8.3.24. “Улуси арбаъ-йи Чингизий”
“Улуси арбаъ-йи Чингизий” (“Чингизийлар тўрт улуси” (тарихи) ёки “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) номли асар асосий муаллифларидан бири, унинг яратилиш ташаббускори ХУ асрда ўтган буюк олим, йирик давлат арбоби, Шоҳруҳ Мирзонинг ўғли Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекдир. У 1394 йил 22 мартида Амир Темурнинг Ироқ ва
Озарбайжонга қилган навбатдаги беш йиллик ҳарбий юриши вақтида Султония шаҳрида, Эрон Озарбайжонида туғилган. Амир Темур саройида ҳукм сурган анъанага кўра, шаҳзода соҳибқироннинг катта хотини Сароймулк хоним, Биби хонимнинг тарбиясига топширилади. Орадан бир йил чамаси вақт ўтгач, 1395 йили Амир Темур Сароймулк хоним ва набирасини Шоҳруҳга қўгиб Самарқандга жўнатади.
1398 йили Улуғбекка машҳур қиссахон, шоир ва олим, шайх Ориф Озарий (1382-1462 йй.) муаллиф этиб тайинланди ва у дастлабки асосий таълимни ана шу ажойиб шахсдан олди. Шаҳзода Амир Темурнинг бар қатор ҳарбий ҳаракатларида, 1399-1404 йиллари Туркия ва Сурияга қарши ўтказилган юришда, 1404-1405 йили Хитойга қарши уюштирилаётган юришда қатнашди.
Амир Темур 1405 йил 18 февралда вафот этгач, Мовароуннаҳр тахтини набираси Халил Султон зўрлик билан эгаллаб олди. Бу вақтда Улуғбек отаси Шоҳруҳ хизматида бўлди. 1409 йили Халил Султон ўз амирлари томонидан асир олингач, Шоҳруҳ Хуросондан Моваруннаҳрга келиб, Мирзо Улуғбекни Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳокими этиб тайинланди. У 1449 йил 25 октябригача бу мамлакатни бошқарди.
Мирзо Улуғбек йирик давлат арбоби, саркарда эди. Лекин у буюк олим ва илм-фан ҳамда маданият ҳомийси сифатида тенги йўқ эди. Самарқанд унинг даврида Шарқнинг йирик илм-фан ва маданият марказларидан бирига айланди.
Мирзо Улуғбек икки йирик асар яратди. Бири “Зижи жадиди кўрагоний” (“Кўрагонийнинг янги астрономик жадвали”) бўлиб, 1437 йили яратилган китобда илми нужумнинг назарий ва амалий масалалари қамраб олинган, ўша даврдаги энг юксак илмий жасорат ҳисобланган.
Олимнинг иккинчи асари “Улуси арбаъ-йи Чингизий” бўлиб, унда ХIIIХIV асрларда Мўғул империяси таркибига кирган мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий тарихи қисқа тарзда баён этилган. Китоб 1425 йилдан кейин тугалланган.
“Тарихи арбаъ улус” муқаддима ва тўрт қисмдан иборат. Муқаддимада ўрта асрларда тарихчилар ўртасида ҳукм сурган анъанага кўра, исломиятдан аввал ўтган пайғамбарлар, туркларнинг афсонавий ота-боболари ҳисобланган Ёфас ибн Нуҳ ва унинг фарзанди Туркхон, шунингдек, турк мўғул қабилалари ва Чингизхон тарихи баён этилган.
Биринчи қисм Улуғ юрт, яъни Мўғулистон ва Шимолий Хитой тарихи, Ўгадайхон (1227-1241 йй.), Чингизхоннинг учинчи ўғли давридан то Ариқ Буғо авлоди Ўрдой қоон замонигача юз берган воқеаларни ўз ичига олади.
Иккинчи қисмда Жўжи улуси, яъни Олтин Ўрда тарихи, Жўжихондан давридан то Шоҳруҳнинг замондоши бўлмиш Муҳаммадхон замонигача, ХIII-ХV асрнинг биринчи чораги тарихи баён этилган.
Учинчи қисмда Элхонийлар, яъни Эрон ҳамда Озарбайжоннинг ХIIIХIV асрлардаги тарихидан бахс юритилади.
Тўртинчи қисмда Чиғатой улусининг, Кошғар, Еттисур, Мовароуннаҳр, Шимолий Афғонистон ҳудудидаги ХIII-ХIV асрлардаги тарихи талқин этилган. Шуни ҳам айтиш керакки, муаллиф мазкур улусда ҳукмронлик қилган ҳар бир ҳукмдор хон устида қисқа ва алоҳида-алоҳида тўхталиб, уларнинг даврида содир бўлган воқеалардан энг муҳимларини юаён этган.
“Тарихи арбаъ улус” асарининг айрим қисмлари, хусусан унинг тўртинчи қисми, кўп жиҳатдан Шарафуддин Али Яздийнинг “Муқаддимайи Зафарнома”сига ўхшаб кетади. Лекин Улуғбек асари бирмунча мукаммалдир. Бундан ташқари, унда тўрт улус ўртасидаги сиёсий муносабатлар, “ўзбек” этнонимининг келиб чиқиш вақти хусусида ҳам қимматли маълумотларни учратамиз.
Ушбу китобнинг фақат қисқартирилган таҳрирининг тўрт мўътабар қўлёзмаси юизгача етиб келган. Уларнинг иккитаси Англияда, биттаси Ҳиндистонда ва тўртинчи нусхаси АҚШда сақланмоқда.
Мирзо Улуғбек тарихий асарининг инглизча таржимаси 1838 йили Майлс томонидан Англияда чоп этилган. Ўзбекча таржимаси Б.Аҳмедов, М.Ҳасаний ва Н.Норқуловлар бажарилиб, 1994 йили Тошкентда чоп этилди.
“Тарихи арбаъ улус” Марказий Осиё, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ХIII-ХIV асрлардаги тарихини, айниқса Чиғатой улуси тарихини ўрганишда муҳим манбалардан бири вазифасини ўташи мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |