TDMA усули
TDMA (ингл. Time Division Multiple Access) усулидан кўплаб рақамли МАТларда фойдаланилади: GSM, D-AMPS, TDMA (IS-136), PDC, DECT, TETRA ва бошқалар. Частота асосида ажратувчи тизимлардан фарқли ўлароқ, бу усулда абонентлар кенг частота полосаларида ишлайдилар ва уларнинг ҳар бирига бу полосалар ичида вақт интерваллари (мантиқий каналлар) ажратилади ва маълум бир вақт мобайнида (ингл. Time slot) ахборот узатишга рухсат этилади.
Масалан, GSM стандартида 200kGs кенгликдаги полоса 8та вақт интервалига бўлинади, D-AMPSстандартида эса 30kGs ли полоса 3 мантиқий каналга бўлинади. Абонентга нисбатан трафик пульсацияланувчи характерга эга бўлади, яъни абонентлар сони кўпайган сари, уларнинг ахборот узатиш имкониятлари камаяверади. Алоқа каналининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш учун TDMA усули кўпинча FDMA усули билан биргаликда ишлатилади.
CDMA усули
CDMA (ингл. Code Division Multiple) технологияси иккинчи авлодга мансуб CDMAone (IS-95) стандартида ва деярли барча учинчи авлод стандартларида (10тадан 8тасида) ишлатилади. Эфирни бундай ажратиш усулида трафик каналлари уларга рақамли код бериш асосида яратилади ва улар бутун полоса кенглигида ёйилади, яъни частота ва вақт бўйича ажратилмайди, абонентлар бутун канал кенглигида ишлайдилар.
Алоҳида каналнинг частота полосаси жуда кенг бўлиб, абонентларнинг узатмалари устма-уст тушади, лекин улар код бўйича фарқ қилганлиги сабабли, уларни бир-биридан ажратиш мумкин бўлади.
CDMA усулининг асосий принципи физик каналларни кодли ажратиш билан биргаликда псевдо-тасодифий кетма-кетликларни (ПТК) модуляциялаш ҳисобига спектрни кенгайтириш ҳисобланади.
Усулнинг афзалликлари қаторига юқори ҳалақитбардошликни, сигналнинг кўп нурли тарқалиш шароитларига яхши мослашувчанлигини, тизимнинг юқори сиғимлилигини ва ахборотларнинг яхши ҳимояланганлигини киритиш мумкин.
Техник нуқтаи назардан CDMA асосидаги тизим бошқа FDMA ва TDMA асосидаги тизимлардан фарқланадиган қатор ўзига хос ҳусусиятлари билан тавсифланади. Аввало, қабул қилинадиган сигналлар сатҳларини юқори аниқликда тенглаштириш (текислаш) зарур, шунингдек, тизимли вақт шкаласининг абсолют қийматигача аниқликда мобил станцияларнинг синхронлигини таъминлаш керак.
Тизимнинг сиғими бўйича CDMA усули TDMA усулидан 3 марта самаралироқдир (лекин, TDMA да спектрал самарадорликни оширишнинг такомиллаштирилган усуллари қўлланилиши натижасида ушбу кўрсаткич бўйича CDMA усули билан тенглашиб олди).
OFDMA усули
OFDMA усули (ингл. Orthogonal Frequency Division Multiple Access) кўп сонли яқин жойлашган ортогонал қуйи-элтувчи часоталардан фойдаланган ҳолда кўпсонли уланишнинг рақамли схемаси ҳисобланади.
Бунда бир мантиқий канал, одатда, бутун рухсат этилган частоталар диапазони бўйлаб тақсимланган қуйи-элтувчиларнинг маълум бир тўплами орқали ташкил этилади.
Ҳар бир қуйи-элтувчи паст символли тезликда ишлайдиган оддий модуляция схемалари (масалан, квадратура-амплитудавий модуляция, QAM) асосида модулланади.
Бунда ҳудди шундай ўтказиш полосасида бир элтувчи асосида ишлайдиган оддий модуляция схемаларидаги каби маълумот узатиш умумий тезлиги сақлаб қолинади.
OFDMA-символи ўз ичига маълумот узатиш зонасини ва бу зонадан олдин турадиган символлараро интерференцияни олдини олувчи ҳимоя интервалини (яъни, символнинг бошланғич фрагментини такрорланиши) киритади.
Do'stlaringiz bilan baham: |