9.3. Туркий-ўзбек тилидаги манбалар хусусиятлари
Х-ХIV асрларга оид туркий тилдаги ёзма манбалар нисбатан кам сақланиб қолган. Мавжудлари эса ҳали муносиб тарзда манбашунослик нуқтаи-назаридан ўрганилиб, илмий муомалага киритилгани йўқ. Яъни у манбалар тарих илмида ўз ўрнини эгаллагани йўқ.
Х-ХIV асрларга оид туркий тилдаги ёзма манбалар тўғрисида шуни қайд этиш зарурки, уларда ҳам араб ва форс тилларидаги манбаларга хос умумий хусусиятлар ўхшаш десак бўлади. Ёзув хусусида туркий ва форс тили ҳарфлари айнан бир хил, яъни 32 ҳарфдан иборат.
Туркистон китоби тарихининг тадқиқотчиси Э.О.Охунжонов ўз илмий изланишларида ёзма манбадарни китобат тарихи нуқтаи назаридан очиб берган.
ХV асрдан бошлаб яратилган тарихий, бадиий ва илмий асарлар қўлёзмалари, китоблари биринчи навбатда ёзув, хат тури хусусиятлари, китобат фани, санъати жиҳатидан алоҳида юксак савияси, бадиий зийнатбезаклари билан ажралиб туради. Аксарият манбалар Темурийлар даврида Мир Али Табризий томонидан ихтиро қилинган энг гўзал настаълиқ хатида битилган.
Темурийлар ва Шайбонийлар даврида ҳамда кейинроқ яратилган қўлёзмалар асосан подшоҳ ва аъёнлар учун мўлжалланган. Мана шунинг учун ҳам улар китобат санъатининг шоҳ асарлари даражасида яратилган.
ХVIII-ХIХ асрлардаги ёзма манбалар қўлёзмаларини икки гуруҳга ажратиш мумкин. Бир гуруҳи – шоҳона қўлёзмалар. Иккинчи гуруҳи эса кенг жамоатчилик ва ўрта ҳол зиёлилар учун яратилган кўлёзмалар. Буларнинг ҳар бири матерал ва савия билан ажралиб туради. Иккинчи гуруҳ қўлёзма китобларида матн мазмунига ҳам эътибор берилган, лекин қўлёзма учун ишлатилган материаллар, зийнат ва безаклар ўрта миёна, баҳоли қудрат, аммо етарли санъат асари ва илм-фан учун бемалол фойдаланса бўладиган манба савиясида яратилган.
ХIХ асрда кўпроқ қўлёзмаларни ёзишда илм аҳли орасида хатти муллойи, талабалар хати ва янги ихтиро қилинган шикаста хати кенг тарқалдиким, шиддатли тараққиёт, айниқса тошбосма ва михбосма китобларнинг кўпайиши, анъанавий мўътабар қўлёзмаларини яратилишини камайишига олиб келди. Бу давр қўлёзмалар хусусиётлари китобат санъати нуқтаи назаридан олима Э.М.Исмоилова томонидан аниқланган ва унинг асарларида баён этилган.
Қўқон хонлиги тарихи манбалари хусусиятлари олимлардан Р.Н.Набиев, Ҳ.Н.Бобобеков, Ш.Воҳидов, Т.Бийсембиев ва бошқаларнинг тадқиқотларида таҳлил этилган.
ХIХ аср Хоразм тарихий асарлари қўлёзмалари Қ.Муниров ва Н.Комилов тадқиқотларида ўрганилган.
Юртимизда яратилган аксарият қўлёзмалар, хусусан Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондидагилар машҳур хаттот Абдуқодир Муродов томонидан тадқиқ этилган. Аммо шу пайтгача, туркий-ўзбек китоби тарихий манба сифатида алоҳида ўрганилмади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳали туркий тилдаги жаҳон қўлёзма фондларида мавжуд ёхма манбалар тўда аниқлангани ва илмий муомалага киритилгани йўқ. Мавжуд ва аниқланган ёзма манбалар юртимизнинг кўп асрлик узоқ тарихи, унинг бой ёзма маданиятидан гувоҳлик бериб, келажаги порлоқ эканлигига тўла ишонч уйғотади.
Do'stlaringiz bilan baham: |