Ташкилотда солиқ имтиёзларини танлашда ўзига хос хусусиятлари
Ўзи солиқ имтиёзлари нима ва у кимларга берилади? Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди.
Энди бевосита бугунги мавзуга ўтсак, юртимизда бугунги кунда аксарият тадбиркорлар иккита асосий ҳуқуқий шаклда тадбиркорлик фаолиятини юритишида, булар МЧЖ ва ЯТТ. Ушбу ҳолатда тадбиркорлар учун қандай солиқ имтиёзлари белгиланган?
МЧЖ ва ЯТТ солиқ имтиёзларининг ўзига хос хусусияти муҳокамаси. кейслар билан.
Биринчи навбатда ЯТТлар учун қонунчиликда назарда тутилган солиқ имтиёзларини кўриб чиқамиз. Ҳозирги кунда ЯТТлар учун Қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлаш бўйича 10 та, декларация асосида даромад солиғи бўйича 1 та, айланма даромадлар бўйича 1 та ва ижтимоий солиқ бўйича 5 та, жами 18 турдаги солиқ имтиёзлари мавжуд.
Бироқ, бундан барча ЯТТлар барча 17 та имтиёздан фойдаланиши мумкин деган маъно тушинилмайди, аксинча, ҳар бир якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолият тури ва бошқа омиллардан келиб чиқиб у ёки бу имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
Масалан, 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик маҳсулотларини (товарларини, хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишни амалга оширганида қатъий белгиланган миқдордаги солиқни тўлашдан озод этилади. Қонун матнидан шу маълум бўлади-ки, ушбу имтиёздан фақатгина хунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи ва “Хунарманд” уюшмасига аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланишлари мумкин.
Ёки бўлмаса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги фармонига кўра 2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун — бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўндирилиши белгиланган.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларида фаолиятини йўлга қўйган ЯТТлар, Мўйноқ туманида фаолият юритувчи ЯТТлар, Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида фаолият юритаётган, мактабгача таълим муассасаларини ташкил этган, онлайн касса назорат машиналари ёки виртуал касса ишлатишга ўтган, ва бошқа қонунда имтиёз тақдим этиш кўзда тутилган фаолият билан шуғулланувчи ЯТТлар қатъий белгиланган солиқ ставкалари, айланма даромад ва ижтимоий солиқлар бўйича имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.
Ушбу имтиёзларни барчасини бирма-бир гапиришга вақтимиз етмаслиги мумкин. Бу ерда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жой бу якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият тури, фаолият юритаётган ҳудуди ва бошқа омиллар туфайли бир ёки бир нечта солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.
Мисол учун сиз ЯТТ шаклида тадбиркорлик фаолиятини юритмоқчисиз, фаолият турини фарқи йўқ. Ўз фаолиятингизда сиз онлайн касса-назорат машиналаридан фойдаланишга қарор қилдингиз. Бу вазиятда сизга 2023 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига онлайн назорат-касса машинаси ҳамда виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқига эга бўласиз.
Бу ечим тадбиркорга қўшимча стимул беради, чунки ҳар қандай тадбиркорга имтиёз ёқиб тушади. Иккинчидан эса давлат учун ҳам фойдали битим ҳисобаланади. Чунки Онлайн КНМ лар орқали амалга оширилган фаолиятни назорат қилиш бирмунча осонроқ бўлади.
Энди МЧЖ лар учун баъзи бир имтиёзларни кўриб чиқсак. Ҳозирда МЧЖлар учун ҳудди ЯТТлар каби фаолият тури ва бошқа омиллар билан турли ҳил солиқ имтиёзлари жорий этилган.
Имтиёзларни ҳар бирини муҳокама қилиш учун анча вақт талаб этилади. Биз буни сизга бир мисолда тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. Мисол учун ҳусусий тиббиёт муассасаларини олсак. Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексига кўра тиббий ёрдамга ва санитария хизмати кўрсатишга доир хизматлар, ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш бўйича хизматлар, стоматологик хизматлар, шу жумладан тишларни протезлаш бўйича хизматлар ва санаторий-курорт, соғломлаштириш хизматларини, шунингдек бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилади.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 428-моддаси 2-қисмига мувофиқ
Соғлиқни сақлаш объектлари эгаллаган ерлар (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киради.
Бундан кўринадики, хусусий тиббиёт билан ўз эгалигидаги ерларда, шу жумладан ижара асосидаги бинолар жойлашган ерларда шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига ер солиғи бўйича ҳам кенг имтиёзлар тақдим этилган.
Кўриб турганимиздек тадбиркорлик фаолияти тури ва йўналишига, қолаверса замон ва истеъмолчи талабидан келиб чиқиб, ривожлантириш ва такомиллаштиришга муҳтож йўналиш ва соҳаларга босқичма-босқич солиқ имтиёзлари бериб борилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |