёшли Файзуллаева Зарина Шавкат қизи ҳунармандчилик бўйича тадбиркорлигини бошлаб, ўз ҳунарини ҳар 6 ойда 10 нафардан “Уста-шогирд” анъанаси бўйича ёшларимизга касб-сирларини ўргатиб, ўз шогирдларини тайёрлаш тизимини йўлга қўйди.
Шу билан бирга маҳалламизда деҳқончилик билан шуғулланувчи фуқароларимизни қўллаб қувватлаш учун маҳалламизда “Томорқа хизмати” МЧЖни ташкил этдим. Бу орқали деҳқонларимизга уруғлик етказиб беришдан бошлаб, экинларни парваришлаш ва етиштирилган маҳсулотларни қайта сотиб олиш имконияти бўлди. Йил якуни билан маҳалламиздаги деҳқонлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспорт қилинишини кўзлаб турибман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович Сизнинг бизга билдираётган ишончингизни албатта оқлаймиз, Сиз яратиб бераётган барча имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиб ўз маҳалламда ишсиз фуқаро ва камбағал оила бўлмаслигига ваъда бераман.
|
|
Do'stlaringiz bilan baham: |