Соғлиқни сақлаш вазирининг
2017 йил “31” мартдаги
131-сонли буйруғига
2-илова
Тез тиббий ёрдам хизмати диспетчерининг хатти-ҳаракатлари БАЁННОМАСИ Умумий ҳолатлар
“Тез тиббий ёрдам (ТТЁ) кўрсатиш учун чақирувни қабул қилиш ва узатиш бўйича Диспетчерлик Баённомаси” (кейинги ўринларда Баённома деб аталади) тез тиббий ёрдам (кейинги ўринларда ТТЁ деб аталади) хизматига мурожаат қилинганда ва ТТЁ томонидан тиббий ёрдам кўрсатилганда ТТЁнинг фаолияти тартиби, босқичлари ва кетма-кетлигини, шунингдек ТТЁ хизматини бошқариш тизимини белгилайди.
Мазкур Баённома мақсадлари учун қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифларидан фойдаланилади:
ТТЁ автомобили – тегишли танитувчи белгиларга эга бўлган, тиббий техника, алоқа воситалари, тиббий буюмлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг... Рўйхатида назарда тутилган бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган, беморларга ТТЁ кўрсатиш ва (ёки) уларни транспортировка қилишга мўлжалланган махсус енгил автомобиль;
ТТЁ бригадасини алдаб чақириш – ТТЁ бригадасининг ТТЁ хизматига мурожаат қилган шахснинг ТТЁ бригадасини чақириш манзили ёки бемор ҳақида қасддан нотўғри ахборот бериши туфайли беморга ТТЁ томонидан ёрдам кўрсатилмаслиги билан якунланган чиқиши;
ТТЁ бригадасини кечиктирмасдан чақириш – ТТЁ бригадасининг беморга мурожаат пайтида унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирмайдиган, аммо сутка давомида унинг соғлиғи ёмонлашишига олиб келиши мумкин бўлган касалликлар муносабати билан чақирилиши;
ТТЁ бригадасини тезкор чақириш – ТТЁ бригадасининг беморга мурожаат пайтида унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирмайдиган, аммо бир соат давомида унга тиббий ёрдам кўрсатилмаса унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф солиши мумкин бўлган касалликлар муносабати билан чақирилиши;
ТТЁ бригадасини шошилинч чақириш – ТТЁ бригадасининг беморга мурожаат пайтидаёқ унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф соладиган касалликлар муносабати билан чақирилиши;
Беморларни транспортировка қилиш – беморларнинг ТТЁ бригадалари томонидан ТТЁ бригадасини чақириш манзилидан касалхона муассасалари қабул бўлимларига етказиб берилиши ва стационар ёки амбулатория шароитида кейинги тиббий ёрдам кўрсатиш масаласининг ҳал этилиши.