Ишчи диагностикалашда объектга иш таъсирлари ўтказилади ва объект ишчи тартиботларида ишлаётганида диагностикалаш амалга оширилади.
Экспресс-диагностикалаш олдиндан белгиланган вақт ичида параметрларнинг чекланган сони бўйича ўтказилади.
Тизимнинг самарали ишлаши уни ташкил этган элементлари (воситалар, объект ва ижрочилар)нинг бир бирига монанд ўзаро ҳаракатига боғлиқ. Диагностикалаш тизими ҳар бир элементининг вазифаси ва тутган ўрнини кўриб чиқамиз.
Диагностикалаш воситалари – бу, жиҳозлар (приборлар, пультлар, стендлар, махсус ва универсал компьютерлар, автомобил конструкциясига доимий ўрнатилагн аппаратлар ва бошқалар) ва диагностикалашни амалга оширувчи дастурлар. Диагностикалаш воситалари функционал вазифаси, технологик жойлашуви, ахборот бериш шакли, ихтисослашув даражаси ва қўзғалувчанлиги бўйича таснифланади.
Технологик жойлашуви бўйича технологик жиҳозлар ташқи, автомобил конструкциясига доимий ўрнатилган ва қурама бўлиши мумкин.
Ташқи воситалар-конструкцияси диагностикалаш объектидан айрим ҳолда бажарилган стендлар, асбоб (прибор)лар, жиҳозлар.
Автомобил конструкциясига доимий ўрнатилган воситалар диагностикалаш объектининг таркибий қисми ҳисобланади. Доимий ўрнатилган диагностик воситалардан олинган ахборотдан ташқи воситалар фойдаланганда жиҳозларнинг қурама ҳолатига эга бўламиз.
Диагностик жиҳоз ихтисослашуви бўйича махсус ва универсал жиҳозларга бўлинади. Махсус диагностикалаш воситаси битта ёки бир турдаги объектлар гуруҳини диагностикалаш учун мўлжалланган. Универсал диагностикалаш воситаси ҳар хил турдаги объектларни диагностикалашга мўлжалланган. Масалан, тебранма шовқин диагностикаси жиҳози автотранспорт воситасининг ҳар хил агрегатларини диагностикалашда ишлатилса, электрон сканер-тестердан айрим автотранспорт воситаларининг электрон жиҳозларини диагностикалашда фойдаланилади.
Қўзғалувчанлиги бўйича диагностик жиҳозлар қўзғалмас, силжийдиган ва кўчма бўлиши мумкин.
Диагностик жиҳозлар бажараётган вазифаларига қараб таснифланади, яъни автотранспорт воситасини бутунича диагностикалаш учун, унинг агрегатлари, узеллари ва тизимларини диагностикалаш учун.
Диагностик жиҳознинг ахборот бериш шакли товушли, кўз ёрдамида кўриладиган, рақамли, ўхшаш, узлукли бўлиб, «ҳа-йўқ», «яроқли-яроқсиз» турида қайд этилади ва ахборот йиғиб борилади.
Диагностикалаш воситалари аниқ белгиланган алгоритмлар бўйича ишлайди. Диагностикалаш (назорат) алгоритми бажариладиган кўрсатмалар мажмуидан иборат бўлиб, диагностикалашни ўтказишда ҳаракатлар кетмакетлигини аниқлайди. Диагностикалаш (назорат) алгоритми объектни элементлари бўйича текширув ўтказиш таркиби, тартиби ҳамда уларнинг натижаларини таҳлил этиш қоидаларини белгилайди. Элементлар бўйича текширув ишчи ёки тест таъсири билан аниқланади. Алгоритмлар иккига бўлинади: шартсиз ва шартли.
Диагностикалаш (назорат) нинг шартсиз алгоритмларида элементар текширувларнинг бажарилиш тартиби олдиндан белгиланган. Диагностикалашнинг шартли алгоритмларида навбатдаги элементар текширувни танлаш олдинги текширувлар натижалари билан аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |