4-мавзу: “Электрон ҳукумат” архитектураси ва уларда маълумот алмашинуви. (6 соат)
Режа:
Электрон ҳукумат архитектураси.
Электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари.
Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими, давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ҳамда уларнинг мажмуалари.
Давлат органларининг расмий веб-сайтлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали.
Электрон ҳукуматнинг маълумотларга ишлов бериш маркази ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи.
Ўзбекистон Республикасида Электрон ҳукуматнинг асосий лойиҳалари.
Электрон ҳукуматнинг маълумотлар базаларини яратиш бўйича асосий лойиҳалари.
«Электрон ҳукумат» лойиҳаларини амалга ошириш механизми.
Электрон ҳукумат тизимини бошқариш схемаси.
Таянч сўз ва иборалар: Архитектура, ахборот ресурслари, ахборот тизими, маълумотлар базаси, веб-сайт, веб-портал, маълумотлар узатиш тармоғи, лойиҳа, маълумотлар базалари, “Электрон ҳукумат” лойиҳалари, Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази.
<<1>>
Электрон ҳукумат архитектураси.
Ҳозирги кунда фан ва техникада кўп қўлланиладиган тушунчалардан бири - тизимдир. Электрон ҳукумат архитектураси хусусида сўз юритишдан олдин “тизим” моҳиятини англаб етайлик.
Тизим – бу ташкил этувчилардан иборат бир бутунлик деган маънони англатади. Умумий ҳолда тизимга қуйидагича таъриф келтирамиз. Тизим – бу ўзаро боғлиқ ва ягона мақсадга эришиш учун маълум қоида асосида ўзаро муносабатда бўладиган элементлар тўпламидир. Бу элементлар тўплами оддий элементлар йиғиндисидангина иборат бўлмай, ҳар бир элемент ҳам ўз навбатида тизим бўлиши мумкин. Электрон ҳукумат тизимида ҳам ушбу жараённи кўриш мумкин.
«Тизим» деганда, бир вақтнинг ўзида ҳам ягона, ҳам яхлит деб қараладиган ҳар қандай объект, ҳам қўйилган мақсадларга эришиш манфаатларида бирлаштирилган турли элементлар мажмуи тушунилади.
Тизимлар тузилиши бўйича оддий ёки мураккаб бўлиши мумкин. Оддий тизимларни ташкил этувчи элементлар сони кам бўлиб, содда тузилишга эга бўлади. Мураккаб тизимлар эса, бир нечта элементлардан ташкил топган бўлиб бу элементлар ҳам ўз навбатида алоҳида тизимларга бўлиниши мумкин.
«Тизим» тушунчаси кенг тарқалган ва жуда кўплаб маъноларда қўлланилади. Ахборот тизимларига нисбатан қўлланилганда аксарият ҳолларда техник воситалар ва дастурлар тўплами назарда тутилади.
“Белгиланган мақсадга эришиш учун ахборотларни шакли ва мазмунига кўра турларга ажратиш, уларни сақлаш, излаш ва қайта ишлаш принципларига, қайта ишлашда қўлланиладиган усуллар, шахслар ҳамда воситаларнинг ўзаро боғланган мажмуига ахборот тизими (АТ) дейилади.”
Ахборот тизимининг асосий вазифасига берилган турдаги ахборотни излаш, уни қайта ишлаш ва қисқа вақт ичида керакли жойга узатиш масалаларини ҳал қилиш киради. Ахборот тизимларининг қўлланилиш соҳалари турли-тумандир.
Шунингдек, ҳар бир тизимга хос бўлган хусусиятлар ва ўзига хосликлар ҳам турли тумандир. Муайян ахборот тизимининг хусусиятлари мажмуини белгиловчи кўплаб омиллар орасида учта асосий омилни ажратиб кўрсатиш мумкин, булар: тизимнинг техник даражаси; ишлов берилаётган ахборот характери; ахборотнинг ишлатиш мақсадлари, яъни ушбу тизим ҳал қилишда ёрдам бериши мўлжалланган вазифалар доираси.
Бу омиллар ҳам тизимнинг ўзида, ҳам фойдаланувчилар учун тақдим этиладиган ахборот шаклининг, ахборотга ишлов бериш жараёнлари характерининг ва тизимнинг ташқи муҳит билан ўзаро алоқасининг, тизимнинг алгоритмик ва дастурий таъминотининг таркибини белгилаб беради. Ўзбекистон Республикаси электрон ҳукумат архитектурасида бир неча тизимларни кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси электрон ҳукумат архитектураси қуйидагилардан иборат (расм 4.1.):
Расм 4.1. Ўзбекистон Республикаси электрон ҳукумат архитектураси
марказий маълумотлар базаларидан;
идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимидан;
давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ҳамда уларнинг мажмуаларидан;
давлат органларининг расмий веб-сайтлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан;
маълумотларга ишлов бериш маркази ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи.
1>
Do'stlaringiz bilan baham: |