"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази фаолияти мамлакатимизда давлатнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан электрон ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган. Давлат органларида фойдаланиладиган маълумотлар базаси ва ахборот ресурсларини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва бирлаштириш механизмини назарда тутадиган ушбу тизимни шакллантиришга ягона технологик ёндашувни таъминлайдиган мазкур марказ бу борадаги жаҳон тенденциялари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил ва тадқиқ этади, “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига вақт ва маблағни тежаган ҳолда сифатли давлат хизматлари кўрсатиш, янги-янги хизматларни электрон равишга ўтказиш каби вазифларни ҳал этади.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг асосий мақсади эса "электрон ҳукумат" тизими маълумотлар базаси, ресурслари ва ахборот тизимлари комплексининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, давлат органларининг тегишли ресурс ва тизимларининг ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш, "электрон ҳукумат" тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, шунингдек, миллий интернет сегментини такомиллаштириш борасида ишларни амалга оширишдан иборат.
2013 йилнинг 1 июлида Республикамизда "электрон ҳукумат" тизимининг энг муҳим воситаларидан бири бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди (www.my.gov.uz). Ягона порталнинг шиори "Хизматлар янги қиёфада" деб номланиб, унинг маъноси реал вақт режимида фойдаланувчилар учун интерактив давлат хизматларини ягона нуқта орқали тақдим этишни англатади. Бугунги кунда Ягона портал орқали фойдаланувчиларга 220 дан ортиқ хизматлар тақдим этилмоқда.
Ягона портал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПФ-1920-сон Фармони билан тасдиқланган "Обод турмуш йили" Давлат дастурига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарорига асосан яратилган.
2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ва дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб ва у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 18 ноябрда қабул қилинди. Сенат томонидан 2015 йил 3 декабрда маъқулланди ва 2015 йил 9 декабрь, ЎРҚ-395-сон билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А. Каримов томонидан имзоланди. Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2015 йил 10 декабрдаги 237 (6420)-сонида эълон қилинди ва кучга кирди.
Электрон ҳукумат Қонунининг асосий мақсади электрон ҳукумат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, яъни айнан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш асосида давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини мақбуллаштириш, электрон давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш қулайлигини ошириш, процедураларни соддалаштириш ва уларни кўрсатиш муддатларини қисқартириш, шунингдек, давлат хизматларини олиш билан боғлиқ маъмурий харажатларни камайтириш, давлат органларининг ахборот маълумотлар базаларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимида «ягона ойна» принципини жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат тизимидан фойдаланиш масалаларига қонуний асос яратишдир.
Қонун асосий тушунчалар, электрон ҳукумат принциплари, электрон ҳукумат инфратузилмаси, электрон ҳукумат соҳасидаги давлат бошқаруви, электрон давлат хизматларини кўрсатишга қўйиладиган талаблар, шунингдек, давлат органларининг электрон ҳукумат доирасидаги ҳамкорлигини белгиловчи 5 та боб ва 34 та моддадан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |