Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
28
Катта синфлар бўхчаларини машина ичига отиб-отиб туширади.
Мен-да, бўхчамни отаман — бўхчам елкамга қайтиб келиб тушади. Тағин отаман — бўхчам
кўксимга қайтиб келиб тушади.
Физика муаллимимиз бўхчамни машина ортиб беради. Оёғимдан
олади-да, ўзимни-да
ортади. Жўна-жўна бўлади. Ота-оналаримиз бот-бот тайинлаб қолади:
— Ариқдан сув ичма — пахтага дори сепади!
— Самолёт дори сепа берса — бекиниб ол!
— Қийналсанг — қочиб кела бер!
— Мабодо қочаман десанг — катта йўл четгинасидан юргин!
Машина оҳиста-оҳиста жилади. Ота-оналаримиз қўл силкиб-қўл силкиб қолади. Биров
кўзига ёш олади. Биров юпатади:
— Бўлди-е, болангиз фронтга кетаяптими!
— Ўз оти ўзи билан пахта фронти-да!
— Жобида бир машина ёрдамчи бола сойга ағнаб кетибди!
— Болалар кори ҳол бўлмабдими?
— Эб-эй, бола қолибдими!..
Йўлда болалар қўшиқ айтади. Ким қандайчикин қўшиқ билади — ана шу қўшиқни айтади.
Шунда, машина йўл четлаб оёқ илади.
Директоримиз кабинадан ташқарилайди. Кабина пиллапоясида тикка бўлади.
— Ўртоқлар, ўлан-лапарлар айтманглар! — дейди. — Партия-совет қўшиқларидан
айтинглар!
4
Машина юради-юради — Сталин колхози мактаби олдида оёқ илади.
Мен бўхчамни гурсиллатиб ер ташлайман. Бўхчам кетидан ўзим осилиб тушаман.
Мактаб қоровули ҳувиллаб ётмиш синфхоналарни очиб-очиб беради.
Мен бўхчамни орқалаб ичкари лўкиллайман.
Катта синф синфхона тўрини олади.
Майда синф остона олдида қолади.
Мен дераза остини оламан. Бўхчамни гупиллатиб ташлайман-да — устига
узала тушиб
ётиболаман.
— Ўйнаб қўяй, дераза остидан, ўйнаб қўяй! — дейман.
Ўнинчи синф болалар гапимдан кулишиб-кулишиб гапиришадилар:
— Нега шу бола гапи ўролида ўйнаб қўяй, дейди?
— Одати-да.
— Нега ўйнаб қўяй, дейди?
— Ким билади. Зиёд дегичи гапи ўролида масалан, масалан, дейди. Шундай гап-да.
Шу вақт жой жанжали бўлади.
Биров-бировини бўхчасини нари суради. Биров-бировичи бўхчасини нари отади. Биров-
бирови билан олишиб қолади.
Деворда осиғлиқ улкан битиктахта тарақ этиб тушади.
Битиктахтада қолмиш битикка кўзим тушади:
«5 сентябр.
Сарлавҳа: Совет халқи 1980 йилда коммунизмда яшайди».
Болалар битикларни овоз чиқариб-овоз чиқариб ўқийди.
— Бечоралар! — дейди. — Бу йил ҳақидан бор-йўғи беш кун ўқибди-я!
— Қайтанга биз маза қилибмиз — бир ой ўқибмиз!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: