Анвар йиғлаб юборди…
Она тили дарси эди. Ўқитувчимиз барчамизнинг китоб, дафтарларимизни кузатиб чиқди. Лекин Анвар дафтарини олди-ю, китобини олмади. Ўқитувчимиз китобни сўраганда, Анвар индамай тураверди. Шунда ўқитувчимиз унга сумкасини олишни буюрди. Анвар сумкасидан секингина китобини олди. У китобининг муқовасини йиртиб-чизиб ташлагани учун яшириб ўтирган экан. Ўқитувчимиз Анварга ҳеч нарса демади, лекин у китоб билан боғлиқ ҳикоятни айтиб берди. Анвар эса нима қилишини билмай уялганидан йиғлаб юборди.
2-ўқувчи:
Анвар йиғлаб юборди…
19 март куни мактабимиз бўйича шанбалик уюштирилди. Барча ўқувчилар шанбаликка фаол қатнашиб, дарахтларнинг тагини юмшатдилар, оқладилар. Шанбаликка фақат Анвар келмай қолди. Эртасига ўқитувчимиз кечаги шанбалик ва меҳнат ҳамда унинг фойдалари ҳақида гапирди. Ўқитувчимиз яна «Дангаса бола» ҳақидаги ривоятни айтиб берган эди. Анвар ўрнида туриб ўзини кечиришини сўраб, йиғлаб юборди. Ўқитувчимиз эса айбини бўйнига олиш ҳам мардлик эканини айтиб, Анварни кечирди.
Шундай характердаги матнлар тузиб бўлингандан кейин ўқувчиларга бу матнлар таркибидаги феълларни топиш вазифа қилиб топширилади. Ўқувчилар ҳеч қийналмасдан ўзлари тузган матнлардаги феълларни топиб, таҳлил қилиб берадилар.
Бундан ташқари дарсликда берилган матнлар устида ишлаш ҳам яхши натижа беради. Дарс давомида дарсликда берилган матнларни ўқиш, уларни қайта ҳикоя қилиш, режа туздириш мумкин. Масалан, 4-синфнинг «Она тили» дарслигида шундай матн берилган:
224-машқ
Ибн Сино бир ҳафтадан кейин саройга келди. Дори-дармонлар беморга таъсир қилганини кўрди. Бинни Мансур ибн Синони очиқ чеҳра билан қарши олди. Табибга ўз миннатдорчилигини билдирди. Ибн Синога нимани истаса, шуни бермоқчи бўлди. Ибн Сино саройнинг кутубхонасида мутолаа қилиш учун ижозат сўради.
Подшо пулдан илмни афзал кўрган олимга кутубхонадан фойдаланишга рухсат берди.
Мана шу матнни ўқиб, кейин бу матнга режа тузиш вазифаси топширилади. Ўқувчилар матнга таҳминан қуйидагича режа тузадилар:
Р е ж а:
Ибн Сино - буюк табиб.
Бинни Мансур билан Ибн Синонинг суҳбати.
Ибн Синонинг подшодан сўраган илтимоси.
Ибн Сино - илм шайдоси.
Ана шу режа асосида ўқувчилар юқорида келтирилган матнни қайта ҳикоя қилиб берадилар. Шунда ўқувчиларга Ибн Сино ҳаёти, ижодий ва табиблик фаолияти ҳақида қўшимча саволлар ҳам бериш мумкин. Шундан кейин тузилган бу матндаги келишик қўшимчаларини аниқлаш, уларни таҳлил қилиш вазифаси топширилади.
Шунинг билан бирга бирор матнни бошлаб шуни давом эттиришни ҳам ўқувчиларга топшириш мумкин. Масалан, давом эттирилиши зарур бўлган матн таҳминан қуйидаги йўналишда бўлади:
Матн
Бугун якшанба. Шаҳлонинг онаси бозорга кетишдан олдин қизига уйларини артиб, тозалаб қўйишни топширди. Кейин…
Ўқувчилар шу матнни давом эттиришлари керак ва унга сарлавҳа топишлари лозим. Дарс давомида ўқувчилар томонидан тузилган матнлардан намуналар:
Do'stlaringiz bilan baham: |