7.3.4.”Китоб ал-булдон”
Асар ижодкори ал-Яъқубий IХ асрда ўтган йирик географ тарихчи олимдир. Исми Абулаббос Аҳмад ибн Абу Яъқуб ибн Жаъфар ибн Ваҳб ибн Вадиҳ ал-Котиб ал-Аббосий бўлиб, у йирик мансабдор ҳонадонига мансубдур. Ал-Яъқубий Бағдодда туғилди, лекин умрининг кўп қисмини Арманистон, Хуросон, Фаластин, Миср ва Мағрибда ўтказди.
Ал-Яъқубийнинг икки йирик ва муҳим асари бизнинг замонамизгача етиб келган. Бири ”Китоб ал-булдон” (“Мамлакатлар ҳақида китоб”), иккинчиси эса “Тарих” номи билан машҳурдир.
”Китоб ал-булдон” (тахминан 891 йилда ёзилган) тўрт қисмдан иборат. Асарда араблар қўл остидаги мамлакатларнинг географик ҳолати, йирик шаҳарлар ва қалъалари, аҳолиси ва унинг асосий машғулоти, урф-одатлари, ўша мамлакатдан олинадиган хирожнинг умумий миқдори ҳақида қимматли маълумотлар келтирилади.
Ушбу асарнинг икки мўътабар қўлёзмаси Ғарбий Германия кутубхоналарида сақланмоқда. Китобнинг арабча матни голландиялик машҳур шарқшунос М.де Гуе (1836-1909 й.) томонидан 1892 йили Лейденда чоп этилган.
Ал-Яъқубийнинг иккинчи асари “Тарих” умумий тарих типида ёзилган бўлиб, Шарқ мамлакатлари, шунингдек Ўрта Осиёнинг VII-IX асрлардаги тарихи бўйияа муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, Одам Атодан исломгача бўлган ва мусулмон мамлакатлари тарихлари, яъни ўша мамлакатларда 873 йилгача содир бўлган воқеалар баён этилган.
“Тарих”нинг арабча матни 1883 йили голландиялик олим М.Т.Хаутсма (1851-1943 й.) томонидан чоп этилган.
7.3.5. “Китоб футуҳ ал-булдон ”
“Китоб футуҳ ал-булдон”(“Мамлакатларнинг забт этилиши”) IХ асрда ўтган йирик географ ва тарихчи олими Балазурий (ваф. 892 й.)нинг асаридир. Муаррих Мадоинийнинг шогирди бўлиб, унинг тўла исми Абубакр Аҳмад ибн Яхъё Жабир ал-Балазурий, асли эронлик Аббосийлардан ал-Мутаваккил (847-861 й.) ва ал-Мустаъин (862-866 й.) саройида тарбиячи бўлиб хизмат қилган.
Балазурий икки йирик асар “Китоб футуҳ ал-булдон” ва “Китоб алансоб ао-шариф”(“Шарофатли кишиларнинг насаблари ҳақида китоб”нинг муаллифидир.
“Китоб футуҳ ал-булдон” араб истилолари тарихи бўйича энг яхши асарлардан бири ҳисобланади. Фақат шу асарда арабларнинг халифа Усмон (644-656 й.) ва унинг Хуросондаги ноиби Абдуллоҳ ибн Амр даврида Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирганликлари ва Маймурғни (Самарқанд туманларидан бири) талаб қайтганликлари ҳақида маълумот бор.
Асарда араблар асоратига тушиб қолган мамлакатлар, уларнинг диққатга сазовор шаҳарлари ва осори-атиқалари, халқи, пул муомаласи, ундириладиган соликлар, шунингдек араб тилининг жорий қилиниши ҳақида ҳам қимматли маълумотларни учратамиз.
“Китоб футуҳ ал-булдон”нинг қисқартирилган таҳрири етиб келган, халос. Арабча матни де Гуе тарафидан 1866 йили Лейденда чоп этилган. Унинг инглизча таржимаси (таржимонлар Хитти ва Мурготтен) ҳам бор. Балазурийнинг ушбу асарининг тўлиқ нусхаси Ёқут ва Ибн ал-Асир асарлари учун манбалардан бири бўлиб хизмат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |