1.2-расм
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги улушининг ўсиб бориши (% ҳисобида)
Ушбу маълумотлар қишлоқ хўжалигида деҳқон ва фермер хўжаликларининг тармоқ ялпи маҳсулотида улушининг ўсиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бунга сабаб қишлоқ хўжалиги ширкат хўжаликларининг тугатилиши асосида кўплаб фермер ва ҳуқуқий шахс мақомидаги деҳқон хўжаликларининг ташкил этилишидир. Кичик тадбиркорлик субъектларининг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ролининг ортиб бораётганлигига қарамасдан уларнинг улуши анча пастдир. Бунга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган кичик корхоналарнинг қишлоқ жойларда ташкил этилиши жараёнининг анча суст амалга оширилаётганлиги сабаб бўлмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида аҳолининг иш билан бандлик даражаси ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. 2000 йилда уларда 4467,1 минг киши ишлаган бўлса, 2008 йилга келиб, ишловчилар сони 8024,1 минг кишига ўсди.
Кичик тадбиркорлик субъектлари аҳолини иш билан бандлигидаги улуши жиҳатидан ривожланган мамлакатлар даражасига яқинлашиб бормоқда. Масалан, юз кишидан кам ходимлар ишлайдиган компанияларда умумий иш билан банд аҳолининг АҚШда 40% дан кўпроғи, Данияда 60%, Италияда 70%и банддир. 500 кишидан кам ишловчилари бўлган корхоналарда эса бу кўрсаткич Бельгияда 60%дан кўпроқни, Японияда 70%ни, Португалияда 80%га яқинни ташкил этади.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг инвестицион фаоллиги ҳам ошмоқда. Уларнинг асосий капиталга киритилган инвестициялардаги улуши 1999-2008 йилларда 17,2%дан 22,2%га ўсди. Бу эса ишлаб чиқаришни янги техника ва технология билан қайта қуроллантириш асосида бозор талабларига мос, сифатли товарлар ишлаб чиқаришга имкон беради.
Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мамлакат ташқи савдо айланмасида, экспорт ва импортидаги улуши ҳам ўзгармоқда.
Иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари яхшиланиб бормоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги мавқеини янада ошириш учун қуйидаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир:
— кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш механизми янада ихчамлаштирилганлигини инобатга олиб, эндиликда улар рўйхатга олингандан сўнг то фаолиятини бошлагунига қадар бўладиган процедураларни аниқлаштириш;
— уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш;
— уларнинг молиявий, моддий-техника ресурслари билан таъминланишидаги муаммоларни ҳал қилиш;
— кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашдаги мавжуд муаммоларни ечиш ва ҳ.к.
Мамлакат иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг устувор ўрин олиши демократик жамият қуришда муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |