5-мавзу. VI – VIII АСРЛАР ТАРИХИ МАНБАЛАРИ
Дарснинг мазмуни: VI-VII асрлардаги тарихий воқеалар акс этган Суғдий, Туркий ва Хитой манбалари тўғрисида маълумотлар келтиради.
Режа:
Муҳим сиёсий воқеалар.
Қадимги Турк манбалари.
Хитой манбалари.
Сўғд тилидаги манбалар.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун бериладиган саволлар.
Асосий тушунчалар: эфталийлар, хептал, ҳайтал, ей – да, и – да, руний ёзув, Суғд тили, бийиқ.
5.1. Муҳим сиёсий воқеалар
V-VI асрларда Ўзбекистон тарихи эфталийлар ва Эфталийлар давлати тарихи билан боғлиқдир. Тарихий манбалар, шунингдек, археологик қазишлар берган маълумотларга қараганда, Эфталийлар саклар ва масагетларнинг авлодларидир.
Эфталийлар жуда катта ҳудудда ўз ҳукмронликларини ўрнатдилар. Уларнинг давлатига Шарқий Туркистондан Каспий бўйларигача бўлган ерлар қарар эди. Эфталийлар милоднинг 457-йилида Чағаниён, Тохаристон ва Бадахшонни бўйсундиришга муваффақ бўлдилар. Эрон шоҳи сосоний Пируз (459-484 йй.) Эфталийларга қарши уч бор қўшин тортти, лекин унинг барча юришлари мағлубият билан якунланди. Бунинг устига Эрон Эфталийларга ўлпон тўлаб туришга мажбур бўлди. Шундан кейин Эфталийлар Марв ва Кобулни, орадан кўп вақт ўтмай, Шарқий Туркистонни ҳам бўйсундиришга муваффақ бўлдилар.
Эфталийлар Турон, Эроннинг шарқий туманлари, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ҳамда Шарқий Туркистон устидан ҳукм юргиздилар.
563-567- йиллари турк хоқони Истеми (Дизовул) Эрон ҳукмдорлари билан иттифоқ тузиб, Эфталийлар давлатига зарба берди ва уларга қарашли ерларни бўйсундиришга муваффақ бўлди. Натижада Турк хоқонлиги Амударё ва Орол денгизигача чўзилган ўлкалар устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатди. У1 асрнинг учинчи чорагида турклар Шимолий Хитойда жойлашган Чжау ва Ци давлатларини ҳам бўйсундирдилар, 576 йили Боспорни (Керчь) эгаладилар, 581 йили эса Херсонни қамал қилдилар.
VI аср ўрталарига бориб Турк хоқонлиги заминида илк катта ер эгалиги муносабатлари шакллана бошлади. Шунинг билан бир қаторда ўзаро урушлар кучайди ва бундан Суй империяси (581-618 йй.) ҳукмдорлари усталик билан фойдаландилар. Оқибатда Турк хоқонлиги икки қимга – Шарқий ва Гарбий турк хоқонлигига бўлиниб кетди.
Шарқий турк хоқонлиги Марказий Осиёда хоқон Шиби даврида (609619- йй.) Суй империяси билан кўп урушди ва ўз мустақиллигини сақлаб қолди. Хоқон Хелу (620-630- йй.) даврида ҳам бу кураш давом этди. Ўша йиллари турклар Хитойга 67 марта бостириб кирдилар. Бу даврда солиқлар кўпайди, меҳнаткаш халқнинг аҳволи оғирлашди. Хитой императорлари бундан усталик билан фойдаландилар ва Шарқий Турк хоқонлиги устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатилшга муваффақ бўлдилар. Лекин кўп ўтмай, турклар Хитой истибдодига қарши қўзғолон кўтардилар. Бунга дастлаб Элтариш қоон (Қутлуғ қоон), кейинчалик эса унинг маслаҳатчиси Тўнюқуқ бошчилик қилдилар. Натижада 681 йили Ғарбий турклар яна мустақилликни қўлга киритдилар. Хоқон Билга вафотидан (734 й.) кейин кучайиб кетган феодал курашлар натижасида Ғарбий турк хоқонлиги майда қисмларга бўлиниб кетди ва кейинчалик унинг ўрнига Уйғур хоқонлиги ташкил топди.
Ғарбий турк хоқонлиги ҳарбий сиёсий жиҳатдан бирмунча қудратли эди. У11 асрнинг ўрталарида унга Шарқий Туркистондан то Каспий денгизигача бўлган ерлар қарарди. Унинг ижтимоий-сиёсий томондан юксалишида Марв, Чоржўй, Бухоро, Самарқанд, Чоч, Испижоб каби шаҳарларнинг ўсиши ва Хитой, Эрон ҳамда Византия билан олиб борилган савдо-сотиқ ҳам сабаб бўлди. Манбаларда келтирилган маълумотларга қараганда, Ғарбий турк хоқонлиги пойтахти Суябда ҳар йили катта ярмаркалар ташкил этилиб, унда кўпгина хорижий мамлакатлардан келган савдогарлар ҳам қатнашган.
Ғарбий турк хоқонлигининг халқи хоқон Шаболо Хилиши ҳукмронлиги йиллари 10 тоифага бўлинган. Масалан, Чу дарёсининг ўнг тарафида истиқомат қилувчи халқлар Нушиби (5 тоифа), дарёнинг сўл соҳилида истиқомат қилувчилар эса Дулу (5 тоифа) деб аталган. Кўп ўтмай бу тоифалар ўзларининг мустақил давлатини тузиб олдилар. Бу ўзаро феодал курашнинг кучайишига олиб келди. Хитой қўшинлари бундан фойдаланиб, 658 йили Ғарбий турк хоқонлиги ерларига бостириб кирдилар, лекин уни тамоман бўйсундира олмадилар. Хоқон Ашина Худайдао уни яна тиклашга муваффақ бўлди. Бироқ катта ер эгалиги, ўзаро курашлар ва шимолдаги қўшни халқлар, хусусан қорлиқларнинг хуружлари натижасида хоқонлик инқирозга юз тутди. VIII асрнинг иккинчи ярмида ҳокимият тамоман қорлиқлар қўлига ўтди. Улар 766 йили Суябни босиб олдилар ва уни ўз пойтахтларига айлантирдилар.
Ғарбий турк хоқонлиги марказлашмаган давлат бўлиб, 15га яқин мустақил ҳокимликлардан, Сўғдда юэчжи халқидан чиққан жабғу, Бухорода маҳаллий бухорхудот, Фарғонада ихшидлар кабилардан ташкил топган эди.
Хоқонлик таркибига кирган халқлар бир қисми Сўғд, Хоразм,
Тохаристон, Фарғона деҳқончилик, шаҳар аҳолиси ҳунармандчилик ва савдосотиқ билан, унинг тоғли ва чўл туманларида истиқомат қилувчи катта қисми эса чорвачилик билан шуғулланган.
Араблар истилоси арафасида Ўзбекистон майда-майда давлатлардан иборат эди. Шарқ ва хитой тилларида ёзилган манбалар маълумотларига қараганда VIII аср бошларида юртимизда 15 яқин мустақил давлатлар бўлиб, буларнинг энг каттаси Хоразм, Сўғд, Бухоро, Чағониён, Тохаристон, Уструшона, Чоч ва Фарғона ҳисобланган. Уларнинг подшоҳлари жабғу (князь), худот, ихшид ва испаҳбед деб аталарди.
Араблар Ўзбекистон ҳудудига 674 йилдан бошлаб бостириб кира бошладилар. Босқинчи қўшинларга халифаликнинг Хуросондаги ноиби Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошчилик қилар эди. Ўшанда улар Пойкент ва Бухоро шаҳарлари ҳамда уларнинг теварак-атрофидаги туманларни талон-тарож қилдилар ва катта ўлжа (1 млн дирҳам пул, 4000 асир ва бошқалар) билан қайтдилар. Бундан кейин ҳам араблар Ўзбекистон устига кўп марта талончилик юришларини уюштирдилар.
705 йилдан бошлаб арабларнинг Ўзбекистон устига истилочилик юришлари кучайди. Бунга арабларнинг Хуросондаги янги ноиби Қутайба ибн Муслим (715 йили ҳозирги Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида, ҳозирги Шурунч мозор, аслида Қилич мозор темир йўл бекати ёнида ўлдирилган) бошчилик қилди.
Араб қўшини 706 йили Омул (Чоржўй), Замм (Карки), Бухоро ҳамда
Пойкент шаҳарларини, 709 йили эса Бухоронинг мустаҳкам қалъаларидан Шофурком (Варданза)ни, 710 йили эса Кеш ва Насафни забт этди. Бухоро, Сўғд, Варданза ва Фарғона ҳукмдорлари турклар билан қўшилиб араб истилочиларига қарши иттифоқ тузишга ҳаракат қилдилар, лекин ўзаро келишмовчиликлар ва иштилофлар иттифоқнинг мустаҳкамланишига йўл бермади. Қутайба бундан усталик билан фойдаланди ва улар билан бирмабир курашда ғалаба қозонди.
712 йили Қутайба ўзаро ички курашлардан фойдаланиб ҳиёнаткорона тарзда Хоразмни ҳам бўйсундирди. Самарқанд подшоҳи Ғурак (710-737-йй.) билан тузилган битим шартларига биноан Самарқанд ва Сўғдиёна халқи арабларга ҳар йили 2 миллион 200 минг дирҳам миқдорида ўлпон тўлаш ва араб қўшинига 100 минг киши тўплаб беришга мажбур этилди. 713-715 йиллари Қутайба Чоч (Тошкент) ҳамда Фарғона вилоятларини, шунингдек Еттисув ва Кошғаргача бўлган ерларни босиб олди.
Араб истилоси Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тараққиётига катта зарар етказди, кўплаб катта ва бой шаҳарларнинг кули кўкка совурилди, минг-минглаб кишиларнинг “ёстиғи қуриди”, Марв, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм кутубхоналарида сақланаётган жуда кўп ноёб асарлар йўқ қилинди.
Араб истилочилари маҳаллий халқларни ҳам мажбуран ислом динига киритдилар, меҳнаткашлар зиммасига оғир солиқлар ва жарималар – хирож, жизя, закот юклатилди, аҳолининг ярим мулки араб қўшини фойдасига мусодара қилинди.
Ўзбекистон халқлари араб истилочилари зулмига қарши бир неча бор қўзғолон кўтардилар. VIII асрнинг ўрталарида бўлган Исҳоқ турк қўхғолони, 769-776- йиллари бутун Мовароуннаҳрни ларзага солган Муқанна (783 йили ўлдирилган) бошчилигида бўлиб ўтган қўзғолон, 806 йили Рафиъ ибн Лайс бошчилигида Сўғдда бўлиб ўтган деҳқонлар қўзғолони шулар жумласидандир.
Араб халифалиги таркибига кирган халқларнинг иқтисодий ва маданий тараққиётидаги катта тафовут, уларнинг этник жиҳатдан бир хил эмаслиги, улар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг заифлиги, айниқса, ерсув ва бойликнинг тобора маҳаллий бошлиқлар қўлида тўплана бориши ва ниҳоят, маҳаллий аҳоли ва босқинчилар ўртасидаги зиддиятларнинг тобора кучайиб бориши халқ ҳаракатлари ва ўзаро курашни кучайтириб юборди. Бу ҳол, ўз навбатида, араб халифалигининг инқирозини тезлаштирди. IХ асрнинг биринчи чорагида унинг заминида мустақил маҳаллий давлатлар пайдо бўлди. Масалан, Мисрда Тулунийлар (868 й.), Табаристонда Алийлар (864 й.), Хуросонда Тоҳирийлар (821 й.), Сеистонда Саффорийлар (867 й.) ва ниҳоят, Мовароуннаҳрда Сомонийлар (819 й.) ҳокимият тепасига келдилар. Бошқа ўлкаларда ҳам шундай аҳвол юз берди. Қисқаси, 935 йилдан бошлаб Аббосийлар халифаликда ўз сиёсий мавқеларини тамоман йўқотдилар ва номигагина халифа бўлиб қолдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |