ТИЛ - МИЛЛАТ КЎЗГУСИ
Тил - ўзаро муомала, алоқа воситаси, тафаккур қуроли, қолаверса - миллат ғурури. Тил ҳақидаги бундай таърифларни кўп ва хўб келтириш мумкин. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингишига эътибор қаратилган. Тилнинг миллат, давлат, жамият тараққиётидаги ўрни жуда муҳим, ўта зарур ва долзарб, деб изоҳлаган бўлар эдим. Зеро, бу тушунчалар ўзаро диалектик боғлиқ ва алоқадордир. Миллат, давлат, жамият ривожланар экан, унинг тили ва тилшунослиги ҳам тараққий этиб боради. Давлат, жамиятдаги ўзгаришлар, биринчи навбатда, тилда, хусасан, унинг лексикасида - луғат бойлигида ўз аксини топади. Модомики, тил ижтимоий характерга эга экан, ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт тилда ҳам ифодасини топади. Ўз навбатида тил ва тилшуносликнинг тараққиёти жамият, давлат ривожланишига таъсирини кўрсатади. Бунинг исботини бугунги кундаги дунё манзарасидан топиш мумкин қайси мамлакат, жамиятда тинчлик, фаровонлик ҳукм сураётган бўлса, ўша ерда тил ва тилшунослик тараққий этмоқда ҳамда бунинг акси бўлган давлатларда тил ривожи ҳақида фикр юритиш амримаҳол.
Қолаверса, тил, аввало, миллатни миллат қилувчи восита, у миллатнинг кўзгусидир. Зеро, тилда маънавият акс этади. Мустақиллик даврининг энг улуғ имконият ва неъматла- ридан бири ўзбек тилининг ўз ерида эътибор топиши давлат тили мақомини олишидир. Бугунги кунда ўзбек тили миллий мафкурамизнинг таркибий қисмларидан ва мустақиллигимизнинг бош белгиларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конститутсияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
Бугун ер юзида олти мингга яқин тил ва лаҳжа бўлса, уларнинг юздан ортиғи давлат тили мақомига эга. Улар орасида ўзбек тили ҳам борлиги бизнинг бахтимиз, фахримиздир.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўтган 28 йил мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлан- тириш, тилимизнинг софлигини таъминлаш, уни ривожлантириш, эъзозлаш, ҳурмат қилиш йўлида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, ўзбек адабий тили ҳам ҳар томонлама тараққий қилди, давр талабига монанд равишда унинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар рўй берди. Бу ўзгаришларни ёритиш, таҳлил қилиш талабига кўра, “Ўзбек тилшунослиги” фани ҳам доимо ўзгариш ва ривожланишда бўлди. Зеро, барча даврларда ўзбек тилшунослигининг асосий вазифаси адабий тилнинг шаклланиш, ривожланиш ва такомиллашиш йўлларини, бунда амал қиладиган қонуният, сабаб ва имкониятларни таҳлил ва тадқиқ қилишдан иборат бўлган. Шунга кўра ўтган йиллар мобайнида ўзбек тилшунослиги катта ютуқларга эришди. Тилшунос олимларнинг улкан меҳнати ва жонкуярлиги туфайли фундаментал асар
80 000 дан ортиқ сўз ва сўз бирикмасидан иборат 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” дунёга келди. У ўзбек халқининг луғат бойлиги жамланган “тилла сандиғидир”. Сўнгги йилларда деярли барча соҳаларнинг ўзбек тилидаги термино- логик тизими таҳлил қилиниши натижасида терминлар луғати яратилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганидан буён ўтган давр мобайнида тилимиз нафақат четдан кириб келган сўзлар ҳисобига бойиди, балки дунё халқлари тили луғатига ўзбекча сўзлар ҳам кириб борганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дунёда бирор тил йўқки, бошқа тилнинг таъсирига тушмаган, бошқа тилдан сўз ўзлаштирмаган бўлса, ҳаттоки, энг консерватив ва ўз анъаналарига содиқ қолувчи тиллар ҳисобланган япон, корейс, араб тилларида ҳам бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар етарлича топилади. Ўзбек тили ҳам бу жараёндан мустасно эмас, албатта. Халқимиз бошқа халқлар билан олиб борган ва олиб бораётган сиёсий, маданий, савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқалари туфайли тилимизга европа ва шарқ тилларидан талай сўз ва сўз бирикмалари ўзлашган. Буларга юзлаб мисолларни келтириш мумкин. Шу билан бирга, ўзбек тилидан дунё тилларига тўғридан тўғри ўзлашаётган сўзлар жуда кўп. Масалан, ўзбек курашининг спорт тури сифатида дунё майдонига чиқиши туфайли “чала”, “ёнбош”, “ҳалол” каби сўзлар халқаро мусобақаларда янграмоқда ва улар кўпгина халқларнинг спортга оид терминологик луғатларидан жой олиб улгурди.
Бугун юртимиз йигит-қизлари бир неча хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари одатий ҳолга айланиб қолган бўлса, дунё
мамлакатлари ёшларининг ўзбек тилини ўрганаётганлари, бизнинг тилимизда эркин суҳбат қураётганларини кўриб фахр ва ифтихор ҳиссини туясан киши. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. АҚШ, Корея, Хитой, Япония, Украина, Россия, Озарбойжон каби мамлакатлар уни- верситетларида ўзбек тили фан сифатида “Шарқ тиллари” кафедрасидаги фанлар сирасида ўқитилади. Ўзбек олимлари бу таълим масканлари билан ҳамкорлик қилиб, ўзбек тили бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларини ёзишда иштирок этиб келишмоқда.
Тил - инсонни бутун борлиқдан устун қилиб турган бемисл қудрат, миллатнинг қалби, руҳи, ўтмиши, бугуни, келажаги, орзу ва армонлари, миллатнинг ўзи, ўзлигидир. Инсоният ривожланар экан, тил тараққиёти ҳам абадийдир. Она тилимизни, яъни давлат тилини асраб-авайлаш, эъзозлаш, бойитиш нафақат тилшуносларнинг, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Маърузачи: М. Расулова
Do'stlaringiz bilan baham: |