ТЕМИР ЙЎЛЛАР ТРАНПОРТИДА ЮК ТАШИШ ТАРИФЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШИРИШ
Режа:
Ташиш ва тижорат ишларини ташкил қилиш
Юклар ва йўловчилар ташишни режалаш, Темир йўлларда юк ва йўловчилар оқимининг ҳосил бўлиши.
Юк ва тижорат ишларини ташкил қилиш.
Ортиш-тушириш ишларини комплекс механизациялаш
Ташиш ва тижорат ишларини ташкил қилиш
Умумий тушунчалар. Ташиш жараёни йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва ташиш, юкларни ортиш, тушириш, улар учун вагонларни бериш ва олиш, вагонларни поезд таркибларига қўшиш ва темир йўллар бўйлаб харакатлантириш каби ишларни ўз ичига олади.
Темир йўлларда ташиш жараёнини ташкил қилиш ва ҳаракатни бошқариш қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилади: ҳаракат хавфсизлиги ва юклар сақланганлигини шартсиз бажариш; ташиш жараёнининг барча босқичларида жадал ва илғор технологияларни қўллаш; меҳнатни бошқаришни илмий асосда ташкил қилиш, барча бўлимларнинг ҳамкорликда ишлашини таъминлаш; техник воситалардан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш; йўловчиларга юқори савияда хизмат кўрсатиш; бошқа транспорт турлари билан ҳамкорликда ишлаш ва бошқалар.
Ушбу тамойилларга чуқур билим ва омилкорлик билан амал қилиш темир йўллардан фойдаланишнинг асосини ташкил қилиб, йўловчи ва юкларни ташишни тезкор ва тежамкорлик билан бажаришга имкон яратади. Темир йўллардан фойдаланиш ишларини ташкил қилиш мунтазам такомиллашиб боради ва унинг заминида вагонлар оқимини илмий асосда ташкил этиш, поездлар ҳаракатини белгиланган жадвал асосида аниқ бажариш, поезд ва юк ишларини техник меёрлаш, тезкор режалаш ва бошқариш омиллари ётади.
Юклар ва йўловчилар ташишни режалаш
Темир йўлларда юк ва йўловчилар оқимининг ҳосил бўлиши.
Юк ва йўловчилар транспорт ишининг асосий меҳнат объектларидан бўлиб, ҳар қандай маҳсулот транспортда жўнатишга қабул қилингандан бошлаб манзилига етказилиб то истеъмолчиларга топшририлгунга қадар транспорт учун юк ҳисобланади.
Товарлар жўнатиш учун йиғиладиган махсус жойлар юк ҳосил қилувчи жойлар ва юклар келтириб тушириладиган махсус жойлар юк қабул қилувчи жойлар деб аталади. Юк қабул қилувчи ва жўнатувчи жойларга асосан саноат корхоналари, жамоа ҳўжаликлари, ер ости кон ва шахталари, карьерлар, темир йўл ва автомобилларнинг юк бекатлари, портлар, қурилиш майдончалари, базалар, омборлар ва хокозолар киради. Айрим ҳолларда юк жўнатиш ва қабул қилиш жойлари бирлаштирилган бўлиши мумкин. Бундай жойларда қабул қилинган юклар сараланиб ва гуруҳланиб қайта жўнатилиши мумкин.
Маълум вақт бирлигида тонна ҳисобида қабул қилинган ва жўнатилган юклар ҳажми шу жойнинг юк айланмаси (обороти) дейилади. Шунингдек, маълум вақт бирлигида жўнатилган ва қабул қилинган йўловчилар сони ана шу жойнинг йўловчи айланмаси (обороти) дейилади.
Юк жўнатиш жойидан қабул қилиш жойига маҳсулот юбориш натижасида юк оқими ҳосил бўлади. Худди шунингдек йўловчилар жўнатишда йўловчилар оқими ҳосил бўлади. Бирор йўналишдаги барча юклар миқдори ёки ҳаракатдаги умумий йўловчилар сони шу йўналишдаги юк ёки йўловчилар оқими ҳисобланади. Юк ва йўловчилар оқими ўз йўналишлари бўйича бир томонлама ёки икки томонлама бўлади. Икки томонлама юк ва йўловчилар оқимида ташиш миқдори жиҳатидан кичик бўлган йўналиш орқа томонга йўналиш деб қабул қилинган. Ташиш миқдори жиҳатидан улар ўртасидаги мавжуд тавофут юк ва йўловчилар оқимининг йўналишлар бўйича нотекислиги деб аталади.
Айрим иқтисодий ва географик минтақалар бирор аниқ ишлаб чиқариш кучлари бўйича иқтисослашган бўлса, бундай минтақаларнинг ҳар бирида кўп миқдорда юқори сифатли ва арзон маҳсулотлар ҳамда буюмлар чиқарилиши мумкин. Улар иқтисодий минтақа эҳтиёжларини қондирибгина қолмай, балки мамлакатнинг бошқа бир қанча минтақалари талабларини ҳам қондириши, ёхуд бошқа мамлакатларга ҳам ташилиши мумкин. Бундай ҳолларда иқтисодий туманлараро турли хом ашёлар, яримфабрикатлар ва тайёр буюмлар, ёнилғи алмашинуви ва пировард натижада уларни ташишга зарурият туғилади.
Тайёр маҳсулот, хомашё, ярим фабрикат маҳсулот ва буюмлар ва ёнилғиларни бирор иқтисодий минтақага қай миқдорда олиб келиш ёки аксинча бошқа минтақага юборишни аниқлаш учун вақти-вақти билан иқтисодий минтақалар аро транспорт-иқтисодий балансларни тузиб туриш зарур. Мана шундай транспорт-иқтисодий баланслар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмол қилувчиларни бирлаштирувчи восита бўлиб, ташиш ишлари режаларини белгилашга асос бўла олади.
Ташиш ишларини режалаштириш темир йўл транспорти ишини режалаштиришнинг асоси бўлиб, унинг фойдаланиш, капитал қурилиш- таъмирлаш, молиявий ва бошқа бўлинмалари ишларининг ҳамда темир йўллардан фойдаланиш ишларининг техник меёрларини белгилашга имкон яратади. Масалан, ташиш ишлари кўрсаткичлари асосида ҳаракатланувчи воситаларнинг ўтадиган йўли, вагонлар ва локомотивларнинг ишчи парки, йўллар бўйича вагонлар ва бўш вагонларни топшириш каби меёрлар белгиланади.
Режалаштирилган ташишлар ҳажми асосида темир йўлларнинг ёнилғи, электр энергия ва материалларга бўлган эҳтиёжи, ишчи ва хизматчилар сони, маош фонди, ташиш харажатлари, даромад ва тушумлар, ишлаб чиқариш самарадорлиги, ташиш таннархи кабилар ҳисобланади.
Темир йўлларда ташиш ҳажмлари ва уларни режалаштириш саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, капитал қурилиш, моддий-техник таъминот, ташқи ва ички товар алмашинуви режалари асосида олиб борилади. Ташишни режалаштириш ва бажаришдан асосий мақсад мамлакатнинг ташишга бўлган барча эҳтиёжларини тўла қондириш, ташиш жараёнига кетадиган сарф-харажатларни камайтириш, транспорт-иқтисодий алоқаларни рационаллаштириш, ташиш ишларини транспорт турлари орасида иқтисодий самарали тақсимлаш ва бошқалар. Шу мақсадларда вагонларнинг юк кўтариш қобилияти ва сиғимидан тўла фойдаланиш, ҳаракатланувчи таркибларнинг бўш қатновини камайтириш, ташишнинг йил даврлари бўйича нотекислигини камайтириш, хўжалик тармоқлари эҳтиёжларининг фаслий ўзгаришлари кабилар ҳисобга олинади.
Ташишларни режалаштиришда бир хил юк оқимларини қарама-қарши йўналишларда ва ўта узоқ масофаларга ташишларни камайтиришга, ҳар бир транспорт тури бўйича унга хос ва мақбул юкларни тегишли ҳажмларда ташишларни ҳисобга олиш ва номаъқул ташишларни бартараф этишга эътибор қаратиш лозим.
Ташишларни режалаштиришда юк айланмаси, вагон ҳисобида бир кунлик ўртача юк ортиш, поезднинг ўртача массаси, вагоннинг статик юкланиши, ўртача ташиш масофаси каби кўрсаткичлар белгилаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |