8.3.26. “Равзат ус-сафо”
“Равзат ус-сафо” (“Cоф жаннат боғи”) ёки “Равзат ус-сафо фи сийрат ал-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо” (“Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги соф жаннат боғи”) номи билан машҳур бўлган асар умумий тарихга оиддир. Унинг муаллифи Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурхониддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Маҳмуд ал-Балхий бўлиб, асосан Мирхонд (1433-1497 йй.) номи билан машҳур.
Муаррихнинг ота-боболари асли Бухородандир. Мирхонднинг отаси саййид Бурхониддин Ховандшоҳ ҳам ўқимишли ва кенг маълумотли киши бўлиб, Темурийлар ҳукмронлиги даврида Балхга кетиб қолган ва ўша ерда вафот этган.
Мирхонд Балхда туғилган, лекин умрининг кўп қисмини Ҳиротда ўтказган. Унинг набираси Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Мирхонд Алишер Навоий билан учрашгунча турли илмлар билан шуғулланган, аммо биронтасида мутаъйин эмас эди. Тарихчи Алишер Навоий билан учрашгач, шоир ўзининг “Ихлосия” хонақоҳидан унга алоҳида хона ажратиб, шахсий кутубхонасидаги китоблардан фойдаланишга ижозат бериб, олимни умумий тарихга оид катта асар ёзишга ундаган, уни бу соҳада доимо моддий қўллаб турган. Аммо Мирхонд улкан асарини мукаммал тугата олмий, яъни еттинчи жилди ва жуғрофий илова материаллари йиғилган мусаввада ҳолида қолганида вафот этади. Унинг асарини набираси Ғиёсиддин Хондамир якунига етказади.
“Равзат ус-сафо” асарини яратишда Мирхонд қирқта муаллиф, яъни араб тилида ижод қилган ўн саккизта ва форс тилида ижод қилган йигирма иккита олим ижодига мурожаат қилган. Шак-шубҳасиз, бу асар замонавий тадқиқот даражасида яратилган тарихий ёдгорликдир.
Китоб муқаддима, хотима ва етти жилддан иборат:
Дунёнинг “яратилишидан” то Сосоний Яздижард III (632-651 йй.) давригача;
Муҳаммад пайғамбар ва халифаи Рошидин даври;
12 имом тарихи; Умавий ва Аббосий халифалари;
Аббосийлар билан замондош сулолалар;
Чингизхон ва унинг авлоди;
Амир Темур ва унинг авлоди то Султон Абу Саид вафотигача (1469 й.);
Cултон Ҳусайн ва унинг авлоди тарихи (1523 йилгача) баён этилган. Сўнгги 7- жилди мусаввадалигича қолиб кетган ва уни Хондамир тўлдириб, оққа кўчирган.
“Равзат ус-сафо” асарининг 1-6- жилдлари компиляция –бошқалар асаридаги маълумотлар асосида ёзилган бўлса-да, кўплаб манбалардан фойдаланиш асосида яратилгани учун бу қисми ҳам катта илмий қийматга эга. 6- жилднинг бир қисми ва 7- жилд янги маълумотлар ва муаллиф ўзи кўрган, билган ва шоҳиди бўлган воқеалар баёнидан бўлганлиги учун жуда катта аҳамиятга эга.
“Равзат ус-сафо” асарини энг машҳур ва манзур умумий тарихга оид форс тилидаги китоблардан бири деб баҳолаш мумкин, чунки биргина Тошкентдаги Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номли институт хазинасида унинг юздан зиёд мўътабар қўлёзмалари мавжуд. Ушбу улкан асарнинг ўзбек тилига таржимаси Хоразмда бир неча йиллар давомида етук таржимон, шоир ва тарихчилар Мунис ва Огаҳий иштироки ва раҳбарлигида амалгаоширилган.
Китоб матни 1845-1848 йиллари Бомбей, 1853-1857, 1960 йиллари Теҳрон, 1874-1883-1891 йиллари Лакҳнав шаҳарларида чоп этилгани ҳам асарнинг шуҳрати ва аҳамиятидан далолатдир.
Асардан айрим парчалар инглиз, француз, немис ва рус тилларига таржима қилиниб, чоп этилган. Бу китоб тўғрисида 1999 йили шарқшунос Маҳмуд Ҳасаний рисола эълон қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |