ПН КБА = ПУ бу ерда Пн-ўлчаш учун ажратиш-йиғиш ишларини талаб этмайдиган мазкур диагностикалаш буюмининг назорат параметрлари сони; Пу-мазкур диагностикалаш назорат параметрларининг умумий сони. Автотранспорт воситасининг диагностикалашга мослашганлик хусусиятига уни лойиҳалаётганда асос солинади. Объект ва унинг таркибий қисмлари конструкцияси назорат нуқталарига қулайлик билан яқинлашишни узел ва механизмларни бўлакларга ажратмасдан таъминлаши керак (технологик туйнук ва тиқинларни очишдан ташқари). Диагностик жиҳозлар уланиш жойларининг конструктив шакли иложи борича содда бўлиши керак (тиқинли резбали тешиклар, қулфлаш мосламаси, туйнукчалар). Диагностикалаш самарадорлиги кўпинча ижрочи (оператор-диагност)га боғлиқ. Диагностикалашни юқори малакали ва тажрибали автокорхона ходимлари ўтказиши керак. Замонавий диагностикалаш жиҳозлари объектнинг техник ҳолати тўғрисида ахборот олиш бўйича катта имкониятларига эга. Олинган ахборотдан фойдаланиш эса кўникма ва малакани талаб этади. Автотранспорт воситаларини диагностикалашни ташкил этиш, диагностикалаш натижаларини йиғиш ва фойдаланишда ижрочининг роли жуда муҳимдир.
Инсон ҳис этиш органларидан фойдаланиб ўтказиладиган субъектив диагностиканинг роли жиҳознинг автоматлаштирилиши ва автотранспорт воситаларининг диагностикалашга мослашганлигининг ўсиши билан пасайиб боради. Айрим ҳолларда бу имкониятдан дастлабки амалларда фойдаланилади, олинган маълумотлар диагностикалаш воситалари ёрдамида ойдинлаштирилади. Масалан, инсон эшитиш органлари орқали қабул қилиш ва баҳолаш учун қулай бўлган двигател шовқини тавсифининг ўзгариши диагностикалаш воситаларидан фойдаланиш зарурлиги тўғрисида хулоса чиқариш имконини беради ва айрим ҳолларда, агар диагностнинг кўникмалари имкон берса, нуқсон қидиришнинг кейинги йўналишларини белгилайди. Умуман олганда, субъектив омил замонавий диагностик жиҳозни бошқаришда иложи борича камайтирилади, диагностикалаш натижасига оператор янглиш ҳаракатларининг таъсири истисно қилинади. Диагностик жиҳоз эксплуатациясини соддалаштириш ва уни ўрта малакали ходим бошқара олиши автотранспорт воситаларини диагностикалашни кенг қўллашга шарт-шароит яратади. Диагностикалаш тизимининг таснифи 6-расмда келтирилган.
Диагностик модел диагностикалаш масалаларини ечиш ва алгоритмларини ишлаб чиқиш учун керак бўладиган, объектнинг фақат шаклга эътибор берадиган (формал) тавсифидир. Тавсиф аналитик, жадвал, вектор, график ва бошқа шаклларда келтирилиши мумкин. Моделлар объект ва унинг элементлари параметрлари, сигналлар ўтиш жараёни, айрим элементлар ўртасидаги алоқа ва таъсир ва бу элементларнинг диагностикалаш объекти параметрига таъсирини тавсифлайди.
Аниқ моделлар диагностикалаш объектининг соз ва ҳар бир мумкин бўлган носоз ҳолатлари тавсифини ўз ичига олади. Аниқ моделлардан нисбатан оддий диагностикалаш объектларини тавсифлаш учун фойдаланилади. Диагностикалаш моделлари функционал ва тузилмавий бўлиши мумкин. Функционал моделлар объект ишчи кириш ва ишчи чиқишларига нисбатан аниқланган диагностикалаш объектининг бажарадиган вазифаларини, тузилмавий моделлар эса объектнинг ички ташкилини - унинг тузилмасини тавсифлайди. Бутун объектга нисбатан, кўпроқ, қидирув чуқурлиги билан диагностикалаш учун тузилмавий моделлар талаб этилади. Кўпинча иккала тур моделлар элементларидан фойдаланилади.
Ниҳоят, моделлар аниқ ва эҳтимолий бўлиши мумкин.
Пневмоюритмали тормоз тизимининг тузилмавий-натижавий шакли 7.расмда келтирилган.
Бу шаклда диагностикалаш объектининг асосий элементлари, унинг тузилмавий параметрлари (S1 …S6) , характерли носозликлари ва диагностик параметрлари (Д1… Д 3) ўзаро боғланган. Тузилмавий-натижавий шакл структуравий параметрларга, уларга тегишли диагностик параметрлар тўпламини мос қилиб қўйиш ва тузилмавий параметр ўзгаришининг диагностик параметр ўзгаришига бўлган мантиқий таъсирининг борлигини аниқлаш имконини беради. Келтирилган тузилмавий - натижавий схемадан кўриниб турганидек, тузилмавий параметрлар қийматларининг ўзгариши тегишли диагностик параметрлар қийматларининг ўзгаришига олиб келади.
8 – расмда диагностик матрица деб аталадиган жадвал келтирилган. У пневматик юритмали тормоз тизими - диагностикалаш объекти мисолида қурилган. Жадвал икки қийматли диагностик модел бўлиб, диагностик ва тузилмавий параметрлар орасидаги боғланишни билдиради. S1 …S6 устунлар диагностикалаш объектининг кутилиши мумкин бўлган носозликлари, Д1.…Д3 қаторлари эса қўлланадиган диагностик параметрларни билдиради. Қатор ва устун кесишган жойидаги «1» сони диагностик ва тузилмавий параметрлар ўртасида боғланиш борлигини, «0» сони эса бундай боғланиш йўқлигини билдиради. Шундай қилиб, «тормозланиш йўли» номли диагностик параметр учраши мумкин бўлган барча нуқсонларнинг бирданига пайдо бўлиш имкониятини баҳолайди ва энг кам маъноли диагностик параметр бўлиб ҳисобланади. У комплекс диагностик параметр сифатида тормоз тизимининг техник ҳолатини бутунича баҳолаш имконини беради.
Нуқсоннинг қидирув чуқурлигини ошириш учун «ғилдиракдаги тормозланиш кучи» ва «тормоз тизимининг ишлаб кетиш вақти» каби диагностик параметрлардан фойдаланилади. Улар 7-расмда кўрсатилган боғланишларга мувофиқ нуқсон қидиришнинг кейинги йўналишини чеклайди.
Бу диагностик матрицада объектнинг битта аниқ носозлигининг пайдо бўлишини кўрсатадиган бир маъноли диагностик параметр йўқ. Носозликнинг вужудга келиш ҳодисалари ҳар доим ҳам тенг эҳтимолли эмас. Диагностик матрицани ишлаб чиқаётганда диагностик параметр ўзининг меъёрий қийматига етганида, объект носозлиги вужудга келиш эҳтимоллигини ҳисобга олиш мумкин.
Диагностик моделлар автотранспорт воситасининг эксплуатация шароитлари ва ишлаб чиқилаётган конструкцияси асосида қурилади. Уларни тадқиқ қилиш орқали носозлик ва бузилишларнинг юзага келиши натижасида хусусиятларнинг характерли ўзгаришлари, тузилмавий ва диагностик параметрлар ва диагностик параметрларни баҳолаш усуллари белгиланади, ишлаш қобилияти шароитлари аниқланади, диагностикалаш алгоритмлари ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |